Оналарини уйга қамаб қўйган Ўзбекистон: гўдак билан қанча масофага эркин бориш мумкин?
Ўзбекистонда фарзандли бўлиш — аёл учун деярли уйдан чиқмаслик, истаган жойига бормаслик, истаган жойида боласи билан сайр қилмаслик, ҳатто ҳаракатланадиган яқин ора манзилларида ҳам қийинчиликларга дуч келиш дегани. Бир гап билан айтганда, Ўзбекистонда ёш болали оналарга жуда қийин.
Фарзандли бўлгач аёл уни парваришлаш учун деярли бутун вақтини уйда ўтказади. Унинг учун энг яхши вақт — фарзандини тоза ҳавода айлантириш пайти. У боласини «коляска»га солиб, маҳалласини, яқин атрофни айланиб келиши мумкин. Лекин «коляска» билан ҳаракатланиш осон эмас. Агар аёл ҳовлида яшаса, унда уйдан чиқиш муаммо бўлмайди. Лекин кўп қаватли уйларда ҳатто пастга тушиб олиш осон эмас. Аксар лифтли уйлар ҳам аравача билан кириб-чиқишга ноқулай қурилган. Лифтдан кейин ҳам 5-6 талик тик зиналардан болани кўтариб тушиш керакми ё аравачаними?
4-5 қаватли лифтсиз уйлардан бола билан пастга тушиш ундан ҳам қийин бўлса керак. Амаллаб аравачада болани пастга олиб тушиб бўлгач, энди маза қилиб сайр қилиш мумкин деб ўйлайсизми? Йўқ. Кўчаларда ўйдим-чуқурлар, зинали, махсус пандусли йўлаклар деярли йўқ.
Она боласи билан фақат ўз уйи атрофидаги яқин масофани айланиб келади холос. Метрода, автобусларда боласини аравачада олиб кетаётган аёлларни кўрганмисиз? Кўрган бўлсангиз ҳам, ёнида ҳамроҳи бўлса керак. Сабаби аравачалар учун мўлжалланмаган кўчалардан бекатгача, метро станцияларигача етиб олиш осон эмас. Буни кўп оналар тасдиқлайди.
Бундан ташқари, аксар жамоат жойларида она-бола хоналари ҳам йўқ. Бу энди алоҳида мавзу.
«Боламни ўғирлаб кетишса-чи, деб қўрқаман...»
Facebook ижтимоий тармоғида 7 минг аъзоси бор «Эмизикли оналар» гуруҳида айнан шу мавзуда оналар фикрини ўргандик. Кўпчилик боласи билан, асосан, уйда бўлишини, уни тоза ҳавога олиб чиқиш вақти (қуёшли пайт) уйда, асосан, ёлғиз ўзлари бўлишгани сабабли аравача билан чиқишга қийналишларини ёзишди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири ўзи яшайдиган ҳудуддаги дўкон, дорихоналарда пандус йўқлигини, шунинг учун жуда зарур бўлса ҳам уларга кира олмаслигини ёзган: «Ташқарида қолдириб кирсам, боламни ўғирлаб кетишади, деб қўрқаман».
- «Болам 3 ойлик бўлди. Деярли ҳеч қаерга бормаймиз. Чунки кўчада юриш — муаммо. Фақат экобозор ўйин майдончаси, ота-онамнинг уйи билан борадиган манзилларимиз чекланган»;
- «Баъзи дўконлар пандуси бўлса ҳам, унинг рўпарасига музлаткич қўйиб қўйишади»;
- «Янгиҳаёт туманида коттежда турамиз. Боламни коляскада олиб чиқсам бир кўчанинг у бошидан бу бошига бориб келаверамиз. Бу кўча ҳам машиналар учун мўлжалланган»;
- «Биз Тошкент вилоятида, қишлоқда яшаймиз. Жамоат транспорти йўқ, фақат «Дамас» қатнайди. Унда бола кўтариб бирор ерга бориб бўлмайди. Кўчаларимизда тротуарлар йўқ. Уйимиздан 3 метр наридан катта йўл ўтади, болалар чиқиб кетмасин деб дарвозаларни беркитиб ўтирамиз»;
- Биз 4 қаватли уйда турамиз. Коляскани биринчи қаватда қолдиришдан қўрқаман — ўғирлаб кетишади деб. Шунинг учун болам билан пастга жуда кам тушамиз»;
- «Пиёдалар ўтиш жойларидан «коляска» билан югуриб ўтаман»;
- «Мен Фарғонада яшайман. Ҳар сафар айланишга чиқсак, асабийлашаман. Йўллар қинғир-қийшиқ. Пиёдалар ўтиш жойларини айтмаса ҳам бўлади;
- «Мен ҳам қийналаман. Йўллар ноқулайлиги учун фақат битта йўлдан бориб-келамиз. Дўконга чиқиш ҳам қийин»;
- «Болани аравачасига ўтказиб узоққа бориш тугул зарурат учун уй атрофига чиқиш ҳам ноқулай. Пандуслар бор бўлсаям жуда тик, улардан аравача билан ўтишга одам қўрқади. Чет элда қанақа билмадим-у, лекин видеоларда уларда метроларда ҳам бемалол болаларини аравачаларда олиб юришларини кўрамиз, бизда эса метрога киришда пандуслар бўлсаям, ичкаридаги зиналарда йўқ»;
- «Андижонда керак бўлса, марказий кўчаларда ҳам «коляска»лар учун шароит йўқ. Шаҳардаги осма кўприкни қуришаётганда ҳам «туғдингми, уйда ўтир», деб қўлдан келганча қуриб қўяверишган»;
«Шаҳарда яшайдиган оналардаги вазиятни ўқиб, туманда туриб мен хафа бўлмасам бўларкан. Бизда йўллар асфальтсиз, ғадир-будур».
Чет элда ундай эмас
Айни пайтда турли давлатларда яшаётган ўзбекистонлик оналар ҳам ўзлари яшаб турган давлатда бола билан қандай ҳаракатланиш мумкинлиги ҳақида маълумот беришди.
Малика Зиёдуллаева, Жанубий Кореяда яшайди:
«Кореяда коляска билан юриш жуда қулай. Ҳар битта метро станцияси олдида пастга олиб тушадиган лифт бор. Автобусда ҳам аравачалар учун махсус жойлар бўлади».
Лобар Баҳодировна, АҚШда яшайди:
«Америкада янги маҳалла қурилса ва бутун маҳалла бўйлаб йўлакча қилинмаган бўлса, у ерда одам яшашига рухсат берилмайди. Ҳамма метро станцияларида болалар ва катталар аравачалари учун мўлжалланган махсус лифтлар бор».
Шодиябегим Шарофий, Францияда яшайди:
«Бу ерда болани аравачада олиб юриш жуда қулай. Уйимдан 15 км узоқликдаги савдо марказига ҳам бемалол болам билан бирга бориб кела оламан. Автобусларда аравачалар учун махсус жойлар бор».
Шаҳноза Самадова, Жанубий Кореяда яшайди:
«Кореяда ногиронлар аравачада истаган жойига бора олишади. Ҳар бир бинонинг кириш жойига аҳамият берилса, унда аравачалар ҳаракатланиши инобатга олинган. Метро ичида вагонларга киришда ҳам аравачалар учун шароит қилинган».
Аравачага ўтира олмаган қурувчилар
Яқинда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Янги Андижон шаҳридаги қурилиш ишларини кўздан кечириб, аравачалар учун ноқулай йўлакларда қурувчиларни аравачада юришга мажбурлаганди. Ҳали қурилиши тугамаган ҳудудда ҳам аравача билан юриш имкони йўқлиги қурилиш ташкилоти учун жуда уятли ҳолат.
Ҳудудларда инфраструктурага масъул одамларни аравачага ўтқазиш билан бирга қўлига болалар аравачаси ва бола бериб, қандай ҳаракатлана олишини танасида ҳис қилдириб кўриш керак.
Ҳатто пойтахтда кўчалар ўта ноқулай
Пойтахтнинг ўзида ҳам 2 қадам нарига қийналмасдан бориш имконсиз: йўлусти кўприкларига чиқиш учун ўрнатилган лифтлар аксар ҳолларда ишламайди, метронинг ичида пандуслар йўқ, текис ва аравачада юриш мумкин бўлган йўлакчалар деярли йўқ.
Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳридаги ижтимоий инфратузилма объектлари ва биноларнинг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун мослашмаган.
Kun.uz тайёрлаган мана бу репортажда аравача билан юриш иложсиз эканини кўриш мумкин. Ногиронлиги бор шахслар учун ноқулай шаҳар оналарнинг ҳам боласини эркин айлантириб, бирор манзилга қийналмай бориб келиш имкониятларини чеклаяпти, афсуски. Қисқача айтганда, ноқулайликлар оналарни уйга қамаб қўйяпти.
Уйда қолаётган оналар
Оналарнинг оғриқли муаммосини кўтарганимиз билан йўлларда тротуарлар қурилиб, уларнинг ҳаммаси бирданига оналар учун қулай бўлиб қолмайди. Бўлмаса, «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенцияси» ратификация қилинганига бир йилдан ошган бўлса ҳамки, шаҳарлар инфратузилмасида жиддий ўзгариш бўлгани йўқ.
Муаммо кўтарилгани билан масъуллар «ҳа, аёлларнинг шунақа муаммоси ҳам бор экан», деб ўйлаб қолишларига ишонч кам. Лекин улар билиб қўйишлари керак: уларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб қанчадан қанча оналар кўчада боласи билан эркин ҳаракатлана олмайди, уйда ёки уй атрофидан нарига ўтолмайди. Бу эса уларнинг кайфиятига, ижтимоийлашувига таъсир қилиши, стрессларга олиб келиши мумкин. Стрессли она қўлида катта бўлиши мумкин бўлган болажонлар учун эса улар ҳам жавобгар.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Мавзуга оид
21:31 / 06.11.2024
Германия муҳим инфратузилмалар ҳимоясини кучайтириш ниятида
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
18:26 / 16.09.2024
ИИБнинг шармандали “резултат”и ҳамда “ясалган” жиноят: хаста ва ҳимоясиз аёл қамоққа ташланди
15:31 / 08.09.2024