Ўзбекистон | 19:20 / 15.12.2022
13957
3 дақиқада ўқилади

Агриппина Шин: Тарбиячиларнинг маошини ошириш учун йилига 2,5 трлн сўм керак

Мактабгача таълим вазирининг айтишича, давлат боғчаларидаги тарбиячиларнинг маошини ҳеч бўлмаса бошланғич синф ўқитувчиларининг маоши билан тенглаштириш учун йилига 2,5 трлн сўм керак бўлади. “Ҳозирда бу масалани ҳам ўз ичига олган қонунчилик ҳужжатини ишлаб чиқяпмиз”, деди Шин.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва вазирлик масъуллари 14 декабр куни йил якуни бўйича матбуот анжумани ўтказди. Унда Kun.uz мухбири тарбиячилар олаётган ойлик иш ҳақи камлиги ва уни ошириш имкониятлари чеклангани ҳақида вазирга савол берди.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилда қабул қилинган 572-сонли қарорига кўра, малака тоифаларини олиш учун ўтказиладиган аттестация имтиҳонларига фақат олий маълумотли педагоглар жалб этилади. Олий маълумоти йўқ кадрлар эса шу имтиҳонларга жалб этилмагани сабабли малака тоифасини ололмайди. Малака тоифаси бўлмаса, уларнинг ойлиги ҳам ошмайди. Чунки маош масаласи тоифаларга боғлиқ. Нима сабаб шу масалани кўриб чиқиш учун вазирлик томонидан таклиф берилмайди?

— Жуда яхши масалани кўтардингиз. Дарҳақиқат, таълим тизимимиздаги давлат МТТларида ишлаётган педагогларнинг 37 фоизи олий маълумотли, нодавлат боғчаларда эса бу рақам 25 фоизни ташкил этади. Таълим сифати эса олий маълумотли ўқитувчилар сонига ҳам боғлиқ. Қишлоқларда ўрта махсус маълумотли педагогларимиз кўп. Ҳа, тўғри айтдингиз, ўрта махсус маълумотли педагогларнинг тоифаси йўқ.

Биз педагогика коллежини битирган барча битирувчиларимиз олий маълумотли бўлишини таъминлашдан манфаатдормиз. Шунинг учун бу борада бир нечта янгиликлар қилинмоқда, қилинди ҳам. Яъни амалиётга 2+2 ўқиш шакли жорий этилди. Педагогика коллежини битиришганидан кейин, тест эмас, суҳбат шаклидаги синовлардан ўтгач, ОТМнинг 2-босқичидан қабул қилинади. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Пучон университети, шунингдек, кейинги йилдан барча педагогика институтларига 2+2 тизими жорий этилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим йўналишида бакалавриат таълимини 4 йилдан 3 йилга қисқартирдик.

Маошлар масаласи ҳам жуда долзарб. Бу – Тошкент декларациясида кўтарилган 4 та масаладан бири, яъни мактабгача таълим тизими педагогларининг имижини ошириш. Имижни ошириш учун маошни ошириш керак.

Тарбиячиларнинг маошини ҳеч бўлмаганда бошланғич синф педагогларининг маошига етказиш учун қанча маблағ кераклигини ҳисоблаб чиққанимизда, бизга йилига 2,5 трлн сўм кераклиги маълум бўлди. Бу – катта сумма. Шунинг учун ҳозирда айнан шу масалаларни ўз ичига олган қонунчилик ҳужжатини ишлаб чиқяпмиз. Бу – энг оғриқли масала. Биз бу масалани кўтармаяпмиз, деб ўйлайсизми? Кўтаряпмиз. Ҳаммаси молиявий ресурсга бориб тақалади, дея жавоб берди Агриппина Шин.

Мавзуга оид