Ўзбекистон | 20:42 / 03.11.2023
51619
4 дақиқада ўқилади

2-тоифали ўқитувчининг ўртача ойлиги маълум қилинди

ИМВ департамент директори Адҳам Эшчанов матбуот анжуманида берилган саволга жавобан ҳозир тўлиқ ставкада ишлаб, 2 млн сўм ойлик олаётган ўқитувчи йўқлиги, тўлиқ ставкадаги 2-тоифали ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги 3 млн 700 минг сўм эканини айтди.

1 ноябр кунги матбуот анжуманида “Мактабларда ҳалигача 2 млн сўм ойлик олиб ишлаётган ўқитувчилар бор, уларнинг ойлик даромадини ошириш бўйича қандайдир ўзгаришлар тайёрланяптими?” деган савол билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмийларига мурожаат қилинди.

Вазирликнинг Ижтимоий соҳалар иқтисодиёти ва молияси департаменти директори Адҳам Эшчановнинг айтишича, айни пайтда тўлиқ бир ставкада ишлайдиган 2-тоифали (сон жиҳатдан энг кўп) ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги ҳам 3 млн 700 минг сўмни ташкил этади.

Унинг қўшимча қилишича, кейинги йил август ойидан боғчалардаги олий маълумотли тарбиячиларнинг ойлиги олий маълумотли ўқитувчиларнинг ойлигига тенглаштирилади.

“Ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлигини ошириш долзарб мавзу бўлиб турибди. 2017 йилдан кейин ўқитувчиларнинг ойлиги навбатдан ташқари 2018 ва 2019 йилларда икки босқичда 1,5 баробарга оширилди. Бугунги кунда 2-тоифали (улар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этади) ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги 3 млн 700 минг сўмни ташкил этади.

Тиббиёт ходимларида фаолияти мураккаблигидан келиб чиқиб ойлик белгиланади. Хусусан, айни пайтда энг оддий умумий амалиёт шифокорининг ўртача маоши 4 млн 900 минг сўмни ташкил этади. Айтилаётган 2 млн сўм ходимнинг ставкасидан келиб чиқиб белгиланган бўлиши мумкин, масалан, ўқитувчи ярим ставкада ишлаётган бўлса. Лекин 1 ставка ишлаётган ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам 2 млн сўм ойлик олмаяпти.

Мактабгача таълим ташкилотларида ойликлар мактаб ва тиббиёт соҳалариникидан орқада қолган. Шуни ҳисобга олиб, кейинги йил августдан олий маълумотли тарбиячиларнинг ойлигини олий маълумотли ўқитувчиларнинг ойлигига тенглаштириш назарда тутилган. Бу бўйича тегишли президент фармони ҳам қабул қилинган”, – деди Адҳам Эшчанов.

Ўқитувчи ва шифокорларнинг ўртача ойлик иш ҳақи қанча?

Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, сентябр ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 4,4 миллион сўмни ташкил этади. Соҳалар кесимида энг кам ойлик таълим соҳасида – 3 млн 43 минг сўм, соғлиқни сақлаш соҳасида эса 2 млн 917 минг сўм қайд этилган.

Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбати йилдан йилга пасайяпти:

  • 2021 йилда – 74,9 фоиз;
  • 2022 йилда – 69,7 фоиз;
  • 2023 йилда – 69 фоиз.

Шундай ҳолатни тиббиётда ҳам кузатиш мумкин. Тиббиёт соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбати қуйидагича пасаймоқда:

  • 2021 йилда – 70,1 фоиз;
  • 2022 йилда – 67,3 фоиз;
  • 2023 йилда – 66,2 фоиз.

Юқоридаги статистик маълумотлардан таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари йилдан йилга бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб бораётганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистонда охирги марта 2023 йилнинг 1 майида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилганди. Айни пайтда ўқитувчиларнинг лавозими ва малака даражасидан келиб чиқиб олаётган базавий маошлари миқдори қуйидагича:

  • ўрта махсус маълумотли ўқитувчи – 2 млн 575 минг 884 сўм;
  • олий маълумотли мутахассис ўқитувчи – 2 млн 755 минг 648 сўм;
  • иккинчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 85 минг 100 сўм;
  • биринчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 437 минг 741 сўм;
  • олий тоифали ўқитувчи – 3 млн 798 минг 941 сўм.

Мавзуга оид