Спорт | 10:04 / 15.12.2022
18450
4 дақиқада ўқилади

«Асосий таркибдаги ўрнимни бериб қўймайман» — Машарипов «Ан Наср»даги келажаги, ўйин услуби, Роналду ва 7-рақам ҳақида

«Ан Наср» клуби ҳамда Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда бир қатор саволларга жавоб берди.

Фото: Al Nassr FC

— Айни пайтда клубдаги ҳолатингиз: шартнома муддати, янги келишув, ижара масаласи бордир, балки. Асосий таркибдаги ўрнингизни йўқотиб қўймадингизми?

— Клубдаги ҳолатим жуда яхши. Жароҳатдан қайтганимдан сўнг Испания ва Саудия клубларига қарши икки ўртоқлик ўйини ўтказдик. Шу баҳслардан мураббийларнинг ишончига 70 фоиз кириб олдим. Испания клубига қарши ўйиндан кейин мураббийлар олдимга келиб, ҳаракатларимдан қониқаётганини айтишди. 

Бош мураббий Руди Гарсиянинг ишончи ошди. Ўрнимни йўқотиб қўймадим, асосий таркибга қайтиб олдим. 16 декабрда чемпионатда «Ар Риёд»га қарши ўйинимиз бор. Ўша баҳсда ҳам асосийда ўйнайман, Худо хоҳласа.

— «Ан Наср» амбицияларига кўра «Ал Ҳилол», «Ал Аҳли» ёки «Ал Иттиҳод» билан рақобат қила оладими? Баёнотлар, ҳаракатлар бордек, амалда-чи?

— Чемпионатда 2-ўринда кетяпмиз, «Аш Шабоб» пешқадам. Бу йил анча кучайдик. Мақсад — чемпионлик. Бунинг учун жамоада ҳамма нарса бор.

— Клуб Роналдуга таклиф юборгани ростми? Матбуотда айтилаётган 200 млн фунт ва 2,5 йиллик шартнома-чи? Сиз 7-рақамни айнан Криштиану учун бердингизми?

— Клуб Роналдуга таклиф билан чиққани рост. Таклиф қилинган пуллар миқдори ва шартнома муддати ҳам бор гап. Менга клуб раҳбарияти мурожаат қилди: «Жалолиддин, рақамингни олсак, хафа бўлмайсанми? Биз Роналдуга таклиф юбордик, у таклифни қабул қилса ва жамоага келишни ихтиёр қилса, унга бу рақамни бўшатиб қўймоқчимиз», — дейишди. Мен эса «Муаммо йўқ, менга 77-рақамни беринглар», — дедим. Агар Роналду таклифни қабул қилмаса, келаси мавсумдан яна 7-рақамда ўйнайвераман. 

У жамоага келса, бундан фақат хурсанд бўламан, чунки бу нафақат клуб ва Саудия футболи, балки мен учун ҳам катта воқелик бўлади. Бундай калибрдаги футболчи билан бирга тўп тепиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Очиғи, унинг келишини ўзим ҳам кутяпман. Бирга ўйнаш насиб қилса, ундан ўрганадиган нарсаларим кўп. Бу ривожланишимга ҳам ёрдам беради. Унинг «Наср»га келиши шахсан менинг карьерамдаги яна бир янги саҳифа бўлади.

— Ўйин услубингизни ўзгартиришга уринмаганмисиз? Кўпчилик сизни жамоа учун ўйнаш керак бўлган жойда ўзингизни ўйлашингиз, айрим ҳолларда вазиятларни кўкка совуришингизни танқид қилади. Характер бўйича максималист ва лидерсиз, бироқ ўйин борасида пасайиш бўмаяптими? Ўзингизга сезилмаяптими?

— Ўйин услубимни ўзгартириш ҳақида ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганман, ўйламайман ҳам. Услубим нафақат ўзимга, кўпчиликка ҳам ёқади. Қачон тўпни сақлаб туриш, қаерда узатишни жуда яхши биламан. Четда ўтириб гапириш осон, майдонда ўйнайдиган — бизлар. Асосий ўйинларда ҳеч қачон тўпни узоқ сақлаб турмайман, чунки кичик деталлар ҳам баҳс масаласини ҳал қилади. Ўйлайманки, ўйинимни ўзгартиришим шарт эмас. Шу услубим билан ёшликдан ўйнаб келдим, бир неча бор Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ғолиб чиқдим, энг яхши футболчи бўлдим.

Менда «пижон»лик характери йўқ. Четдан шунақа кўриниши мумкин. Аммо аслида унақа эмас. Ўзимни кўп таҳлил қиламан. 

Ўзбекмиз — осонликча таслим бўлмаймиз. Менинг характерим ҳам шундай. Шукр, ўтган икки ўйинда ўз даражамни кўрсата олдим. Буёғига ҳам шунақа бўлади, ҳеч қачон жойимни осонлик бериб қўймайман.

 Бобур Акмалов суҳбатлашди

Мавзуга оид