Жаҳон | 10:45 / 21.12.2022
9901
2 дақиқада ўқилади

АҚШда қора танли аёлни ўлдирган полициячи 11 йилга қамалди

2019 йилда полициячи қора танли қизни ўз уйида ўғри деб адашиб қабул қилиб ўлдирган. У одам ўлдиришда айбдор деб топилди.

Аарон Дин / Фото: AP

2019 йил октябр ойида қора танли аёлни ўз уйи деразасидан отиб ўлдирган Техас полицияси собиқ ходими Аарон Дин 11 йил-у 10 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар бермоқда NBC 20 декабрь, сешанба куни.

Собиқ полициячи ҳакамлар ҳайъати томонидан одам ўлдиришда айбланган. Шу билан бирга, ҳакамлар ҳайъати 13 соатлик муҳокамадан сўнг уни қасддан одам ўлдиришда айбдор деб топмади. Бу айблов бўйича Динга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин эди, деб ёзади NBC.

Воқеа 2019 йилда содир бўлган. Очиқ эшикни пайқаган қўшнилар 28 ёшли қора танли қиз Ататьяна Жефферсоннинг уйига полицияни чақиришган. Диннинг олдида ўрнатилган камера видеосидан кўринишича, у фонарча билан уй атрофини текшираётганда, уй деразасида аёл шарпасини пайқаган. Полициячи «қўлларингизни кўрсатинг» деб қичқирган, шундан сўнг дераза ортидаги кишига қарата бир марта ўқ узган.

Жефферсон полиция чақирилган вақтда жияни билан видео-ўйин ўйнаётган бўлган, у уйдаги ҳавони алмаштириш учун эшикни очиб қўйган. Кўчада шовқин-суронни эшитиб ва бу полиция эканини билмай, у тўппончани олган ҳамда дераза олдига борган, у ерда эса ўлдирилган.

Суд жараёнида Дин Жефферсоннинг қўлидаги қуролни отишдан олдин кўрган ёки кўрмаганлиги ҳақида баҳс пайдо бўлди. Прокурорлар бу ҳақда ҳеч қандай далил йўқлигини айтишди, аммо Диннинг адвокатлари у ўзини ҳимоя қилиш учун ўқ узганини билдирди. Судда Диннинг ўзи уйда бўлаётган нарсаларни ўғрилик деб қабул қилганини айтди.

"Мен тўппончага тўғри қараб тургандим, бу тўппонча менга қараб бурилганини кўриб, хизмат қуролимдан бир марта ўқ уздим", деди у. Дин воқеадан кўп ўтмай, ҳибсга олинишидан олдин полициядан бўшаган.

Мавзуга оид