Ўзбекистон | 15:12 / 21.12.2022
10089
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний ўрдак овлаганлар ушланди

Фото: KUN.UZ

Бўзсув каналининг Чилонзор туманидан оқиб ўтувчи қисмида ноқонуний ўрдак овлаганлар ушланди. Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

“Давлат экология қўмитасига Бўзсув каналининг Чилонзор туманидан оқиб ўтган қисмида ўрдаклар овланаётгани бўйича мурожаат келиб тушди.

Мурожаатга асосан Давлат экология қўмитаси, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Экопатрул ходимлари айтилган манзилга тезкорлик билан етиб боришди.

Ўрганиш давомида мурожаат ўз тасдиғини топди, яъни фуқаро Х.Ф. ўзига тегишли бўлган ов қуроли билан бир бош ўрдак овлагани ва Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузгани аниқланди. Хусусан, ушбу қонуннинг 9-моддасига мувофиқ аҳоли пунктларининг ерлари ва шаҳарлар атрофидаги яшил зоналар ов қилиш жойлари ҳисобланмайди.

Аниқланган ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ов қуроли бўйича далолатнома тузилиб, Тошкент шаҳар ИИБга топширилди”, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, воқеага гувоҳ бўлганлар фуқаро Х.Ф. билан биргаликда унинг шериклари ҳам бўлгани, улар ҳам ўнга яқин ўрдак овлашгани аммо воқеа жойини тарк этишга улгурганини маълум қилган. Шунга асосан айни вақтда қўшимча суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Мавзуга оид