Жамият | 12:58
2053
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ноқонуний ов натижасида табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди

Қоровулбозор туманида олиб борилган рейд давомида 4 нафар фуқаро электр қармоқ ёрдамида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 20 дона Туркистон мўйловдори ҳамда 25 дона зоғора балиғини овлагани аниқланди. 

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тезкор гуруҳ ходимлари томонидан навбатдаги тунги назорат рейд тадбири ўтказилди.

Қоровулбозор тумани ҳудудида олиб борилган рейд давомида Жондор туманида яшовчи 4 нафар фуқаро электр қармоқ ёрдамида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 20 дона Туркистон мўйловдори ҳамда 25 дона зоғора балиғини овлагани аниқланди. Улар балиқларни олиб кетаётганида тезкор гуруҳ ходимлари томонидан тўхтатилди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 1 млрд 603 млн 125 минг сўм зарар етказилган.

Маълумот учун, Қизил китобга киритилган 20 дона Туркистон мўйловдорининг ҳар бири учун 26 миллион 250 минг сўм, жами 525 миллион сўм зарар ҳисобланган. 25 дона зоғора балиқнинг ҳар бир донаси учун 375 минг сўм, жами  9 миллион 375 минг сўм зарар ҳисобланган. Балиқлар тақиқланган электр қармоқ ёрдамида овланганлиги учун зарарлар 3 бараварга кўпайтирилган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида прокуратура органларига тақдим этилган.

Мавзуга оид