Жаҳон | 11:46 / 23.12.2022
8922
3 дақиқада ўқилади

FTX асосчиси АҚШ тарихидаги энг йирик гаров эвазига озод қилинди

Сэм Бэнкман-Фрид 250 миллион доллар гаров эвазига озод қилинди. Банкрот бўлган FTX криптовалюта биржаси асосчиси ота-онасининг Пало-Альтодаги қароргоҳида уй қамоғида қолади.

Фото: Getty Images

Банкрот бўлган FTX криптовалюта биржаси асосчиси ва собиқ бош директори 30 ёшли Сэм Бэнкман-Фрид 250 миллион доллар (236 миллион евро) гаров ва ота-онасининг Калифорниядаги Пало-Альто қароргоҳида уй қамоғида қолиш кафолати эвазига озод қилинди. 22 декабрь, пайшанба куни Манхэттендаги Федерал судда прокурор ёрдамчиси Николас Роос таъкидлаганидек, бу АҚШда судгача бўлган босқичда федерал даражада эълон қилинган энг йирик гаровдир. Бэнкман-Фрид «эпик миқёсда» фирибгарликда гумон қилинмоқда, дея қўшимча қилди Роос.

Прокурор ёрдамчисининг айтишича, гаров фойдасига муҳим далил ўтган ҳафта Багам оролларида Вашингтон илтимосига кўра ҳибсга олинган тадбиркорнинг АҚШга экстрадиция қилинишига рози бўлгани бўлди. Тадбиркорга электрон билагузук бириктирилган. Кафолат шартлари унга АҚШда ҳукумат ёки суд рухсатисиз кредит линияларини очиш, янги бизнес очиш ва 1000 доллардан (944 евро) ортиқ молиявий операцияларни амалга оширишни тақиқлайди.

Бэнкман-Фриднинг икки энг яқин бизнес шеригига ҳам айблов қўйилди ва улар аллақачон айбига иқрор бўлган, деб хабар берди AP. Хусусан, Бэнкман-Фрид савдо фирмаси Alameda Research'нинг собиқ ижрочи директори Кэролин Эллисон ва FTX асосчиларидан бири Гэри Ванг фирибгарлик қимматли қоғозлар ва товарлар билан содир этилганлигини тан олдилар.

Ноябрь ойи бошида FTX Twitter'да банкротлик тўғрисида ариза бергани, бош директор Бэнкман-Фрид эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Бу АҚШ тарихидаги энг йирик ишлардан бирига айланди. Камида бир миллион мижоз ўз маблағларидан маҳрум бўлди.

АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси FTX криптовалюта биржасининг собиқ раҳбари ва асосчиси Сэм Бэнкман-Фридни «инвесторларни алдаш схемасини ташкил этишда» айблади.

Сентябрь ойида Forbes бизнесменнинг бойлигини 17,2 миллиард доллар (16,2 миллиард евро) деб баҳолади ҳамда FTX биржаси ва Alameda Research компанияси туфайли криптовалюта бизнеси билан шуғулланувчи энг бой тадбиркорлардан бири деб атади. Бэнкман-Фрид Стэнфорд университетида дарс берган икки ҳуқуқ профессорининг ўғли.

Мавзуга оид