Ўзбекистон | 13:29 / 25.12.2022
47784
4 дақиқада ўқилади

Зўр кабобнинг сири: амирлар замонидан буён кабобпазлик қилаётган сулола вакиллари билан суҳбат

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида шашликчилар сулоласи бор. Уларнинг аждодлари амирлар давридан бери кабобпазлик қилиб келади. Kun.uz сулоланинг энг кекса вакили Хайрулло бобо хонадонида бўлиб, «донғи кетган» ғиждувонча шашлик тайёрлаш сирларига қизиқди.  

Хайрулло Муҳаммедов шашликчилар сулоласининг энг кекса вакили. 61 ёшли отахон 12 ёшидан бери шашлик пиширади. Унинг катта боболари, амакилари, ўғиллари ҳам шу ишнинг ҳадисини олган кишилар. Ҳозир шашликчилар сафи кенгайиб, набиралари ҳам шу ҳунарга қизиқа бошлаяпти. Унинг айтишича, бу ҳунар уларга қондан ўтади.

«Катта боболаримиз амирлар даврида ҳам шашалик пиширган. Отам мени ёки мен ўғилларимни бу ҳунарни қилишга мажбурламаганмиз. Кичиклигимиздан шу муҳит ичида юриб, меҳримиз тушган. Ўзим ҳам мактабдан қочиб келиб, шашлик пиширишга қизиққанман, мактабда ўқимаган бўлсам ҳам Аллоҳдан хафа эмасман. Чунки ҳамма ҳам илмли бўлолмайди, кимдир касб ўрганади. Кимдир олим, кимдир шифокор, кимдир милиционер, биз эса шу ишнинг нонини еб катта бўлганмиз», — дейди Хайрулла бобо.

Шашлик пишириладиган чойхонани ҳам отаси номига «Юсуфустозода» деб қўйишган. Бу ердан хўрандалар оёғи узилмайди. Чойхонада сўрилар қилиб қўйилган, беданалар овози билан ҳақиқий ўтган асрлар нафаси сезилиб туради. Шунинг учунми, бу кабобларнинг хўрандалари фақат ўзбекистонликлар эмас. Хайрулло бобо хонадонига хориждан ҳам меҳмонлар келади. Шашликни сайёҳлар кўз ўнгида пишириб кўрсатишади. Хорижликлар орасида қизиқадиганлар бўлса, биргалашиб тайёрлашади.

«Шу билан туманимизга кўпроқ туристларни жалб қилишни истаймиз», — дейди кабобпаз.

Хайрулло бобо пиширадиган шашлик турлари 20 хилдан ортиқ. Бу ҳақда унинг ўғли, сулоланинг 5-авлоди Ҳабибулло Юсупов гапириб берди.

«Бу ерда қўй гўшти, жигардан, гўштнинг лаҳм жойидан, қовурғалардан кабоблар бор. Шунингдек, рулет, наполеон, семечка шашлик, сабзавотли шашлик каби бир неча турларини ҳам тайёрлаймиз. Мижоз истагига қараб, пишириб бераверамиз», — дейди Ҳабибулло.

Хайрулло бободан шашлик бундай мазали чиқишининг сири нимада экани ҳақида сўрадик. Шашликпаз эса «ҳалоллик» деб жавоб берди.

«Аввало Аллоҳдан, кейин пирлар мададкор бўлишини сўраймиз. Яхши шашликнинг сири қассоб ҳам, гўшт ҳам бўлиши мумкин. Ёки об-ҳаводанми, билмадим. Бу иш асосан ҳалоллик хоҳлайди. Гўшт ҳалол бўлса, ризқимиз ҳалол бўлади. Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади», — дейди у.

Кабобпаз гўштни танлай олиш ундаги туғма талантлиги ҳақида айтади.  Шашлик деганни ҳам ўзи бўлмайди. Юмшоқ жойини олиб, тоза қилиб, маринадлаб, ҳаммасини ювгандан кейин шашлик қилса бўлар экан.

«Энг ширин гўшт бу — жуда катта ҳам, кичик ҳам бўлмаган 150-200 кило тош босувчи ғунажинники бўлади. Молнинг ён, қўлтиқ томонлари юмшоқ бўлади. Сони сал қаттиқроқ бўлади», — дейди у.

Хайрулло бобонинг 47дан ортиқ шогирдлари бўлиб, уларнинг айримлари Тошкент, Зарафшон шаҳарларида, шунингдек, дунёнинг Туркия, Россия давлатларида кабобпазлик қилиб, ўз ресторанларини очган.

«Яна шогирд келаман деса, бош устига қабул қиламиз. Ҳеч ким касбини ўзи билан олиб кетмайди. Ўрганиб менга, бобомга раҳмат деса, дуо қилса бўлди», — дейди Хайрулло бобо.

У бу касбни ўзида хоҳиш бўлган одам тахминан 2 йилда пухта ўрганиши мумкинлигини айтади.

«Агар ўрганувчининг ўзи истамаса, мен мажбурлолмайман. Биз супуриш, тозалик, пиёз арчиш, сихларни ювиш, кўмир солиш, ғўштни тўғрашдан бошлаб ўргатамиз. Шу пайтгача чиқарган шогирдларимнинг ҳаммаси ҳурмат қилади. Устозжон, акажон деб келишади. Дунёдан ўтиб, қайтиб туғилсам ҳам яна шу ҳунарни танлаган бўлардим», — дея сўзини мамнунлик билан якунлади Хайрулло бобо.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид