Ўзбекистон | 21:54 / 29.12.2022
31360
2 дақиқада ўқилади

Бухорода қулаб тушгани айтилган кўп қаватли бино бўйича изоҳ берилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 3 дона, Қурилиш вазирлиги эса 5 дона плита қулаб тушганини билдирган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қурувчи жавобгарликка тортилиб, қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.

Фото: Қурилиш вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида кўп қаватли уй қулаб тушгани ҳақида хабар тарқалди. Қурилиш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.  

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Бухоро шаҳри Ибн Сино кўчасида қурилаётган 7 қаватли уйнинг 7-қавати оралиқ қисмида бўлган 3 дона бетон плита қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Маълум қилинишича, бино 5-қаватга қадар пишиқ ғишт, олтинчи ва еттинчи қаватлари газоблок териш йўли билан қурилган.

Қурилиши якунланмаган бинонинг 7-қавати том ёпмаси бетон плиталари остида бўлган темир бетон-тўсинда ортиқча юкланиш берилиши сабабли бузилиш юзага келган. Бинонинг асосий қисми, олтинчи қават темир-бетон тўсинлари ва бетон плиталар мустаҳкамлик даражасини йўқотмаган, шу вақтнинг ўзида қурувчи томонидан эгилган бетон плиталар хавфсиз жойга туширилиб, хавф бартараф этилган.  

Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, Бухоро шаҳар Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси ёқасидаги бинонинг 7-қаватида тўсинларга таянган 5 та плита тушиб кетган. Бунинг сабаби бинонинг асосий юк кўтарувчи конструкцияси раманинг тўсин қисмлари маҳаллий қум-шағал аралашмасидан тайёрланиб, қуйма бетондан бажарилган. Қолаверса, бетон ишлари қурилиш майдонининг ўзида қум-цемент нисбатига амал қилинмасдан, таваккалчиликка асосланган ҳолда тайёрланган, тўсинлар етарлича мустаҳкамлик даражасига эга бўлмасдан туриб, унинг остидаги ёғочли таянч устунчалари олиб ташланган.

 Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан қурилиш талаблари бузилгани учун фуқаро А.Сайфиддинов жавобгарликка тортилиб, қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тезкор тергов гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид