Фан-техника | 20:28 / 30.12.2022
79607
3 дақиқада ўқилади

Telegram 2022 йилдаги якуний янгиланишни чиқарди 

Тасвирни яшириш, хотирани бошқариш, ўзганинг профилига расм қўйиш, янги эможилар ва бошқа кўплаб янгиликлар таклиф қилинмоқда. 

Фото: Никита Попов

Telegram 2022 йилда яна бир янгиланишни чиқаришга муваффақ бўлди. Энг эътиборга молик янги хусусиятлардан бири бу медиа файлларни спойлер билан яшириш имкониятидир. Яширин тасвирни кўриш учун уни босиш керак бўлади. Илгари буни фақат матн билан қилиш мумкин эди. 

Мессенжернинг янги версияси хотирани бошқаришнинг янада нозик созламаларини таклиф қилади: турли тоифадаги чатларнинг (шахсий хабарлар, гуруҳлар ва каналлар) файллар кэшидан автоматик ўчиришни созлаш мумкин ёки баъзи чатларни истиснога қўшиш мумкин. 

Хотирада эгаллаб турилган жой визуализацияси ҳам қайта ишлаб чиқилган: энди ҳамма нарса доиравий диаграммада кўрсатилади.  

Шу билан бирга, iOS қурилмаларида эгаллаб турилган жойни ҳисоблаш тезлаштирилган (Android қурилмаларида бу жараён тезкор эди). 

Яна бир янги хусусият — контакт учун профил расмларини қўшиш. Энди сиз бошқа бировнинг профили қандай кўринишини танлашингиз, унга сурат қўйишингиз мумкин, лекин бошқа фойдаланувчилар уни кўрмайди. Агар сизга сурат ёқса, уни профил эгасига таклиф қилишингиз ҳам мумкин. 

Шунингдек, шахсий профил расмини баъзи фойдаланувчилардан яшириш имконияти ҳам берилмоқда. Бунда барча учун умумий кўрсатиладиган расмни юклаш ҳам мумкин. Профил фотосурати учун тўлиқ махфийлик ҳам жорий этилган. «Менинг суратимни ким кўра олади?» - энди «Ҳеч ким» опциясини танлаб, алоҳида фойдаланувчилар ёки бутун гуруҳларни истиснолар рўйхатига қўшиш мумкин. 

Шунингдек, янгиликлар рўйхатида:

- Тасвирларни таҳрирлаш, чизиш, фотосуратлар ва видеоларга матн қўшиш учун янги воситалар;

- Бошқа саҳифаларга ва чатда юқорига кўтарилган хабарларга ўтишда янги анимациялар (фақат Android қурилмаларида).

- Premium аъзолари учун 10 та янги анимацион эможи тўплами.

- 🎅🏼🎄⛄💅🗿🆒🤪 эможилари энди интерактив режимга эга (бу ишлаши учун эможини чатга юбориш ва устига босиш керак).

- Бундан ташқари, юқоридаги эможилардан энди постларга муносабат сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. 

Янги функцияларга эга бўлиш учун иловани янгилаш талаб этилади. 

Мавзуга оид