Навоийда шамол электр станцияси қуриш лойиҳаси йилнинг энг яхши битими деб топилди
Masdar компаниясининг Навоий вилоятида электр станциясини қуриш лойиҳаси Марказий Осиёда йилнинг энг яхши битими деб топилди.
Бирлашган Араб Амирликлари Masdar компаниясининг Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси PFI Awards томонидан Марказий Осиёда йилнинг энг яхши битими деб топилди. Бу ҳақда PFI Awards ҳисоботига таянган ҳолда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
PFI Awards (Project Finance International) лойиҳаларни молиялаштириш соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири бўлиб, ҳар йили Европа, АҚШ, Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича энг яхши операциялар учун берилади.
Электр станциясини қуриш лойиҳаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва «Masdar» компанияси ўртасида тузилган Инвестиция шартномаси шартлари асосида амалга оширилмоқда.
Шартнома Masdar компаниясига 25 йил давомида электр станциясини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш ҳуқуқини беради.
Лойиҳани амалга ошириш учун 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши режалаштирилган. Электр станцияси ишга туширилгач, йилига 545 миллион куб метр табиий газ тежалади ва карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириб, йилига 500 минг хонадоннинг истеъмолига тенг бўлган 1,6 млрд КВт-с электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2026 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш бўйича белгиланган вазифаларни ҳал этишга қаратилган.
Мавзуга оид
11:54
Masdar Ўзбекистонда яна бир шамол электр станцияси қуради
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024