Жаҳон | 08:32 / 17.01.2023
4729
3 дақиқада ўқилади

Бербок Россия раҳбарияти учун махсус трибунал тузишга чақирди

Анналена Бербок Ҳаагада Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги даврида содир этилган жиноятларни тергов қилиш учун махсус трибунал ташкил этишни таклиф қилди. У ХЖСга қўшимча бўлиши керак.

Фото: EPA

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок «Россиянинг Украинага қарши агрессияси жараёнида содир этилган жиноятларни тергов қилиш учун махсус трибунал» ташкил этишни таклиф қилди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан биргаликда «Россия раҳбариятига нисбатан терговни бошлайдиган ва уни жавобгарликка тортадиган» махсус трибунал яратиш имконияти муҳокама қилинди, деди Бербок 16 январь, душанба куни Ҳаагадаги Халқаро ҳуқуқ академиясида сўзлаган нутқида. 

«Бу Украина жиноят кодексига асосланган судга айланиши мумкин», деди Бербок ва «халқаро элементлар» билан тўлдирилиши ҳамда Украинадан ташқарида жойлашиши, «ҳамкорларнинг молиявий кўмаги» билан яратилиши, «холислиги ва қонунийлигини таъминлаш учун турли мамлакатлар прокурорлар ва судьялари» томонидан ташкил этилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Кейинчалик Германия Ташқи ишлар вазирлиги Twitter'да қўшимча қилганидек, Ҳаагадаги янги махсус трибунал «ҳуқуқий нормалардаги бўшлиқ туфайли ҳаракат қила олмайдиган ҳолларда Халқаро жиноий судга қўшимча бўлиши керак». Германия «Украинага бундай махсус трибунални яратишда халқаро ёрдам кўрсатишга интилмоқда», деб Бербок сўзларини келтирган Германия ТИВ.

Германия вазирининг сўзларига кўра, гап «жабрланганлар учун, Буча, Харкив ва Мариуполдаги зўрлаш, ўғирлаш ва қотиллик қурбонлари учун адолат ўрнатиш ҳақида кетмоқда, бусиз тинчлик ўрнатиш мумкин эмас».

Бундан ташқари, германиялик сиёсатчи Ҳаагадаги Халқаро жиноий судни ташкил этган Рим статутини ислоҳ қилиш тарафдори эканини айтди.

Бербокнинг сўзларига кўра, ХЖСнинг ҳуқуқий базаси келажакда «тажовуз» жинояти бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўладиган тарзда ўзгартирилиши керак. Бунинг учун, агар ҳужум қилинган давлат ХЖС юрисдикциясига кирса, бу етарли бўлиши лозим. Агрессия «худди геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари каби» таъқиб қилиниши керак, деди у. Рим статути 1998 йилда қабул қилинган ва 2010 йилда унга ўзгартиришлар киритилган.

Мавзуга оид