«Қатаргейт»дан кейин Европарламентда ислоҳотлар режаси тақдим этилди
Метсола Европарламент собиқ вице-президенти Кайли билан боғлиқ коррупция можаросидан кейин ислоҳот лойиҳасини тақдим этди. ЕП «Европа фуқароларининг ишончини тиклаши керак», деди Метсола.
Европарламент (ЕП) раиси Роберта Метсола «Қатаргейт» деб номланган, ЕП раиси собиқ ўринбосари Ева Кайли билан боғлиқ коррупция можаросидан сўнг ислоҳотлар лойиҳасини тақдим этди. Метсола 16 январь, душанба куни Страсбургдаги ялпи мажлисда сўзга чиқди.
«Фуқаролар ҳақли равишда жавобгарлик ва ҳалолликни талаб қиляпти», деди Метсола ва Европарламент Европа фуқароларининг ишончини қайтариши кераклигини қўшимча қилди.
Унинг билдирган таклифлари орасида Европа Иттифоқи қонунчилигида лоббичилик қилаётган собиқ депутатлар учун қаттиқроқ қоидалар ҳам бор, дея хабар беради dpa. Бундан ташқари, қонун чиқарувчиларнинг учинчи шахслар билан ҳар қандай учрашувлари тўғрисидаги маълумотлар, агар бундай алоқалардан кейин бирон бир қарор қабул қилинса ёки ҳисоботлар тайёрланса, жамоатчиликка эълон қилиниши керак.
Шунингдек, AFP агентлигининг таъкидлашича, Европарламент депутатлари томонидан олинган совғалар ва улар ўзлари молиялаштирмайдиган саёҳатларнинг давлат реестрини яратиш режалаштирилган.
Метсола томонидан илгари эълон қилинган 14 банддан иборат режа учинчи давлатлар билан норасмий «дўстлик гуруҳлари»ни тақиқлашни талаб қилган. Бунгача уларнинг фаолияти мумкин деб ҳисобланган - бу Европа Иттифоқидан ташқаридаги мамлакатлар вакиллари билан фикр алмашиш учун мўлжалланган. Ушбу гуруҳлар «баъзан лоббичилар ёки хорижий ҳукуматлар томонидан молиялаштирилади» ва Европа парламентининг расмий органлари эмас, дея маълум қилди Европа Иттифоқи қонун чиқарувчи органи.
Dpa маълумотларига кўра, икки нафар Европарламент депутати: италиялик Андреа Коццолино ва бельгиялик Марк Тарабелланинг дахлсизлиги олиб ташланади. Яна икки қонун чиқарувчининг дахлсизликдан маҳрум этилиши кутилмоқда, аммо бу «Қатаргейт» билан эмас, балки парламент ёрдамчилари учун нафақалар фирибгарлиги билан боғлиқ.
2022 йил декабрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисда Европарламент вице-президент Ева Кайли лавозимидан четлатилди. У қамоққа олинган ва Бельгия расмийлари томонидан жиноий ташкилотга алоқадорлик, пул ювиш ҳамда коррупцияда айбланган тўртта гумонланувчидан биридир. 22 декабрь куни Брюсселдаги биринчи инстанция суди дастлабки тергов палатаси Кайлининг ҳибсга олиш муддатини бир ойга узайтирди.
Европарламентда Кайли Қатардаги меҳнат бозоридаги вазиятни кузатувчи вакиллардан бири бўлган, у ерда ҳуқуқ ҳимоячилари Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши ҳолатларини қайд этишган. 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланишидан бироз олдин Кайли Қатар меҳнат вазири билан учрашди ва 22 ноябрь куни ЕПда сўзга чиқиб, Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо бериб, уни «араб дунёсини илҳомлантиради» деб атади.
Бельгиядаги суд тизимидан бўлган манбага кўра, Кайлининг Брюсселдаги квартирасидан банкноталар билан тўлдирилган, ичида 150 минг евро аниқланган сумкалар топилган.
Бельгияда тергов натижасида 2022 йил 9-12 декабрь кунлари, жумладан, Брюсселдаги Европа парламентида 20 та тинтув ўтказилди.
Мавзуга оид
09:10 / 05.11.2024
Европарламент Майя Сандунинг РФ устидан ғалабаси ҳақида маълум қилди
19:17 / 18.07.2024
Урсула фон дер Ляйен иккинчи муддатга Еврокомиссия раҳбари этиб тасдиқланди
11:36 / 17.07.2024
Роберта Метсола Европарламент раҳбари этиб қайта сайланди
11:03 / 17.07.2024