Жаҳон | 09:10
2670
3 дақиқада ўқилади

Европарламент Майя Сандунинг РФ устидан ғалабаси ҳақида маълум қилди

Еврокомиссия, Европарламент, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари ҳукуматлари Майя Сандуни Молдова президенти лавозимига қайта сайлангани билан табриклади.

Фото: Rodion Proca/SNA/IMAGO

Президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонган Молдованинг амалдаги президенти Майя Санду «энг қийин рақиб — Россия Федерацияси ва Молдовада сайловчиларни манипуляция қилиш, дезинформация ва сотиб олиш учун сафарбар қилган мисли кўрилмаган ресурслар устидан ғалаба қозонди». Бу ҳақда 4 ноябр, душанба куни Европарламентнинг Молдова билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Зигфрид Муресан маълум қилди.

«Сайлов натижалари Молдова Республикаси халқининг ҳам ғалабаси бўлиб, у Европа келажагига интилаётганини яна бир бор намойиш этди», деб таъкидлади руминиялик депутат. Руминиялик депутатга кўра, Сандунинг президентлик сайловларида ғалаба қозониши, шунингдек, Молдованинг Европа интеграцияси бўйича референдумнинг ижобий натижаси бу мамлакатни янада кучли давлатга айлантиради.

Молдовадаги президентлик сайловларида Санду ғалаба қозонди

Молдованинг амалдаги президенти Майя Санду 3 ноябр куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида рақиби, мамлакатнинг собиқ бош прокурори Александру Стояногло устидан ғалаба қозонди. Бу овозларнинг 98 фоиздан ортиғини санаб чиққан Марказий сайлов комиссияси маълумотларидан келиб чиқади.

Санду 54,94 фоиз овоз олган, мухолифатдаги россияпараст Социалистлар партияси вакили Стояногло эса 45,06 фоиз овоз олган. Бир мунча вақт олдин Стояногло етакчилик қилган, бироқ Санду партияси чет элда яшовчи сайловчиларнинг овозлари ҳисоблаб чиқилгандан кейин тенденция ўзгариши мумкинлиги ҳақида «бироз оптимизм» билдирди, деб таъкидлади AFP.

«Молдова, бугун сизлар ғалаба қозондингиз, биз биргаликда бирлигимиз, демократиямиз ва муносиб келажакка содиқлигимизни намойиш қилдик», деб ёзди Санду X ижтимоий тармоғида.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентлик сайловининг иккинчи босқичида деярли 1,7 миллион киши, яъни сайловчиларнинг 54 фоиздан ортиғи овоз берди.

Санду биринчи турда ғалаба қозонди, аммо у тўғридан тўғри ғалаба қозониш учун мутлақ кўпчилик овозларни ололмади. Молдовадаги президентлик сайловлари мамлакатнинг келажакдаги ташқи сиёсати европапараст ёки россияпараст бўлишини белгилаб беради, деб таъкидлайди AFP.

Мавзуга оид