Жаҳон | 13:32 / 18.01.2023
43030
4 дақиқада ўқилади

Броварида вертолёт қулади. Қурбонлар кўп, улар орасида Украина ички ишлар вазири ҳам бор

Вертолёт болалар боғчасига қулаб тушган. Жами 16 киши ҳалок бўлди.

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Киев области Бровари шаҳрида вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина полицияси хабар берди. Украина президенти офисига кўра, 30 киши яраланган. Аввалроқ Киев области маъмурияти раҳбари Алексей Кулеба қурбонлар сони 18 нафар эканини айтганди.

Қурбонлар орасида — уч бола бўлган, яна 12 нафар бола жароҳат олган. Полиция маълумотига кўра, вертолётда бўлган барча тўққиз киши ҳалок бўлган. Украина президенти офисидан маълум қилишларича, қолган қурбонлар ва жабрланганлар — вертолёт келиб қулаган болалар боғчаси ходимлари ва тарбияланувчилари бўлишган.

Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати вертолёти 18 январ куни соат 8:10 атрофида қулаб тушган. Бровари раҳбари Игорь Сапожконинг тахмин қилишича, қалин туман вақтида Eurocopter AS 332 Super Puma вертолёти болалар боғчаси ва кўп қаватли уй ўртасида қулаб тушган, шундан кейин ёнғин бошланган. «Кучли портлашдан болалар боғчаси биноси ва энг яқин жойлашган уйлардан бири вайрон бўлган», — деган шаҳар раҳбари. Боғчадаги болалар ва ходимлар эвакуация қилинган.

Авиаҳалокатда Украина ИИВ раҳбари Денис Монастырский ҳалок бўлган, бу ҳақда Украина Миллий полицияси раҳбари Игорь Клименко маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вазирга ҳамроҳлик қилган биринчи ўринбосари Евгений Енин ва давлат котиби Юрий Лубкович ҳам ҳалок бўлишган. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг маълум қилишича, ИИВ раҳбарияти вертолётда «қайноқ» нуқталардан бирига командировкага кетаётганди.

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Тергов вертолёт ҳалокати бўйича уч версияни кўриб чиқмоқда. Украина хавфсизлик хизматига кўра, булар парвоз қоидалари бузилиши, вертолёт техник носозлиги ёки ҳаво кемасини йўқ қилишга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракат. «Тергов ҳозирда мавжуд бўлган барча эҳтимолий версияларни ишлаб чиқмоқда», — деган Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Вадим Денисенко.

Украинанинг «Трибуна — Бровари» нашри хабар қилишича, вертолёт қуюқ туман вақти қулаб тушган: тахминларга кўра, учувчи қаршисидаги кўп қаватли бинони кўрмай қолган, кўрганида бирдан юқорилай бошлаган ва бошқарувни йўқотган. Гувоҳлардан бири украин нашрларига ҳалокатдан олдин вертолёт «Фора» супермаркети узра уч бор айлангани, «марказ томон учгани, кескин пастлай бошлагани, урилгани ва ёниб кетганини» кўрганини айтган.

Ҳалокат факти бўйича жиноий иш очиш бўйича ҳаракатлар бошланган. Киев области полицияси бошлиғи Андрей Небитовнинг айтишича, текширув ишларида Украина хавфсизлик хизмати ва Давлат текширувлар бюроси терговчилари қатнашмоқда. Полиция, шунингдек Украина президенти офиси ҳалокат гувоҳларини полицияга мурожат қилишга чақирган.

Украина президенти Володимир Зеленский Броварида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Мавзуга оид