Ўзбекистон | 12:30 / 01.02.2023
13579
4 дақиқада ўқилади

“Вазирликка қилиб бўлмайдиган топшириқларни бажариб бўлмайдиган муддатда беришни тўхтатиш керак” — Баҳодир Ғаниев таълим ислоҳоти ҳақида

Таълим масалалари бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев Kun.uz'га берган интервьюсида халқ таълими тизимига Ҳилола Умарованинг вазир сифатида олиб келиниши ва унинг келгусида эътибор қаратиши керак бўлган асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ҳилола Умарова яхши вазир бўлиши ё бўлмаслиги ўзига боғлиқ эмас. Энг асосий масала давлат раҳбари ва унинг атрофидагиларга боғлиқлик жойлари жуда кўплиги. Масалан, яқинда мактабларда энди 64 та касб ва иккинчи хорижий тилни ўқитиш топшириғи ҳали оёққа туриб олмаган вазирликка берилди ва бунинг учун олти ойда муддат қўйилди.

Мен Шерзод Шерматов вазирликка келган пайтда таълим тизимига ақлли одам келди деб хурсанд бўлган эдим. Афсуски, кўп ўтмай уни бошқа соҳага ўтказишди ва ўрнига номутахассис бўлган бошқа бир одам келди. Ҳилола Умарова келганда ҳам хурсанд бўлдим, чунки у ёш ва ҳалол кадр. Тажрибаси кам бўлса-да, бор. Олдинги иш фаолиятида экспертлар билан мулоқотда бўлган, ходимларни муҳокама жараёнларига жалб қила олган ва яхши жамоа шакллантирган. Билишимча, ҳозир ҳам экспертларни вазирлик ишларига жалб қила бошлади, яъни ташқаридаги экспертлардан маслаҳат сўраяпти. Бу жуда яхши сигнал. Очиқ айтадиган бўлсам, бу вазирни синдириб қўймаслик давлат раҳбари, президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг қўлида. Охирги ҳолатдагига ўхшаб имконсиз вазифаларни қилиб бўлмайдиган муддат билан юклашса ва бу иш такрорланаверса, тамом. Бундай ҳолатда вазир стратегия билан эмас, ўша иложсиз топшириқларни қайсидир даражада бажариш билан овора бўлиб қолади.

Баҳодир Ғаниев

Менежмент қоидасига кўра, ташкилот раҳбари камида 70 фоиз вақтини ўша ташкилот келажаги, яъни стратегиясига бағишлаши керак. Стратегияни қанақадир югур-югурлар ўртасида бажариб бўлмайди. Таълим вазирини ўз ҳолига қўйиш керак. Давлат раҳбари ва унинг атрофидагилар таълим вазирига топшириқ бериши керак эмас. Вазирдан қандай ресурслар, шароитлар кераклигини сўраши керак раҳбарият ва вазир ўз талабларини қўйиши керак”, – деди Ғаниев янги таълим вазирлигига мустақил ишлашга имкон бериш муҳимлиги ҳақида гапириб.

Экспертнинг таъкидлашича, Ҳилола Умарова иш бошларкан, ундан кутилган ишларни амалга ошира олиши учун энг аввало 10-15 йиллик таълим стратегиясини ишлаб чиқиши керак.

“Амалдаги концепцияда аниқ босқичлар, муддатлар, ресурслар йўқ ва мамлакатнинг бир неча йиллардан кейин ривожланадиган ҳолатига боғланмаган. Дейлик, 2035 йилгача ривожлантириш концепцияси бор. Ўша концепцияда 2-3 йилда эришилиши керак бўлган марралар ва сарфланадиган ресурслар белгилаб олиниши керак. Кейин, 2035 йилда умумий давлатнинг ривожланиш нуқтасига боғланиши лозим. Агар давлат стратегияси 2035 йилда глобал бозорда ўз ўрнига эга, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланган, қишлоқ хўжалиги ялпи ички маҳсулотда улуши катта бўлмаган, хомашё экспорти кам, техника-технология ривожланган ҳолатни назарда тутса, ўша даврга керакли бўладиган кадрларни тайёрлашни ҳозирдан бошлаш керак. Лекин гастарбайтер тайёрловчи тизимда ўқиса, ўша 2035 йилга бориб, бир йилда ўзгариб қолмайди.

Демоқчи бўлганим шуки, бу мураккаб жараён. Керак бўлса, бир неча ойлаб жамоатчиликни, маҳаллий ва чет эллик экспертларни, иқтисодчиларни ҳам жалб қилиб, таълим стратегиясини қайта кўриб чиқиш керак. Агар концепция тўғри ишланса, жараёнда ҳар хил топшириқлар бўлмайди ва бўлиши керак эмас. Агар керак бўлса, ўша йўл-йўлакай топшириладиган нарсалар концепцияда бўлиши лозим. Стратегияда умумий гаплар бўлиши мумкин эмас. Белгиланган масалалар бажарилмаганда, сўралиши керак, яъни таҳлил қилиниб, давлат раҳбари ҳар йили сўраши керак”, – деди Баҳодир Ғаниев.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид