Иқтисодиёт | 14:13 / 25.02.2023
25836
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказишни режалаштиряпти

Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Покистон молия вазири Исҳоқ Дор ҳамраислигида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Кун тартиби доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик ва туризм йўналишидаги ўзаро муносабатларнинг кенг кўламли масалалари кўриб чиқилди.

Фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларининг ҳар бирида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган масалаларни ҳал этиш учун кичик гуруҳлар тузилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, фан, технология ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Музокараларда ўзаро савдога алоҳида эътибор қаратилди. Унинг ҳажми 2022 йилда 32 фоизга ошиб, 239,5 миллион долларни ташкил қилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар тасдиқланди. Иккала мамлакат ҳудудларида Made in Uzbekistan ва Made in Pakistan саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш, қўшма чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш, трейдерларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича амалий ечимлар воситаларини жорий этишга келишиб олинди.

Муҳокамалар тадбир давомида эришилган асосий келишувларни акс эттирувчи йиғилишнинг якуний баённомасини имзолаш билан якунланди.

Мавзуга оид