Жаҳон | 23:02 / 04.03.2023
13612
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Marion йўтал сироплари зарарли экани ҳақида огоҳлантириш бериши мумкин 

Ушбу компаниянинг йўталга қарши сироплари Ўзбекистонда ўнлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган эди. 

Ҳиндистон ҳукумати Marion Biotech компаниясининг йўталга қарши сиропи бўйича дунё мамлакатларини огоҳлантириши мумкин. Аввалроқ, ушбу компаниянинг йўталга қарши «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» сиропидан Ўзбекистонда камида 20 нафар бола вафот этган эди. 

3 март куни компания дориларининг 36 та намунасидан 22 таси таркиби лаборатория текширувидан кейин «бузилган ва қалбакилаштирилган» деб топилгани маълум бўлди. Шундан сўнг, Ҳиндистон полицияси Marion компаниясининг уч нафар ходимини ҳибсга олди ва яна икки раҳбарини қидирувга берган эди. 

Marion терговида иштирок этган инспектор Ваибҳав Баббар сўзларига кўра, намуналар таркибида этиленгликол (ЭГ) ва диэтиленгликол (ДГ) топилган. Ушбу моддалар ўта заҳарли ҳисобланади ва саноатда суюлтириш воситаси сифатида ишлатилади. 

«Marion дорилари жуда кўп мамлакатларга экспорт қилингани сабабли, бошқа жойларда ҳам нохуш воқеа юз бермаслиги ҳақида дуо қиламан», деди Баббар. «Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантириш бериши мумкин. Улар буни қила олади. Огоҳлантириш берилса яхши бўларди». 

У огоҳлантириш бўйича иш олиб борилаётганидан бехабар эканини айтди. 

Баббар ҳукуматнинг огоҳлантириши барча мамлакатларда маҳсулотларни савдо расталаридан, уйдаги жавонлардан олиб ташланишига сабаб бўлишидан умидвор. Гарчи бундай огоҳлантириш ҳеч қандай юридик кучга эга бўлмаса-да. 

Баббарнинг айтишича, «заҳарли» дорилар Қирғизистон ва Камбожага ҳам экспорт қилинган. 

Ўзбекистон декабр ойида ҳинд компаниясининг йўтал сиропларидан болалар нобуд бўлганини эълон қилганидан сўнг, Баббар Marion заводини тўрт марта текширган гуруҳ аъзоси бўлган. Кўп ўтмай, Ҳиндистон Marion заводида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатган эди. 

Мавзуга оид