Муаммо “план” билан боғлиқми? Бир-бири билан муштлашаётган автобус ҳайдовчилар ҳақида
Пойтахтда бир ҳафта ичида автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб ёқалашгани билан боғлиқ иккита ҳолат кузатилди. Kun.uz можарога сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилиб кўрди.
Ўзи нима гап?
28 февраль куни Тошкент шаҳрида 28- ва 155-сонли автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб муштлашганди. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича маъмурий иш расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан Яшнобод тумани Иззат кўчасида ўзларига бириктирилган автобусларни бошқариб, ҳаракат давомида бир-бирларига йўл бермасдан келган, шу кўчадаги 76-сонли автобекатда тўхтаб, ўзаро ёқалашган ҳайдовчилар ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
24 февралда ҳам 93-сонли ва 617-сонли автобус ҳайдовчилари Миробод тумани Фарғона йўли кўчасида йўловчи талашиб жанжаллашишган, ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Туман ИИО томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида низо оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмагани аниқланган, ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.
Томонлар ўзаро ярашгани муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш суд томонидан тугатилганди.
Муаммонинг илдизи
Автобус ҳайдовчиларининг йўловчи талашиб уришиши кеча ё бугун кузатилаётган воқелик эмас. Бир йўналишда қатновчи автобусларнинг пойтахт кўчаларида қувлашмачоқ ўйнаши, манзилга аввалроқ етиб олиш учун авария ҳолатларини юзага келтириши, белгиланган регламентга амал қилмай бекатларда узоқ туриб қолиши замирида кунлик “план”ни бажариш мажбурияти ётади.
Маоши “план”га боғлаб қўйилган ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, йўловчиларнинг ҳаётини хавфга қўймасликни талаб қилиш мантиқсиз аслида. Чунки бундай вазиятда улар нима қилиб бўлмасин кунлик тушумни топиш ҳақида қайғуради, бунинг учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Шу боис ҳам йиллардирки жамоатчилик кунлик “план”ни бекор қилиш зарурлигини таъкидлаб келади.
Шундай вақтлар бўлганки, жамоат транспорти кечки пайтда ҳаракат жадвалида кўрсатилган вақтгача юрмаслиги, автобуслар соат 23:00гача йўловчи ташиши керак бўлгани ҳолда соат 20:00-21:00 дан автобус саройига қайтиб кетиши бу вақтда йўловчилар оқими камлиги, тушум харажатларни қопламаслиги билан изоҳланган. Ваҳоланки, аксарият давлатларда йўловчи бор-йўқлигидан қатъи назар жамоат транспорти ҳаракат жадвалига қатъий амал қилади. Харажатларнинг маълум қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Автобуслар жадвалдан оғишмай ҳаракатлана бошласа йўловчилар оқими ҳам кўпайиши табиий. Бу кўп жиҳатдан жамоат транспортига ишонч шаклланиши, у энг сўнгги йўловчисини манзилига элтиб қўядиган тизимга айланишига бориб тақалади. Бу эса вақт масаласи.
Табиийки, кунлик “план” ва бошқа бошоғриқлардан халос бўлган ҳайдовчиларнинг йўлларда пойга ўйнаши, йўловчи талашиши билан боғлиқ ҳолатларга ўз-ўзидан чек қўйилиши эътимоли юқори.
“План” бекор қилинади, аммо қачон?
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда соҳада муаммолар тўпланиб қолгани, уларни ҳал этиш учун транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизимини ўзгартириш зарурлиги, қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиб бўлмаслиги таъкидланганди.
Давлат раҳбари транспорт корхоналари кунлик “тушум плани”ни бажаришга боғланиб қолиб, куннинг “энг даромадли” пайтида (эрталаб соат 8:10 да, кечқурун соат 17:19 да) ҳаракатланишга одатлангани, қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбурлигини танқид қилганди.
Янги тизимда хизмат сифатига – автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берилиши, бунда, ташувчи тадбиркор ҳар 1 километр учун 10 фоиз рентабеллик билан кафолатли тўловни олиши, бу тизим Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Урганч шаҳарларида жорий йилда, бошқа вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида келгуси йилда йўлга қўйилиши белгиланганди.
Бу таклифлар 16 февралда қабул қилинган президент қарорида ҳам ўз аксини топган, ҳужжатда йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти бекор қилиниши алоҳида таъкидланади.
Бироқ бу ўзгаришлар қайси санадан кучга кириши ҳозирча номаълум.
Ойлиги ошган автобус ҳайдовчилари
Соҳадаги муаммолар президентнинг Учтепа туманига 2022 йил декабрдаги ташрифи чоғида очиқланган, “Тошшаҳартрансхизмат” тизимидаги автобусларнинг кўпи эскиргани сабабли йўналишларга режага нисбатан 90-100 та автобус кам чиқаётгани, оқибатда йўловчилар автобусларни 20-30 дақиқагача кутишига тўғри келаётгани танқид қилинганди.
Шундан сўнг Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов биринчи марта жамоатчилик қаршисида автобусда кўриниш берган, президент танқидидан кейин у жамоат транспортидаги муаммоларни жойига чиқиб ўрганаётган ички ишлар вазирига ҳамроҳлик қилганди.
Президент топшириғига кўра 2022 йил декабрдан “Тошшаҳартрансхизмат” тизимидаги автобус ҳайдовчиларининг ойлик маоши икки баробарга оширилиб, 5-6 млн сўмга етказилганди. Ойликни ошириш ҳам жамоат транспортидаги муаммоларга қайсидир маънода ечим бўлиши, таъминотидан кўнгли тўқ ҳайдовчилар бор эътиборини сифатли хизмат кўрсатишга қаратиши кутилганди.
Бироқ ҳалигача светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланишни давом эттираётган, автобус салонида бемалол телефонда гаплашиб ёки сигарет чекиб кетаётган, йўловчиларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаётган, алоҳида йўлак ташкил этилган йўлларда ҳам бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаётган ёки ўзи учун ажратилган йўлакдан юрмаётган ҳайдовчилар кўплаб учрамоқда.
Демак, муаммо фақатгина ойлик камлиги ва кунлик тушум “план”и билан боғлиқ эмасга ўхшайди. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳайдовчилар билан стрессга чидамлилиги, йўловчилар билан муомала жараёнида хотиржам бўлиш, одамлар уларни қуюшқондан чиқаришга уринган тақдирда ҳам ғазаб отига минмаслик устида иш олиб бориши лозим. Бу жараёнда уларнинг хатти-ҳаракатлари камералар томонидан узлуксиз қайд этиб борилиши ҳам масаланинг ечими бўла олади.
Бундан ташқари, кўпчиликнинг ҳаёти учун масъул бўлган ҳайдовчиларни тайёрлаш ва ишга қабул қилишда ҳам айни жиҳатлар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ. Шундагина автобус ҳайдовчилари ҳар қандай ҳолатда ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузишмайди, асосий мақсад йўловчиларни манзилига хавфсиз етказиб бериш эканини англаб етишади. Энг муҳими, манзилига шошиб турган йўловчилар йўлда автобус ҳайдовчиларининг муштлашуви ва ўзаро пойгасидан азият чекишмайди.
Жамшид Ниёзов, Kun.uz