Ўзбекистон | 08:27 / 07.03.2023
54053
2 дақиқада ўқилади

Ҳамкасбини «айбини очмаслик учун» тўшакка чорлаган «электросет» юристи қамоққа олинди

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд вилоят ҳудудий филиали юридик бўлими бошлиғи жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларда гумонланмоқда.

Аввалроқ Kun.uz Самарқанд вилояти электр тармоқлари корхонасида ишловчи аёл корхона юристи уни жинсий яқинликка чорлаб, рад жавобини олгач шантаж йўлига ўтгани ҳақида суриштирув эълон қилганди.

Вилоят прокуратурасининг таҳририятга маълум қилишича, ташкилот юристи И.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ҳудудий филиал директори ўринбосари Г.С.нинг Kun.uz’га маълум қилишича, айни вақтда унга босим бошланган ва жойини бўшатиб қўйиш талаб қилинмоқда. Бироқ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот котиби Фахриддин Нуралиев бу маълумотни тасдиқламади.

Эслатиб ўтамиз, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ вилоят ҳудудий филиали юридик бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган И.С. 2023 йил 2 март куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида ўтказилган йиғилишдан сўнг лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид