Жаҳон | 22:02 / 30.03.2023
24174
10 дақиқада ўқилади

Америка нашри журналисти ФХХ томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда нималар маълум?

ФХХ The Wall Street Journal мухбири Эван Гершковични қўлга олди. Уни жосусликда гумонлашмоқда. Журналистлар унинг қўйиб юборилишини талаб қилишмоқда.

Фото: EVAN GERSHKOVICH/VK.COM

Американинг The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершкович Екатеринбургда қўлга олинди, ФХХ баёнотига кўра, у жосусликда гумон қилинмоқда.

ФХХ Гершкович АҚШ топшириғи билан «Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолиятига оид давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплагани»ни даъво қилмоқда.

ФХХ тергов бўлими РФ ЖК 276-моддаси («Жосуслик») бўйича жиноий иш қўзғаган. Бу модда бўйича айблов 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади.

The Wall Street Journal ФХХ баёнотига асосланган ҳолда ўз журналисти қўлга олингани ҳақида хабар берган, унда нашр «жаноб Гершковичнинг хавфсизлигидан жуда хавотирдалиги» таъкидланади. Аниқлик киритилишича, Гершкович WSJ нашрининг Москва бюроси таркибида Россия ҳақида ёзиб келган. Кўп ўтмай нашр хабарига тўлдириш киритиб, «ФХХ айбловларини қатъиян рад этиши ва ўз мухбири зудлик билан озод этилишини талаб қилиши»ни маълум қилди.

Эван Гершкович The Wall Street Journal нашрига қадар Agence France-Presse, The Moscow Times ва The New York Times нашрларида фаолият юритган. У олти йилга яқин вақт Россияда ишлаган. Гершковичнинг танишлари айтишича, у сўнгги ойларда Лондонда яшаётганди, аммо мунтазам равишда Россияга хизмат сафарлари амалга оширган.

Бу ҳақда қандай маълум бўлди?

Америкалик журналист ғойиб бўлиб қолгани ҳақида пайшанба куни тонгда екатеринбурглик пиарчи Ярослав Ширшиков ўз телеграм-каналида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, Гершкович «бир неча ҳафта олдин» ундан интервью олган, кейин «бир неча кун бемалол ишлаган ва Москвага учиб кетган».

Ширшиковнинг ҳикоя қилишича, пайшанбага ўтар кечаси унга Лондондан журналистнинг ҳамкасби қўнғироқ қилиб, Эван Гершкович 29 март куни Екатеринбургга қайтгани ва «9 соатдан буён» таҳририят билан алоқага чиқмаётганини айтган. Пиарчининг BBC билан суҳбатда айтишича, Гершкович сешанба куни учиб келаётганини ёзган ва 30 март куни учрашишни таклиф этган.

Шу вақтда Екатеринбургдаги «Вечерние ведомости» нашри кучишлатар тузилмалар ходимлари Карл Либкнехтдаги Bukowski Grill ресторанида бир кишини қўлга олгани ҳақида хабар берган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, «қўлга олинган шахсни олиб кетишда унинг бошига свитерни ёпишган - ўткинчилар унинг юзини кўрмаслиги учун».

Ширшиков бу ерда айнан Гершкович қўлга олинганини тахмин қилган, чунки у Эван билан нафақат ўз офисига, балки материалнинг яна бир қаҳрамони офисига яқин жойлашган бу ресторанда тушлик қилган. «Тахмин қилиш қийин эмаски, шаҳарни яхши билмайдиган одам кўпроқ ўзига таниш жойларга боради», дея ёзади пиарчи.

Версиялар

Бир вақтнинг ўзида бир неча киши Гершкович «Вагнер» ХҲКга ёлланиш ва Украинадаги урушга муносабат мавзуларига қизиққанини айтишган.

Ширшиковнинг сўзларига кўра, журналист Екатеринбургга «Пригожин билан боғлиқ икки можаро мотивлари бўйича» келган - бу жанжалларнинг бири «Вагнер» асосчиси ва Екатеринбург тарих музейи директори Игор Пушкарев (Пригожин уни ХҲК ҳақида «нотўғри» маълумот тарқатишда айблаган) ўртасида, бошқаси - губернатор Евгений Куйвашев билан бўлиб ўтганди. «Эван ким машҳурроқ экани ҳақида ёзиш учун келганди: Пригожин ёки губернатор», дейди Ширшиков.

Пиарчининг сўзларига кўра, Гершкович ундан ўзини нафақат либераллар билан, балки «ватанпарварлар» билан ҳам таништиришни сўраган. «У офицерлар уйи бошлиғи билан суҳбатлашмоқчи бўлиб, марказий ҳарбий округ матбуот хизматига мурожаат қилган, улар аввалига интервьюга розилик беришганди, кейин эса бирдан рад этишди. Бу унга аксилразведка хизмати қизиқиб қолгани билан боғлиқ бўлиши мумкин», дея тахмин қилади Ширшиков.

Гершкович Свердловск области қонунчилик кенгаши депутати Вячеслав Вегнердан «Вагнер» ХҲК ҳақида сўраган: гап шундаки, Вегнер «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожинга Нижний Тагилдаги ИК-6 колониясидаги маҳбус аёлларни «махсус ҳарбий амалиёт»га жалб этиш ташаббуси билан расмий мурожаат юборган: улар тиббий ҳамшира, алоқачи ва бошқа вазифаларни бажариши мумкин эди.

«Менда Пригожин билан, қамоқхоналарни айбланиб, айбини қон билан ювишни истаганларни ёлловчи одамлар билан ёзишмалар бор эди. У одамлар зўрлик билан олиб кетилаётганидан шубҳаланарди. Мен унга бутун мамлакат бўйлаб йўлланган мингдан ортиқ мурожаатларни кўрсатдим: одамлар махсус ҳарбий амалиётда иштирок этиш имкониятига эга бўлиш учун мен билан боғланиб, бу ҳақда Пригожинга етказишимни сўрашарди. Шунинг учун мен у ерларда кимнидир мажбурлашаётгани ҳақидаги гаплар тўғри эмаслигини айтдим», деган Вегнер BBC мухбирига.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, улар журналист билан Екатеринбургнинг собиқ мэри, мухолифатчи Евгений Ройзманни, Екатеринбургдаги вазият ва Свердловск областидаги саноат корхоналарини муҳокама қилишган. Аммо Вегнер, ўзининг айтишича, журналистни «мамлакатда барчаси жойида экани, саноат ишлаётгани», «АҚШдаги душманлар бунинг аксига умид қилмаслиги» кераклигига ишонтирган.

Аммо Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг тасдиқлашича, «The Wall Street Journal нашри ходимининг Екатеринбургда қилган ишининг журналистикага дахли йўқ». Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков эса «гап гумон ҳақида кетмаётгани, у жиноят устида қўлга тушгани»ни қўшимча қилган.

Кундузи Гершковични Москвадаги Лефортово судига етказишди, бу ерда зудлик билан уни икки ой муддатга ҳибсга олиш ва тергов изоляторига жойлаштириш бўйича қарор чиқарилди. Суд мажлиси ёпиқ режимда ўтказилган, унга журналистлар қўйилмаган.

Россияда хорижлик журналистлар қўлга олиниши ноёб ҳодиса эмас, аммо улар доим ҳам жосусликда айбланмайди. 2016 йил сентябрида Украинанинг «Укринформ» давлат ахборот агентлигининг парижлик мухбири Роман Сушченко Москвада қўлга олингач, жосусликда айбланган ва 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2019 йилда Сушченко асирлар алмашинуви доирасида Украинага топширилган.

Урушга қадар бўлган даврда Россия ТИВ тезкорлик билан аралашиб, масалани ҳал қилишни афзал кўрган, дейди 2015 йилда Украина билан чегара ҳудудида ишлаётганида ФХХ томонидан сўроққа тутилган хорижлик журналистлардан бири. «Аккредитациянинг ўзи РФда ишлаш ҳуқуқини беради, барчага тушунарлики, у сизни мақсадли репрессиядан қутқара олмайди, аммо «тасодифий» хавфсизлик хизмати ходимлари билан муаммоларда қўл келиши мумкин», дея изоҳлайди у.

Ғарб нашрларидан бирининг муҳаррирининг айтишича, агар хорижлик журналист қонунни бузишда гумонланса, унга мамлакатни тарк этиши кераклигини тушунтиришган ва бунинг учун вақт берилган, аммо ҳозир вазият ўзгарган.

Урушга қадар РФ ТИВ хорижлик журналистларга бир йиллик аккредитация берган. Ҳозирда бу муддат уч ойгача қисқарган.

Эван Гершкович 1986 йилдан бери Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган биринчи америкалик журналист бўлди.

1986 йил 2 сентябрда «U.S. News & World Report»  журнали ходими Николас Данилофф СССРда ҳибсга олинганди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Қўшма Штатлар Эван Гершкович ҳибсга олинганидан «чуқур хавотирда» экани, The Wall Street Journal нашри билан алоқада бўлиб тургани ва консуллик вакилларини у билан учраштиришни сўраганини маълум қилди. У шунингдек америкаликларни зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди.

Экспертлар нима дейишмоқда?

Политолог Татьяна Становая Россиянинг давлатга хиёнат ва жосуслик тўғрисидаги қонунчилиги янгиланганидан сўнг, «ҳарбий ишлар билан қизиққан, яъни махсус ҳарбий амалиёт, хусусий ҳарбий компаниялар, армиядаги ишларнинг ҳолати, қўшинларнинг ўқ-дорилар билан таъминланиши, ҳарбий тактика ва стратегия тўғрисида ёзган ҳар қандай киши 20 йилга қамалиши» мумкинлигини эслатади.

У ФХХ журналист «Америка томони кўрсатмаси бўйича» ҳаракат қилганига урғу қаратаётгани, буни эса «кенг маънода талқин қилиш мумкинлиги»га эътибор қаратади: «WSJ таҳририяти ҳам - Америка томони. Бундан тахмин қилиш мумкинки, ФХХда Эван журналист ниқоби остида айнан махсус хизматларга ишлаганини далиллайдиган ҳеч нарса йўқ».

Экспертнинг айтишича, Гершковичнинг қўлга олиниши гаровга олишга ўхшаб кетади. У журналистни масалан Владислав Клюшинга (АҚШ уни Америка компютер тармоқларидан ўғирланган маълумотлардан фойдаланган ҳолда йирик молиявий фирибгарликда иштирок этганликда айбдор деб топган) алмаштириши мумкин, россияликлар аввалги алмашувда уни олиб чиқа олишмаганди. «Дарвоқе, алмашувнинг ўзи Кремлга муваффақият таъмини бериши ва янги одамларни гаровга олиш истагини уйғотиши мумкин», дея қайд этади эксперт.

Политолог Александр Кинев эса бундай версияга қўшилмайди. Унинг фикрича, Эван Гершкович «алмашиш учун» жосусликда айбланиб қўлга олиниши - аҳмоқлик бўлади.

«Чунки гап йирик ОАВ мухбири ҳақида кетмоқда. Хорижий ОАВ ҳатто энг ўзига хос автократияларда ҳам доимо табу бўлиб келган (уларга тегинилмаган). Журналистлар ҳуқуқлари «дўстона мамлакатлар»да ҳам ажралмас қадрият ҳисобланади. Бундай акциядан келадиган негатив РФ ҳукумати обрўсини дунёнинг унга мойил бўлган қисмида ҳам туширади», дея хулоса қилади эксперт.

Мавзуга оид