Жамият | 18:48 / 31.03.2023
63551
5 дақиқада ўқилади

Россиялик қўшиқчилар Тошкентда концерт бермоқчи. Фаоллар қарши, масъуллар – сукутда

Озарбойжон ва Қозоғистондан «қувилган» фестивал Тошкентда ўтказилиши мумкин. Ўзбекистонликлар Россиянинг Украинага босқинини қўллаган хонандалар иштирокидаги концертни бойкот қилмоқда. Давлат ташкилотлари эса масъулиятни бир-бирининг бўйнига иляпти.

20-21 май кунлари Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида россиялик хонандалар иштирокида «Жара» мусиқа фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Унда Россия эстрадасининг 30 га яқин юлдузлари иштирок этиши кутиляпти. Концертга чиқарилган чипталар нархи 3,5 миллион сўмгача боради.   

«Жара» фестивали 9-12 март кунлари Қозоғистонда ўтказилиши кутилганди. Аммо ижтимоий тармоқлардаги фаол норозиликлар ортидан Олмаотадаги концерт номаълум муддатга қолдирилди.  

«Жара» фестивалида иштирок этадиган россиялик қўшиқчиларнинг аксари Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уларнинг Қозоғистондаги чиқишлари республика «Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаши»ни англатишини айтиб, норозилик билдиришган. 

Натижада Қозоғистондан қувилган «Жара» ташкилотчилари концертни Тошкентга кўчиради.

Айтиш керакки, уруш бошланганидан кейин «Жара» фестивалини ўтказиш қийин бўлиб қолган. Санкциялар туфайли Европага киролмаган россиялик хонандалар норозиликлар туфайли нафақат Қозоғистондаги, балки ўтган йили Озарбойжондаги концертни ҳам ортга суришга мажбур бўлганди.  

Ўзбекистонда «Жара» концертига қарши виртуал норозилик бошланди

Тошкентда «Жара» фестивали ўтказилиши ҳақида эълон қилингач, ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам концертни бойкот қилишга чақира бошлади. Айни дамда ижтимоий тармоқларда #StopKremlinPropaganda ва #StopRussianPropaganda ҳэштеглари оммалашмоқда. Фестивалнинг инстаграм саҳифасидаги постлар остида фаол норозилик билдирилмоқда.

Телеграмда ҳам блогерлар ва фаоллар бойкотга чақиряпти. Концертни бекор қилишга чорловда фаол иштирок этаётган Мирзаёр Эркинов Kun.uz билан суҳбатда урушни қўллаб келган қўшиқчиларни Ўзбекистонда кўришни хоҳламаслигини айтади.  

«Фестивал асосчиларидан бири – Россиянинг Украинадаги урушини турли тадбирларда қўллаб-қувватлаб келаётган Григорий Лепс ҳисобланади. Россиянинг турли ҳудудларида пропаганда концертларида, ўзининг турли чиқишларида ва ижтимоий тармоқларидаги постларида у бевосита бу истилочилик ҳаракатини ёқлаб келади. Ушбу концертда, шунингдек, бошқа пропагандачи хонандалар – Полина Гагарина, Сергей Лазерев, Дискотека Авария кабилар ҳам бор», – дейди у.  

У концертнинг асосий таргет аудиторияси ёшлар экани, уни ёшларнинг бунга қаршилиги хурсанд қилишини айтади ва концерт бутунлай бекор қилинмагунча курашишдан тўхтамаслигини таъкидлайди.

Блогер Никита Макаренко ҳам бойкотни қўллаб-қувватлади.  

«Қонни, ўлимни, урушни тарғиб қилувчи санъаткорларнинг чиқишларига йўл қўймаслик керак, деб ўйлайман. Масалан, Лепс каби. Урушни қоралаган ижодкорларни кўришдангина хурсанд бўлишимиз керак. 

Бу фестивал Қозоғистон ва Бокуда оммавий норозиликлардан кейин бекор қилинди. Энди у бизга келди. Биз ҳамма нарса мумкин бўлган чиқиндихонамизми? Бизнинг ўз позициямиз ва ғуруримиз йўқми, уруш ташвиқотига саҳна берамизми?» – дейди блогер.  

Концерт қолдирилгани айтилди, аммо чипталар ҳамон сотувда   

30 март куни, ижтимоий тармоқдаги эътирозлар ортидан фестивал ўтказилиши номаълум муддатга қолдирилгани эълон қилинди. Фестивал ташкилотчиларининг ўзи шундай қарорга келгани айтилди.

Бироқ ташкилотчилар бу ҳақда расман хабар бермаган.

31 март куни ҳам чипталар сотувда турибди.

«Отангга бор, онангга бор» – бирор давлат ташкилоти концерт масъулиятини зиммасига олмаяпти  

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Маданият ва туризм вазирлиги билан боғланди. Вазирлик масъули бу масалани вазирлик зиммасидан соқит қилишга уринди.

«Оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича, агарда хонандалар хориждан келаётган бўлса, буни хусусий тадбиркорлар ташкил қиляпти. Бунда тадбиркорларга чеклов йўқ. Россиялик хонандаларни биз олиб келмаяпмиз. Концертга бизнинг умуман алоқамиз йўқ.

Концерт ўтказилаётган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлгани учун Тошкент шаҳар ҳокимиятидан ёки Ички ишлар вазирлигидан сўрасангиз бўлади», – дейди вазирлик масъули.  

«Ўзбекконцерт» матбуот котиби ҳам оммавий тадбирларга рухсат бериш масаласи билан Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси шуғулланишини айтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби ҳам айни шуни таъкидлади.  

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот котиби эса масалага аниқлик киритишини айтди, аммо ундан ҳам аниқ жавоб олишнинг иложи бўлгани йўқ.

Шу билан бирга, пойтахтдаги боғлардан «Жара» фестивали афишалари олиб ташланаётгани ҳақида хабарлар бор.

Мавзуга оид