Жаҳон | 14:39 / 03.04.2023
9247
3 дақиқада ўқилади

Россия Татарскийнинг портлатилиши бўйича гумондор қўлга олинганини маълум қилди

Даря Трепова федерал қидирувга берилганидан бир неча соат ўтиб қўлга олинган. Тергов у уруш тарафдори бўлган россиялик блогер Владлен Татарскийнинг «ижодий кечаси»га бомба олиб келган деб ҳисобламоқда.

Фото: life.ru

Россия Тергов қўмитаси 3 апрел, душанба куни Санкт-Петербургдаги кафеда содир бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, Даря Трепова қўлга олинганини маълум қилди. «Фонтанка» нашрининг ёзишича, аёл Санкт-Петербургнинг Виборг туманида ижарага олинган хонадонда ушланган. Қўлга олиш Ички ишлар вазирлиги Треповани федерал қидирувга берганидан бир неча соат ўтгач содир бўлди.

2 апрел куни кечқурун Санкт-Петербургда Василеостровский туманидаги Street Food Bar № 1 кафесида портлаш юз берди. Шу пайт муассасада уруш тарафдори бўлган россиялик блогер-«ҳарбий мухбир» Владлен Татарский томонидан «ижодий кеча» ўтказилаётган бўлган. Портлаш натижасида Татарский ҳалок бўлди, яна 32 киши жароҳат олди. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, улардан 31 нафари касалхонага ётқизилган, ўн нафарининг аҳволи оғир.

Портлаш факти бўйича Тергов қўмитаси томонидан қотиллик (Жиноят кодекси 105-моддаси 2-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов қасддан «ижтимоий хавфли йўл билан қотиллик содир этилиши»ни асосий версия деб ҳисоблаяпти, дея хабар берди «Интерфакс» ахборот агентлиги. Жиноятда гумон қилинувчи шахс петербурглик Даря Трепова экани аниқланди. Терговнинг фикрича, у кафега портловчи мослама ўрнатилган, Татарский бюсти солинган қути олиб келган. 

Душанба куни эрталаб аёл расман яшаган квартира тинтув қилинди, гумонланувчи у ерда бўлмаган, Трепованинг онаси ва ўгай отаси бўлимга олиб кетилди. Baza Telegram-канали полиция Трепованинг турмуш ўртоғи, рўйхатдан ўтмаган Россия Либертарианлар партияси аъзоси Дмитрий Риловни ҳам қидираётгани ҳақида хабар берди. У кафедаги портлашда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Шу билан бирга, унинг ўзи Татарский билан учрашувда бўлмаган, Либертарианлар партияси эса Рилов қувғинда эканлигини даъво қилмоқда. 

Санкт-Петербургдаги «Фонтанка» нашрининг ёзишича, портлаш содир бўлган кафе «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожинга тегишли. Муассаса фақат шанба ва якшанба кунлари ишлаган, у ерда «Кибер Z фронт» мунозара клубининг йиғилишлари бўлиб ўтган ва уруш тарафдорлари Донбасс, Украина ҳамда дунёда содир бўлаётган воқеаларни муҳокама қилиш учун йиғилган. 

Мавзуга оид