Ўзбекистон | 09:20 / 05.04.2023
9719
2 дақиқада ўқилади

Даря Трепованинг эри Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмаган — Бош прокуратура

Ўзбекистонга Владлен Татарскийни ўлдиришда айбланган аёл - Даря Трепованинг эри Дмитрий Риловни ҳибсга олиш бўйича Россиядан сўров келиб тушмаган. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қайд этилишича, Дмитрий Рилов Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтмаган ва шунга кўра мамлакатда бўлиши мумкин эмас.

Аввалроқ Россия ОАВ Рилов айни вақтда Ўзбекистонда экани тўғрисида хабар берганди. 

26 ёшли Даря Трепова 3 апрель куни Санкт-Петербургдаги квартиралардан бирида қўлга олинган. Қиз Университетская қирғоғидаги кафеда тарғиботчи Татарскийнинг «ижодий кечаси»га портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳайкалчани олиб келганликда айбланмоқда. Трепова ҳайкалчани Татарскийга тақдим этганидан кўп ўтмай портлаш содир бўлган. Оқибатда тарғиботчи ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ киши жароҳат олди. 

Трепова ҳибсга олинганидан сўнг ҳайкалчадаги портловчи моддалар ҳақида билмаганини ва ўзига панд бериш учун шундай қилинганини айтган. 

Санкт-Петербургдаги «ҳарбий мухбир» Владлен Татарскийнинг ўлимига сабаб бўлган портлаш учун жавобгарликни «Национальная республиканская армия» (НРА) ўз зиммасига олди. 

Ташкилот бу ҳақдаги баёнотни «Роспартизан» телеграм-каналида эълон қилди, уни Украинада яшовчи Россия Давлат думаси собиқ депутати Иля Пономарёв ҳам тарқатди. 

«Биз 2023 йил 2 апрелда бир гуруҳ Z-фаолларга ва шахсан таниқли уруш тарғиботчиси, ҳарбий жиноятчи, Владлен Татарский номи билан танилган Максим Фоминга қарши тадбир ташкил қилдик ва ўтказдик. Бу ҳаракатни биз мустақил тарзда тайёрладик ва амалга оширдик, бизда ҳеч қандай алоқалар йўқ ва ҳеч қандай хорижий тузилмалардан ёки махсус хизматлардан ёрдам олмаганмиз», дейилади ташкилот хабарида. 

Мавзуга оид