Жаҳон | 16:36 / 07.04.2023
13479
2 дақиқада ўқилади

Украина Қримни Россияга бериш ҳақида: Ҳудудларимиз билан савдолашмаймиз

Фото: AP

Украина Бразилия президентининг Россия агрессиясини тўхтатиш бўйича ечим топиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қадрлайди, бироқ «ўз ҳудудлари билан савдолашмаслигини» эслатишга мажбур, дея маълум қилди ТИВ матбуот котиби Олег Николенко. 

«Украина ерининг камида бир сантиметрини беришимиз учун ҳеч қандай ҳуқуқий, сиёсий ва маънавий сабаб йўқ. Украинанинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда: Украинада тинчликни тиклаш бўйича ҳар қандай воситачилик ҳаракатлари Бирлашган миллатлар ташкилоти низоми тамойилларига мувофиқ Украина яхлитлиги, суверенитетини ҳурмат қилиш ва ҳудуднинг тўлиқ тикланишига асосланган бўлиши керак», деб ёзди Николенко Facebook’да.

Аввалроқ Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва урушни тугатиш учун Қримни Россияга беришни таклиф қилганди. 

Унинг сўзларига кўра, у Хитой етакчиси Си Жинпинг билан Украинанинг Қримдан «бош тортиши» ҳақидаги таклифни шахсан муҳокама қилмоқчи. 

«Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудини қўлга кирита олмайди. Балки Қримни муҳокама қилармиз. Лекин у қўшимча равишда нима қўлга киритганини қайта кўриб чиқиши керак», - деди да Силва Бразилияда журналистлар билан учрашувда. 

Бундан олдин АҚШнинг Европадаги собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ходжес Россия томонидан аннексия қилинган Қрим Украинанинг қарши ҳужуми учун «ҳал қилувчи ҳудуд» эканини айтганди

Агар Қрим озод этилса, ҳаммаси ўзгаради, деди Ходжес. Унинг фикрича, Украина кучларининг бўлажак операцияси яриморолни, кейинроқ эса Донбассни озод қилишга қаратилган бўлади.

Ҳозир Украина Қуролли кучлари Бош штаби қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда ва бўлажак операция ҳақидаги маълумотларни ҳар томонлама ҳимоя қилмоқда. Қарама-қарши ҳужумнинг муваффақияти Россия ҳарбий қисмларига «фалокатли таъсир кўрсатиши мумкин», дея қўшимча қилди Ходжес.

Мавзуга оид