Украина: россияликлар Запорижжя ва Херсонда Россия паспорти бўлмаган аҳолига таҳдид қилмоқда
Россия кучлари Украинанинг Запорижжя ва Херсон вилоятлари босиб олинган ҳудудларида қолган, аммо «паспортлаштиришдан» ўтмаган украиналикларга нисбатан босимни кучайтирди, дея хабар бермоқда Украина Қуролли кучлари Бош штаби 7 апрель куни кечки ҳисоботида.
Оккупацион расмийлар Россия паспортини олмаган Украина фуқароларининг ҳаракатини чеклаяпти, уларнинг шахсий маълумотларини ёзиб оляпти, яшаш жойида тинтув ўтказяпти, дейилади хабарда.
Шунингдек, украиналиклар кириш ва чиқишни тақиқлаш, Россия паспортини олишдан бош тортган тақдирда уйидан ҳайдаб чиқариш ва хусусий мулкини мусодара қилиш, ўқувчилар эса - шаҳодатномалар берилмаслиги билан қўрқитиляпти, дейилади ҳисоботда.
Аввалроқ АҚШ, Буюк Британия, Албания ва Малта вакиллари 5 апрель куни бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгашининг норасмий йиғилишида Россиядаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Белованинг видео-алоқа орқали нутқини бойкот қилганди.
Йиғилиш БМТ Хавфсизлик кенгашига апрель ойида ротация орқали раислик қилувчи Россия томонидан ташкил этилди ва украиналик болаларга бағишланди. Ўз нутқида Россияга қарши «обрўсизлантириш кампанияси»ни қоралаган Лвова-Белованинг нутқ сўзлаш таклифи бир қатор давлатлар томонидан атайлаб қилинган провокация сифатида баҳоланди.
Украина расмийлари Россияни 2022 йил 24 февралда мамлакатга кенг кўламли босқин бошланганидан кейин 16 мингдан ортиқ болани ўғирлаганликда айбламоқда. 17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Мария Лвова-Белова ва Россия президенти Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишга алоқадорликда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди.
Лвова-Белованинг БМТдаги нутқи 50 га яқин давлат томонидан қораланди. Улар қўшма баёнотда Россияни «минглаб украиналик болаларнинг оммавий ўғирланиши ва мажбуран кўчирилиши ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш мақсадида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги ваколат ва имтиёзларини суиистеъмол қилишда» айблади.