Ўзбекистон | 10:28 / 12.04.2023
11797
3 дақиқада ўқилади

«Мактаб ҳожатхоналарининг сифати ўқувчи давоматига тўғридан тўғри боғлиқ» — иқтисодчи

Иқтисодчи Валижон Тўрақулов Kun.uzʼга берган интервьюсида мактаб ҳожатхоналари таълимнинг узвийлиги, унинг даражаси билан тўғридан тўғри боғлиқлиги ва бу борада Кореянинг тажрибаси қандайлиги ҳақида гапириб берди.

Валижон Тўрақулов, иқтисодчи / Фото: Kun.uz

Иқтисодчи мактаб ҳожатхоналари ҳукумат эътиборидан четда қолаётгани, ҳожатхоналарнинг сифати тўғридан тўғри ўқувчилар давоматига боғлиқлигини таъкидлади. 

«Умуман ҳожатхоналар ҳақида гап кетганида, бизда ҳозир давлат кўпроқ туристлар учун йўл бўйидаги ҳожатхоналарга эътибор беряпти. Лекин мактаблар ичидаги ҳожатхоналар эътибордан четда қолаётгандек.

Аслида мактаб ҳожатхоналари таълимнинг узвийлиги, унинг даражаси билан тўғридан тўғри боғлиқ. Масалан, баъзи бир тадқиқотларни кўрдим, шуларга кўра, ҳожатхонанинг яхшилиги ва давомат ўртасида тўғридан тўғри боғлиқлик бор экан. Айниқса, қизлар масаласида. Чунки қизларимиз вояга етганидан кейин улардаги турли хил ҳолатларда ҳожатхоналар асосий рол ўйнайди. Шунинг учун ҳафтада ўқувчиларнинг 5-6 кун давомати йўқ бўлиб кетишини олдини олиш мақсадида ҳожатхоналар аҳволини яхшилаш зарур.

Тадқиқотларда санитар аҳволи яхши бўлмаган ҳожатхоналарга кирмаслик учун болалар сувни камроқ ичишга ҳаракат қилиши аниқланган. Бу билан улар ҳолати яхши бўлмаган ҳожатхонага киришга «қарши курашаркан». Ўқувчи, талабалар кўпроқ мия билан ишлагани сабаб уларга сув жуда ҳам зарур. Ҳожатхоналар масаласи нафақат давоматга, балки таълимнинг ўзига ҳам таъсир қиладиган томонлари бор.

Кореяда мактаб ҳожатхоналарига шундай ёндашилганки, бу борада ҳукумат даражасидаги веб-сайтлар ҳам бор. Мазкур сайтда қаерда оммавий ҳожатхоналар борлиги акс этган, уларнинг рейтинги ҳам юритилади. Юқорида қайд этиб ўтганларим: тозалик, яқинлик ҳамда хавфсизлик жиҳатларига Кореянинг барча мактаб ҳожатхоналари жавоб беради. Мактабларнинг ҳар бир қаватига ҳожатхоналар қурилган. Бу халқ учун ҳожатхоналарнинг тозалиги давлат миқёсидаги маданият ҳисобланади. Шунинг натижасида улар нафақат ўқувчилар давомати камайиб кетишининг олдини олади, балки кўпроқ сув истеъмол қилиб, яхши таълим олишларига ёрдам беради», – дейди иқтисодчи Тўрақулов.

Аввалроқ Kun.uz мактаб ҳожатхоналари ва ундаги аҳволга эътибор қаратиб, мавзу юзасидан суриштирув материалини эълон қилганди. Тўлиқ видеони шу ерда кўришингиз мумкин.

Мавзуга оид