Ўзбекистон | 21:27 / 12.04.2023
11253
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Цин Ган билан Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари муҳокама этилди. 

12 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Цин Ганни қабул қилди. 

Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. 

Суҳбат давомида сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. 

Сўнгги йилларда товар айирбошлаш икки баробар, қўшма корхона ва лойиҳалар сони уч баробар кўпайгани, Хитойдан 11 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилингани, пандемиядан сўнг мунтазам авиақатновлар тиклангач, ҳудудлараро алоқалар, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани қайд этилди. 

Ўзбекистон етакчиси Хитойга бўлажак давлат ташрифи ва «Марказий Осиё - ХХР» саммитига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади. 

Техник ҳужжатлари тайёрланаётган «Ўзбекистон – Қирғизистон - Хитой» темирйўлини қуриш лойиҳасини тез фурсатда амалга ошириш аҳамияти қайд этилди. 

Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига амалий кўмаклашиш борасидаги яқиндан мувофиқлашувни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Мавзуга оид