Тошкентда ЙТҲ оқибатида бир киши ҳалок бўлди
Учтепа туманида Cobalt ва Captiva машиналари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Икки ҳайдовчи ҳам шифохонага олиб кетилган, бир йўловчи ҳалок бўлган.
18 апрел куни Тошкент шаҳри Учтепа туманида иккита автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ЙҲХБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, соат 16:40 да туманнинг Кичик ҳалқа автомобил йўли кўчасида Cobalt ва Captiva машиналари тўқнашиб кетган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилар жароҳат билан шифохонага олиб кетилган. Cobalt йўловчиси олган жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлишига сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.