Ўзбекистон | 18:16 / 19.04.2023
26378
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Кўп йиллар Қўрғонтепа туманига раҳбарлик қилган Авазбек Эргашев вилоят ҳокимига ўринбосар бўлди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Авазбек Ёқубжонович Эргашев Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Авазбек Эргашев 1966 йил Олтинкўл туманида туғилган. 1992 йилда Андижон пахтачилик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Олтинкўл тумани «Оқ-тепа» ширкат хўжалиги аъзоси вазифасидан бошлаган.

1992-2022 йилларда Андижон вилояти Олтинкўл тумани «Оқ-тепа» ширкат хўжалиги аъзоси, энтомолог-агрономи, бош агрономи, раис ўринбосари, Олтинкўл тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси уруғчилик бўлими бош мутахассиси, Андижон вилояти «Пахта уруғчилик» бирлашмаси раиси, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Ғўза уруғчилиги» республика маркази бошлиғи ўринбосари бўлган.

2006-2020 йилларда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими бўлган, 2020-2022 йилларда Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида фаолият юритган. 2022 йил февралидан буён Ўзбекистон Республикаси Уруғчиликни ривожлантириш маркази директорининг ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Андижон вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2018 йилдан буён Рустам Исматуллаев ишлаётганди.

Рустам Исматуллаев

Мавзуга оид