Ўзбекистон | 18:11 / 19.04.2023
9545
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида одамларнинг молларини ўғирлаб келган икки жиноий гуруҳ қўлга тушди

Ҳозирга қадар уюшган жиноятчилар томонидан Тошкент вилоятининг турли ҳудудларида 17 бош қорамол, 7 бош қўй, 1 бош от ўғирлангани аниқланган.

Тошкент вилоятида қорамолларни ўғирлаш билан шуғулланган иккита жиноий гуруҳ қўлга олинган. ИИВ Тезкор-қидирув департаментига кўра, Пискент туманида яшовчи фуқаро 28 март куни тут плантацияси атрофида икки бош қорамоли ўғирлаб кетилгани ҳақида ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, ушбу жиноятни Пискент туманида яшовчи икки нафар шахс содир этгани фош этилган.

Гумонланувчи тариқасида жалб қилинган шахслар икки нафар шериги билан биргаликда Тошкент вилояти ҳудудида бир нечта ўғрилик содир этгани аниқланган. Ҳозирга қадар жиноий гуруҳ 2021 йилнинг 11 сентябрь кунидан буён 7 нафар фуқаронинг жами 10 бош қорамолини ўғирлагани аниқланган.

Бундан ташқари, бошқа бир гуруҳ 2023 йилнинг 3 апрель куни Янгийўл туманидаги хонадондан 15 миллион сўмлик бир бош отни яширин равишда олиб чиқиб кетаётган вақтида қўлга олинган.

Уларнинг машинаси ичидан пичоқ, қайроқ, қамчи, гўшт маҳсулотларини илиш учун мўлжалланган қурилма, болта, занжир ва арқонлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Тезкор суриштирув тадбирлари давомида ушбу жиноий гуруҳ Янгийўл туманида 2 та хонадондан икки бош қорамол, Зангиота туманида 3 та хонадондан 7 бош қўй ва уч бош қорамол, Тошкент тумани ҳудудидаги хонадонларнинг биридан 2 бош қорамолларни ўғирлагани аниқланган.

Ушбу жиноий гуруҳларнинг қорамол ўғриликлари билан боғлиқ бошқа жиноятларга алоқадорлиги юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

 

Мавзуга оид