Жаҳон | 15:57 / 20.04.2023
11434
2 дақиқада ўқилади

Украина: Россия Эрон дронларининг янги партияси билан ҳужум қилмоқда

Эроннинг камикадзе учувчисиз учоқларининг янги партиясини қабул қилиб олган Россия яқиндаги сукунатдан кейин Украинага ҳаво ҳужумларини кучайтирди. Бу ҳақда Жанубий мудофаа кучларининг бирлашган мувофиқлаштирувчи матбуот маркази раҳбари Наталя Гуменюк миллий телемарафон эфирида айтиб ўтди.

Фото: AP

Унинг сўзларига кўра, янги белгиларга эга «Шаҳед-136» дронларидан фойдаланиш Миколайив ва Одесса вилоятларида қайд этилган

Гуменюкнинг таъкидлашича, россияликлар камикадзе дронлардан тинч аҳоли ўртасида кескинликни сақлаш, шунингдек, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва муҳим инфратузилма объектларини излаб топиш учун фойдаланмоқда.

2022 йил октябр ойи бошидан бери Россия ҳарбийлари Украинанинг асосий энергетика инфратузилмаси объектларига 1200 дан ортиқ ракета ва учувчисиз учоқлар учирганди. Бундай маълумотлар «УкрЭнерго» томонидан компания Украина энергетика тизими тарихидаги энг қийин деб атаган иситиш мавсуми тугаши муносабати билан тақдим этилган.

«УкрЭнерго» маълумотларига кўра, 250 дан ортиқ ракеталар ва дронлар ўз нишонларига тегиб, асосий тармоқ объектларининг қарийб 43 фоизига зарар етказган. 

Мамлакатдаги барча иссиқлик ва гидроэлектр станциялари маълум даражада зарар кўрган. Айни пайтда шикастланган магистраль тармоқнинг қарийб 80 фоизи аллақачон ишга туширилгани хабар қилинган.

Мавзуга оид