Жамият | 13:55 / 10.05.2023
59504
9 дақиқада ўқилади

«Боламни ўғрилик деб олиб кетишганди» – нашида учун қамалган йигитнинг онаси видеомурожаат қилди

Теlegramʼдаги гуруҳга нашида юборгани учун 3 йилга қамалган талаба Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси президентга мурожаат йўллади. Унинг айтишича, Жаҳонгирни дастлаб дачада содир этилган ўғриликда гумондор сифатида олиб кетишганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 2022 йилда синфдошлари билан Telegram гуруҳга You Tube’даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборган. Нашида Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси билан «ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган» деб топилган.

8 май куни ЖИБ Оққўрғон туман судида судья Санжар Исақулов раислигида бўлиб ўтган суд жараёнида Жаҳонгир Улуғмуродов ЖК 244-1-моддаси 3 қисми «г» бандида назарда тутилган ҳаракатни содир этишда айбдор деб топилди. Айбланувчига ЖК 57-моддаси қўлланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси президентга ва Олий судга мурожаат йўллади.

«Ўғлим нашида нима эканини билмайман, қўшиқ деб эшитганман, деди»

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси

Мен Жаҳонгирнинг онаси Умарова Гулчеҳра бўламан. Ўғлим университетда ўқийди. У оилада энг катта фарзандим, болам унақа ёмон бола эмас. Боламга ишонаман, у менинг ғурурим. Куз ойлари эди, «военкомат»дан иккита бола келиб, «ўғлингиз армияга бориши керак» деб айтганди. Ўғлим институтда ўқийди, деганимдан кейин, «институтдан қоғоз қилиб келинглар», дейишди.

Ўзим касалхонада, дадаси эса ободонлаштиришда ишлайди. Куз ўрталари эди, сменадан қайтдим. Мен ухлаб ётганимда болаларим уйғотди, икки одам келди деб. Чиқсам, «Жаҳонгир сизнинг ўғлингизми?» дейишди. Улар ўзини таништирди ва дачада ўғрилик бўлган дейишди. Менинг ўғлим унақа бола эмас, у ўқийди, ишлайди, кечқурун келади, деб айтдим. Улар эса «ўша ерда Жаҳон, Жаҳон, деб бақиришган, маҳалладаги ҳамма Жаҳонгирларни териб кетяпмиз», деди. Ўғлимга телефон қилиб, дачада ўғрилик бўлган экан, чақиряпти деб айтдим. Фурқат деган болага айтдим, боламни кечгача ушлаб турманглар, жавоб бериб юборинглар, деб.

Ўғлим ишда эди, ўзи улар айтган жойга борадиган бўлди. Кетишди, бу орада мен жуда кўп телефон қилдим, лекин ҳеч ким жавоб бермади. Соат 12 ларга яқин ўртоғининг онаси келди-да, «ўғлингиз нима қилиб қўйганини биласизми?» деб анча жанжал қилди. Ичкарига олиб кирдим, нима эканини ҳатто тушунмай қолдим. Улар «нашида, нашида» деб айтишади. Мен ҳатто нашида нима эканини билмайман, у нашида дегани қўшиқ, шеър дегани экан.

Ўзим умуман диндан хабарим йўқ, кейин Жаҳонгир бир соатларда келиб қолди. Мен у нима эди деб сўрадим. Жаҳонгир «ая, мен ҳам билмайман нималигини, мен уни қўшиқ деб эшитганман, қўшиқ, қўшиқ» деб айтаверди. Ҳатто у қанақа қўшиқ экан деб кўришга дадаси рухсат бермади. «Сен болани ўқитаман, олий маълумотли қиламан деб қўймадинг, хароб қилдинг болани», деб уришди…

«Ўзимиз адвокат ёллашга қурбимиз етмаган»

Сентябрда ишхонасидан чақириб, ўғрилик билан деб айтиб олиб кетишди. [Ўшанда] уйга кечқурун қайтганда, «нашида» деб келди. Феврал ойининг 24-санасида мен ишхонада эдим, кечқурун уйга келдим. Олиб кетган болалар телефон қилди-да, «ўғлингизга туша олмаяпмиз, ўғлингиз керак», дейишди. Дадаси Жаҳонгирнинг телефонини олиб қўйишгани, қўлида телефони йўқлигини айтди. «Унинг телефонини олиб қўйган экансизлар, қандай тушасизлар?» деб айтдим. Дадаси уларга ишхонасининг номерини берди.

Жаҳонгир улар чақирган жойга борган. Кечқурун 11 яримларда «ая, 48 соат шу ерда мени ушлаб тураркан, хавотир олманглар» деб айтди. Эртаси куни адвокат телефон қилиб «мен давлат адвокатиман, ўғлингизга тайинланганман. Хоҳласангиз бошқа жойдан ҳам адвокат топишинглар мумкин», деди.

Ўша кундан кейин ўғлимни очиқликда кўрмадим, фақат тергов пайти икки марта кўрдим. Тергов вақти адвокат бизни чақиришини айтишганди, аммо адвокат чақирмади. Фақат тергов тугатилди деб телефон қилишди. Шундан кейин фақат суд пайти кўрдим, икки марта суд бўлди. Давлат тарафидан берилган адвокатга тергов учун 3 млн сўм, судга қатнашгани учун 3 млн сўм бердим. Ўзимиз адвокат ёллашга қурбимиз етмайди. Суддан олдин адвокат билан учрашганман. Адвокат менга «болангизни олиб чиқиб бера олмайман, фақат йилини камайтириб бера оламан», деди. Суд куни ҳам шу гапни қайтарди.

«Маҳалла боламни кафилликка олди»

Судга кирдик, боламни кўрдим. Тергов қилинган ҳамма болалар нимани билган бўлса, бир хил гапириб берди. Ҳаммасининг фикри бир хил бўлди. Судья болаларга «олдин бу қўшиқни эшитганмисизлар?» деб савол берди. Болалар «бу қўшиқни эшитмаганмиз, эшитган бўлсак, тергов пайти ўзлари қўйиб беришди», деб айтишди. Ўзимнинг укамнинг қизи ҳам шу гуруҳда бўлган. У ҳам бу гуруҳни очмаган. Биз бу қўшиқни эшитмаганмиз, деб судда кўрсатма берди.

Маҳалла болани кафилликка оламиз деб бошидан айтган. «Бу болада ҳеч қандай айб йўқ, битта қўшиқ учун қамалиб кетмасин», деб кафилликка туриб берди. Репититорга қатнаган ўқитувчиси ҳам кафилликка туриб берди. Ўзим институтга бориб болам тўғрисида тавсифнома олдим, ишлайдиган жойи – Қамар дўкони ходимлари ҳам у ҳақда ёмон гап гапирмади.

«Бу ҳолатимни душманимга ҳам раво кўрмайман»

Унга ЖК 244-1-моддаси 3 қисми «г» билан айблов қўйилди. Дардимни эшитадиган бирор одам борми? Бандаси бирор оғир иш қилса, тавба қилса Худо кечираркан. Болам суд залининг ўзида кечирим сўради. Шу қўшиқ шунчалик қадрли экан, инсон қадри қаерда қолди? Кечирмасдан 3 йил бериб юбориш одамгарчиликданми, инсофданми? Сизларнинг ҳам болаларинг борми? «Буни қўшиқ деб эшитганман», деди болам. Агар ўқимишли одам бўлганда ҳам шуни билмасди. Орган ходимларидан сўраганимда «ўғлинг намоз ўқийдими» деб сўрайди…

Адолат тўғрисида кўп гапирилади, агар ростдан адолат бўлса, ҳурматли президент сизга, Олий судга илтимос қиламан, ёрдам беринглар, ўғлимга яна бир имкон беринглар. Бу имконият фақат ўғлим учун эмас, мен учун ҳам берилган бўлади. Бу ҳолатимни душманимга ҳам раво кўрмайман.

«Нега телевизорда шу нашида мумкинмаслиги айтилмайди?»

Оиламизда олий маълумотли одам йўқ, болаларим ўқиса, мени камбағалликдан олиб чиқиб кетади деб ҳаракат қилганман, чунки мактабда яхши ўқиганимга қарамай, институтларга кириш насиб қилмаган, имконимиз бўлмаган. Дадам укамга фақат «ўғрилик қилма, бировни урма, бировга ёмон гапирма» деб айтарди. Мен ҳам боламга фақат шу нарсаларни айтибман, бировнинг ҳақига хиёнат қилма, бировни урма, дебман. Мен ҳам шу одамларга ўхшаб олий маълумотли бўлганимда балки телефонда шунақа нарсалар борлигини билганимда, боламга шу нарсаларни уқтирган бўлардим.

Ўша нашида мумкинмаслиги нега шу пайтгача айтилмаган. Нега телевизорларда айтилмайди, ҳамма каналларда сериал, рекламалар бўлади-ку? Нега рекламалар орасида шу нарсалар мумкинмаслигини кўрсатишмайди. Биз қаерда биламиз, болам қаердан билади у нашида эканлигини, мумкин эмаслигини?

«Болам энди рўзғорга ёрдам бераётганди»

Болам ёмон бола эмас, ҳар куни уйга келиб, овқатини еб укаси билан ўйнаб ўтиради. Араб тилини билмайди, инглиз тилида бироз гапиришга ҳаракат қилади. Укаларига математика, инглиз тилидан ўргатади. Уч фарзандим бор – каттаси Жаҳонгир. Энг кичик фарзандимни боғчага қўйиш ниятим йўқ эди, Жаҳонгир «ая, биз боғчага бормаганмиз, мен рўзғорга қарашяпман, укамни боғчага қўйинг, тил ўргансин» деб айтгани учун боғчага қўйгандим. Энди рўзғорга ёрдам бераётганди...

Мавзуга оид