Ўзбекистон | 14:08 / 10.05.2023
16258
5 дақиқада ўқилади

“Нукус воқеалари”да айбланган икки судланувчига сиртдан ҳукм ўқилди

«Алга Каракалпакстан» ҳаракати етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаев суд томонидан Нукус воқеаларини уюштиришда айбдор деб топилди. Айбланувчилар сиртдан 18 ва 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.

10 май куни Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) ва Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёнини якунлади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Олий суди ахборот хизмати.

Қайд этилишича, жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Султанмурат Давлетмуратов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилган.

“Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддасига (Суд муҳокамасида судланувчининг иштироки) асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А.Сагидуллаев ва Н.Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилди”, дейилади Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов томонидан эълон қилинган хабарда.

Аманбай Сагидуллаев. Фото: Kaktus.media

Суд томонидан:

  •  Аманбай Сагидуллаев Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1- ва 4-қисмлари, 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган;
  •  Ниетбай Уразбаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Ниетбай Уразбаев. Фото: Bureau.kz

Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми “а” банди (ушбу ҳаракатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли) чиқарилган.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан интернет тармоғидаги Аманбай Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланган.

“Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади”, дейилади расмий хабарда.

Олий суд аввалроқ айни пайтда Норвегияда яшовчи 55 яшар Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистонда истиқомат қилувчи 53 яшар Ниетбай Уразбаев Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланаётгани ва уларга нисбатан ўтказилаётган суд очиқ бўлиб ўтиши ҳақида хабар берганди.

“Ҳар бир миллатнинг ичидан шовинистлар, ультра миллатчилар чиқиши мумкин. Бундай одамга эргашадиганлар ҳам топилади. Қорақалпоғистондаги талотўплар таг замирида ҳам ана шундай шовинизм бор. Тузалмайдиган сепаратистларга нисбатан эса ҳуқуқий чоралар кўриш лозим”, деб ёзганди “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Аманбай Сагидуллаев ҳақида.

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ташкил этилган қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси, қўшни давлат Халқлар ассамблеяси аъзоси бўлган Ниетбай Уразбаевга нисбатан 2022 йилнинг октябрида Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилгани учун давлатлараро қидирувга бергани маълум бўлганди.

ИИВ сайтидаги Қидирувдаги шахслар рўйхатидаги маълумот Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ИИВ томонидан Қозоғистонга юборилган расмий хатда ушбу давлат фуқароси бўлган Уразбаевни қўлга олиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш сўралган. Ушбу сўровга жавобан Ниетбай Уразбаев Қозоғистон ИИВнинг қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилган.

Маълумот учун, “Алга Каракалпакстан” (“Олға Қорақалпоғистон”) сепаратистик ҳаракати Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишини тарғиб қилиб келади.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликлар кузатилганди. Расмий маълумотларга кўра, намойишлар вақтида 19 нафар киши қурбон бўлган. Нукус воқеалари бўйича икки алоҳида суд мажлиси якунларига кўра 22 нафар ва 39 нафар судланувчига ҳукм чиқарган эди.

Мавзуга оид