Жаҳон | 09:26 / 14.05.2023
25355
8 дақиқада ўқилади

Путиннинг Гуржистон орзуси: у виза режимини нега бекор қилди?

Россия президентининг Гуржистон билан виза режимини бекор қилиб, тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш тўғрисидаги фармонларидан сўнг, Гуржистон ҳукумати ҳарбий сафарбарликдан қочиб мамлакатда паноҳ топаётган россияликлар учун виза жорий этишни ўйлаб қолди. Нега?

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили. Фото: Jãrgen Heinrich /

Путиннинг юқорида зикр этилган иккита фармони Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ҳамда унинг атрофида бирлашган европапараст мухолифатнинг қаттиқ таҳликали реакциясини келтириб чиқарди. Европа Иттифоқи ҳам четда қолмади ва ҳукмрон россияпараст «Гуржистон орзуси» томонидан тузилган ҳукуматга иккиламчи санкциялар билан таҳдид қилди, деб ёзади журналист ва тарихчи Александр Желенин.

Зурабишвили эса бир қараганда Кремлнинг ижобий қадамларига жавобан терс характердаги чоралар кўриш кераклигини таъкидлади. Жумладан, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни тақиқлаш, россияликлар учун виза жорий этишни. Бунгача икки мамлакат ўртасидаги виза режими биртомонлама характерга эга эди — фақат Россияга кириб келаётган гуржистонликлар виза олишга мажбур эдилар. Россияликлар эса 2008 йилги урушдан сўнг ҳам Гуржистонга шунчаки чегарада паспортни тақдим этиб, тўсиқларсиз кириб келишда давом этишаётган эди.

Путин фармонлари нимани ўзгартирди?

Яқиндан танишилса, ҳеч нарсани ўзгартирмагани маълум бўлади. Визалар Россияга 90 кундан кам муддатга кириб келаётган гуржилар учун бекор қилинади, яъни жуда камчилик гуруҳ учун. Чунки гуржиларнинг жуда катта қисми Россияга ишлаш учун боришади ёки боришни исташади, бир қисми ўқиш учун боришади. Мана шу тоифадаги кўплаб инсонлар учун виза режими амал қилаверади. Боз устига, 2008 йил Россия Жанубий Осетияни аннексия қилгач, Москва билан дипломатик алоқаларни узган дипломатлар учун ҳам виза режими амал қилишда давом этади. Гуржистон ўз манфаатларини Москвадаги Швейцария элчихонаси орқали тақдим этиб келмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, Кремл томонидан «инсонпарварлик характеридаги қарор» сифатида тақдим этилаётган қарор икки мамлакат муносабатларида кўп нарсани ўзгартирмайди.

Иккинчи фармон Россия ва Гуржистон ўртасидаги авиақатновларнинг қайта тикланишига тааллуқли. Бу эса Путин томонидан 2019 йилда киритилган тақиқни бекор қилади, холос. Яъни бу ерда ҳам ҳеч қанақа янгилик йўқ: пошшо тақиқлади, пошшо рухсат берди. Лекин гап шундаки, авиақатновлар – иккитомонлама ҳаракат. Путин Россияда истаган нарсасини тақиқлаб ё рухсат бериши мумкин, лекин Гуржистонда ўз қонунлари ва қоидалари бор. Агар Гуржистон ҳукумати Путиннинг бу «эзгу ниятдаги қадами»ни истамаса, Россия билан ҳеч қанақа авиақатновлар тикланмайди.

Албатта, Кремлнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида фириб кўрадиган Зурабишвили ва Гуржистон мухолифатининг позицияси Россия томонидан Цхинвали тумани аннексия қилингач ва Абхазия мустақиллиги тан олингач, мутлақо қонунга мувофиқ ва мантиқли. Бугун ҳар бир гуржи сизга Россия Гуржистоннинг 20 фоиз ҳудудини аннексия қилганини айтади. Гуржиларнинг катта қисми Россиянинг Украинага ҳужумидан нафратланади. Россиянинг Гуржистонга оид ҳар қандай ҳаракатига Гуржистон жамиятининг кескин реакцияси илдизи мана шу ерда.

Лекин биз подадан олдин чанг чиқаришга гувоҳ бўлмоқдамиз. Агар гуржилар Россия билан авиақатновлар тикланишини хоҳлашмаса, у тикланмайди. «Визаларнинг бекор бўлиши» эса гуржиларнинг катта қисмини қамраб олмайди. Унда нега бунчалик ваҳима келиб чиқмоқда?

Ҳа, сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичар, дейишади. Буниси тушунарли. Москванинг мустақил сиёсат ўтказмоқчи бўлган, унинг таъсиридан чиқишга ҳаракат қилаётган қўшниларига нисбатан сиёсати ҳам тушунарли, сўнгги 23 йил ичида Кремл бу давлатларни хавф даражаси катта бўлган манбалар деб ҳисоблайди. Буниси ҳам тушунарли.

Бироқ айрим саволлар ҳам борки, уларга четдаги кузатувчилар учун адекват жавоблар топиш анча мушкул.

Айтайлик, гуржилар Россия раҳбариятининг ҳаракатларидан норози бўлса, нега айнан Путинга қарши чиқаётган ва Гуржистонни қўллаб-қувватлаётган россияликлар бундан жабр тортиши керак?

Гап, албатта, Саломе Зурабишвили ва мухолифатнинг Гуржистонга қочиб ўтган юз мингдан ортиқ россияликлар учун виза жорий этиш таклифи ҳақида кетмоқда. Чунки айнан улар (ҳечқурса, уларнинг катта қисми) Россия ҳукуматининг сиёсатидан норози бўлиб Гуржистонга қочиб келган. Мантиқ қаерда?

Тбилисидаги Гуржистон парламенти биноси. Фото: Marcin Konsek / Wikimedia Commons

Албатта, Гуржистонга қочиб ўтган россияликлар ичида Путиннинг тарафдорлари ҳам борлиги тайин. Ҳа, 2022 йилда бу мамлакат бўйлаб ўтган инсонларнинг катта оқими ичида бирмунча махфий ва очиқ Кремл агентлари бўлиши ҳам табиий. Лекин, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси аъзолари ким? Кремлнинг чизган чизиғидан чиқмайди-ку улар ҳам? Нега улар учун Путин аскарлари бўлишни истамаётган, украин ва гуржиларни ўлдиришни, ўзлари ҳам ўлишни истамаётган юз минглаб россияликлар жавоб бериши керак?

Гуржистонда яшар экансиз, гуржи сиёсий онгининг айрим ўзига хос хусусиятларини сезмаслик мумкин эмас. Бир томондан Гуржистон ҳукумати ва гуржи халқи 700 мингдан ортиқ россияликларга — мамлакатга 2008 йили ҳужум қилиб, Цхинвали туманини эгаллаб олган, унгача абхаз айирмачиларини қўллаб-қувватлаган давлат фуқароларига эшигини очиб, катта бағрикенгликни намойиш этди.

Иккинчи томондан, гуржиларнинг катта қисми россияликлар нима учун қочаётганини тушунмайди. Тбилисиликларнинг катта қисми Россияда иқтисодий вазият издан чиққани учун фуқаролари қочиб келяпти, деган фикрда. Асл вазиятни тушунтириш эса бефойда.

Йўқ, Гуржистонда русларга қарши тажовуз йўқ. Гарчи Тбилисидаги кўплаб хонадонларга «Слава Украине» ва «F*ck Russia» деб ёзиб қўйилган бўлса ҳам, маиший даражада русларга муносабат нисбатан яхши. Ҳар бир гуржи «ёмон халқ бўлмайди, ёмон ҳокимият бўлади», деган фикрда. Бу эса сизга сўралган заҳоти «ёмон» халқларнинг бутун бир рўйхатини кўрсатишга мудом тайёр бўлган руслардан тубдан фарқ қилади.

Аксарият руслардан фарқли ўлароқ, гуржилар ўта толерант. Тбилиси кўчалари кимларни учратмайсиз – эронликлар, покистонликлар, озарбойжонлар, арманлар, африкаликлар, энди эса руслар, украинлар ва беларуслар ҳам кўпайиб қолган. Гуржистон уларнинг барчасига ўз эшикларини очган ва бу ниҳоятда олийжаноблик. Лекин гуржича сиёсатнинг парадокси шундаки, россиялик сиёсий фаоллар ва журналистларни Гуржистон хавфсизлик хизмати мамлакатга киритмайди. Нега бундай? Ҳукумат ва Гуржистон хавфсизлик хизматидан сўраш керак буни...

Ниҳоят, сўнгги савол: Гуржистонга доир ушбу иккита фармонни имзолай туриб, Путин нимани кўзлаган ўзи?

Биринчи версия — иқтисодий. Масалан, «Коммерсантъ» нашри яқинда 2023 йилнинг биринчи чорагида Гуржистон Россияга ўз шароблари экспортини 50 фоизга оширганини ёзди. Ўз навбатида, Гуржистонда яшаб туриб, маҳаллий дўконлар ва дорихоналар пештахталарида Россияда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулоти кўпайиб қолганини сезмаслик мумкин эмас.

Албатта, Россия ва Гуржистон ўртасидаги авиақатновларнинг тикланиши икки мамлакатнинг ўзаро товар айланмасини янада оширарди. Бироқ, аҳолиси 3,7 млн киши бўлган, унчалик бой бўлмаган мамлакатнинг ички истеъмол ҳажми ғарб санкцияларидан эзилган Россиядек катта давлат иқтисодиёти учун катта рол ўйнамайди. Ёки глобал бозорларни қўлдан бой берган Кремл кичик қўшниларни битталаб териб чиқяптими?

Иккинчи версия шундан иборатки, Путин бу қадамлар билан атайлаб Гуржистон жамиятини қўзғатиб қўйишни мақсад қилган (ва буни уддалади ҳам). Ички зиддиятларнинг лойқаланган сувида ўз ўйинларини ўйнаш учун, албатта. Бу жуда ҳам эҳтимолли. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, қизиққон гуржи сиёсатчиларига Путин провокацияларига учмасликни, оташқалбликни тарк эмасдан, совуққонлик билан муносабатда бўлишни тилагинг келади.

Мавзуга оид