Жаҳон | 17:41 / 16.05.2023
15264
6 дақиқада ўқилади

Тан олинмаётган одамлар – чиқинди йиғувчилар ҳақида

Чиқинди йиғувчилар аҳамияти унча юқори бўлмаган иш қилаётганга ўхшаб туюлса-да, улар атроф-муҳитни ифлосланишдан сақловчи муҳим кишилар ҳисобланади. Лекин чиқинди йиғувчилар ҳукуматлар томонидан расман тан олинмаслик, одамларнинг менсимасликларига дуч келишади. Бироқ барибир соғлиги учун зарарли бўлган ахлатхоналарда қайта ишланувчи чиқиндиларни саралашда давом этишади.

Иқлим ўзгариши муаммолари катталашаётгани сари чиқиндиларни қайта ишлаш, ифлосланишнинг олдини олиш муҳим бўлиб боряпти. Бу жараёнда чиқинди терувчиларнинг аҳамияти катта. Улар дунё бўйича 60 фоиз пластикни қайта ишлашга сабабчи бўлишади. Бироқ бу одамларнинг муаммолари ҳам катта: улар даромад камлигидан қийналишади, зўрлик ва бошқа тажовузлардан энг кам ҳимояланадиган қатлам бўлиб қолишмоқда, қолаверса, пластик ифлосланиши сабаб вужудга келадиган касалликлар билан ҳам энг кўп улар оғрийди.

Фото: Wiego

56 млн ишчиси бор соҳа

Дунё бўйича 56 млнга яқин одам чиқиндиларни – металл, шиша, картон ва пластикларни териб, уларни қайта ишлашга топшириш ишлари билан шуғулланади.

Мексикадан Нью-Йоркка мигрант бўлиб келган Жозефа Манир ҳам чиқинди терувчи. У 1987 йили Америкага келгач дастлаб ширинлик ишлаб чиқарувчи фабрикада супурувчи бўлиб ишлайди. Ҳафтасига 140 долларлик маошига ҳарна яна қўшилиши учун чиқинди тера бошлайди. У Бруклин атрофида аравада айланиб юриб, қайта ишланувчи чиқиндиларни йиғиб, қайта ишлаш марказида уларни нақдга сотиб оладиган воситачиларга сотарди. Кейинроқ, 2000-йилларда асосий ишидан айрилгач, чиқинди саралаш Жозефанинг асосий тирикчилик манбаига айланади ва бундан кунига ўртача 80 доллар атрофида пул топади.

Чиқинди терувчилар нафақат чиқиндиларни қайта ишлаш марказларига топширади, балки улар одамларни чиқиндиларни қандай саралаш мумкинлигига ҳам ўргатиб боришади. Шунинг учун ҳам уларнинг ифлосланишнинг олдини олишдаги хизматлари катта. Бироқ, афсуски, кўп давлатларда чиқинди терувчилар ҳуқуқий жиҳатдан тан олинмаган. Масалан, Ўзбекистонда ҳам шифокор, ҳайдовчи каби касблар қаторида чиқинди терувчилар қўшиб тилга олинмайди.

Фото: Greenpeace

Масъулиятли вазифа

Чиқинди терувчиларнинг аҳамияти йирик мегаполисларда юқори. Масалан, Нью-Йорк шаҳрида санитария департаменти қайта ишланиши мумкин бўлган қутиларнинг атиги 28 фоизини, пластикларнинг эса 5 фоизинигина йиғади холос. Коллекторлар эса ҳар йили миллионлаб тонна қўшимча қайта ишланиши мумкин бўлган чиқиндилардан полигонларни тозалайди.

Чиқиндини қайта ишлаш давлат тизими бўлмаган мамлакатларда уни йиғувчиларнинг ўрни янаям каттароқ. Лотин Америкасидаги баъзи давлатларда қайта ишлаш мумкин бўлган чиқиндиларнинг 96 фоизи чиқинди полигонларига ташланади. Сабаби уларни қайта ишлаш дастурлари йўқ. Бу давлатларда чиқинди йиғувчилар фақатгина маҳаллий саноат вакиллари тўплаган материалларига қанча тўлашса, шунга рози бўлиб топширишади.

Чиқинди йиғувчилар кимлар?

Чиқинди йиғувчиларнинг хизматлари сабаб шаҳарларда пластик ва бошқа қайта ишланиши мумкин бўлган материаллар камайиб, тозалик таъминланади, санитария ҳолати яхшиланади. Бироқ аксар ҳолатларда бу ишни бажарувчилар таълим олмаган кишилар ёки мигрантлар ҳисобланади.

Фото: HasirudalaInnovations

Чиқинди йиғувчиларга оид рақамлар ҳам хўжаликларни ўрганиб сўровномалар ўтказиш асосида аниқланган. Улар бирор ерда расмий қайд этилмайди ҳам. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги мобил ҳаёт кечиради, баъзилари эса ўзи ҳақида бирор маълумот беришдан қўрқади.

Чиқинди саралаш тарихи

19-аср охирида АҚШда шаҳар аҳолиси ҳайвон жасадлари, куллар, латталар ва бошқа чиқиндиларни кўчалар ёки маҳаллий дарё, ариқларга ташлашади, оқизиб юборишади. Бу эса жамоат соғлиги ёмонлашишига ва мамлакатда чиқиндиларни йиғиш ва тозалаш билан шуғулланувчи ишчи кучи яратилишига сабаб бўлади.

1921 йилда Сан-Францискода норасмий чиқинди йиғувчилар ўз корпорациясини ташкил қилишди. Нью-Йорк шаҳрида эса чиқиндиларни бошқариш тизими 1896 йилда расмийлаштирилади.

Шаҳарлар бошқарувидагилар санитария ходимларига маош тўлаб келишади. Лекин гарчи муҳим вазифани бажаришаётган бўлса-да, АҚШ шаҳарлари ҳокимиятлари чиқинди йиғувчиларни расмий тан олиш ёки уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақида ўйлаб кўрмаяпти.

Глобал миқёсда чиқинди меҳнатини қадрлаш аста-секин амалга ошмоқда. 2001 йилда чиқинди йиғиш Бразилияда расмий фаолият соҳаси сифатида тан олинган. Аргентинада эса шу йилдан бошлаб бир марталик ишлатиш воситалари ишлаб чиқарувчи компанияларга солиқ солина бошланди. Ундан тушган даромаддан норасмий чиқинди йиғувчилар ҳам молиявий қўллаб-қувватланади.

Чиқинди йиғувчилар ўзлари расмий тан олиниши муаммосидан ташқари одамларнинг менсимасдан қилинадиган муомалаларини кўтаришга ҳам мажбур бўлишади.

Чиқинди йиғувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус Чиқинди йиғувчилар халқаро алянси тузилган. Ташкилот экология ва иқлим ўзгаришига оид халқаро тадбирларда иштирок этиб келади.

Фото: Weigo

Ўзбекистонда вазият қандай?

Ўзбекистонда йилига 7 миллион тонна чиқинди шунчаки полигонларга ташлаб юборилади. Пластик, металл, қоғоз, органик чиқиндилар аралаш бўлиб, бир жойда ётади ва ерни ҳам, сувни ҳам, ҳавони ҳам заҳарлайди. Экоқўмита маълумотларига кўра, чиқиндиларнинг фақат 21 фоизи қайта ишланади. Мамлакатда чиқиндини қайта ишлаш кўрсаткичи паст.

Фото: Kun.uz

Kun.uz ўтказган сўровномага кўра, чиқиндини саралашга кўпроқ ёши катталар ҳафсала қилади. Ёшлар эса асосан, фақат нонни бошқа чиқиндилардан ажратишади. Қолган барча чиқиндилар тўғридан тўғри чиқиндихоналарга ташланади.

Фото: Kun.uz

Чиқиндихоналарда эса турли идишларни, шишаларни саралаб оладиган чиқинди сараловчиларни кўрмаган одам бўлмаса керак. Улар антисанитария шароитида биз чиқарган чиқиндиларни саралашади ва оз бўлса-да қайта ишланиб, табиатга зарар етказмаслигига ҳисса қўшишади. 

Мавзуга оид