ЕТТБ: Ўзбекистон иқтисодиёти 2023-2024 йилларда 6,5 фоиздан ўсиши мумкин
Европа тикланиш ва тараққиёт банки кутилмаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг ўсиши 2023 йилда 5,2 фоиз, 2024 йилда эса 5,4 фоизни ташкил этади. Юқори фоиз ставкалари, инфляция ва маҳсулот нархларининг ошиши узоқ муддатли истиқболда минтақавий ўсишга салбий таъсир қилиши мумкин.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) прогнозларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари: Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иқтисоди 2023 йилда умумий ҳисобда ўртача 5,2 фоизга ўсади. Бу ҳақда ташкилотнинг “Минтақавий иқтисодий прогноз” ҳисоботида келтириб ўтилган.
“Россиядан корхоналар ва жисмоний шахсларнинг кўчиши, бошқарувнинг яхшиланиши, товарлар экспортининг кўпайиши ва Хитой билан янги алоқалар туфайли минтақада 2024 йилда тахминан 5,4 фоиз иқтисодий ўсиш бўлиши кутилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодлари Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ нохуш геосиёсий ҳодисага чидамлилигини кўрсатди. Минтақа иқтисодларининг аксарияти халқаро фирмаларнинг Россия бозоридан чиқиб кетиши натижасида юзага келган бўшлиқда воситачи сифатида, ўз маҳсулотларини етказиб бериш орқали Россия билан савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада ошди, бу эса банк депозитлари ва фойданинг ошишига хизмат қилди. Россия фирмалари ва жисмоний шахсларининг кўчирилиши чакана савдо, кўчмас мулк ва меҳмонхона тизимида талабни оширди”, дейилади ЕТТБ ҳисоботида.
Қайд этилишича, Россиядаги кучли ишчи кучи талаби ва рублнинг мустаҳкамланиши фонида меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳам ошган.
“2023 йилнинг биринчи чорагида минтақа бўйлаб ўсиш давом этди, аксарият мамлакатларда истеъмол нархлари инфляцияси марказий банклар томонидан белгиланган мақсадли диапазонлардан анча юқори бўлди. Минтақа иқтисодлари яқин келажакда тез суръатлар билан ўсишда давом этиши мумкин, бироқ фоиз ставкалари, инфляция ва хомашё баҳосидаги глобал тенденцияларга нисбатан ноаниқлик сақланиб қолмоқда”, дея таъкидлашган ЕТТБ экспертлари.
Ўзбекистон бўйича прогнозлар
2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,7 фоиз ўсишни қайд этди. Бунга ташқи ва ички талабнинг сезиларли яхшилангани, жумладан, пул ўтказмаларининг икки баравардан зиёдроққа кўпайгани катта таъсир ўтказган.
“Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 ва 2024-йилларда 6,5 фоиздан ўсиши кутилмоқда. Хорижий инвестициялар, компаниялар ва жисмоний шахсларнинг кириб келиши, хусусийлаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар бунга сабаб бўлади. Нисбатан диверсификацияга қарамай, иқтисодий ўсишга Россиянинг Украинага қарши урушининг янада кучайиши ва пул ўтказмаларининг қисқариши тўсқинлик қилиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.
Мавзуга оид
22:47
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024