Иқтисодиёт | 13:02 / 18.05.2023
4768
3 дақиқада ўқилади

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш тартиби тасдиқланди

Марказий банк бошқарувининг “Тўлов тизими операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини назорат қилиш ва кузатувни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини назорат қилишда Марказий банк:

  • тўлов тизимлари операторларидан ва тўлов ташкилотларидан тўлов тизимларининг ишлаши билан боғлиқ ахборотни, шу жумладан шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган ахборотни сўраб олади;
  • тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш шакллари ва муддатларини, шунингдек ҳисоботларни тузиш услубиётини белгилайди;
  • тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан тўлов тизимларининг ишлаши тўғрисида тақдим этилган ахборотни таҳлил қилади;
  • тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини инспекция текширувларидан ўтказади;
  • тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган тақдирда тўлов тизимларининг операторларига ва тўлов ташкилотларига нисбатан чоралар ҳамда санкциялар қўллайди. 
  • Мазкур ташкилотлар фаолиятини ўрганишда  Марказий банк “сирли мижоз”ларни жалб қилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолатларда тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини инспекция текшируви ўтказилиши мумкин:

  • таваккалчиликни баҳолаш натижалари асосида;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг сўровлари асосида;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида.

Инспекция текширувининг муддати 30 календарь кундан ошмаслиги лозим. Марказий банкнинг қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмасини бажармаган, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган тақдирда, Марказий банк қуйидаги санкциялардан бирини қўллайди:

  • БҲМнинг 5 000 бараваригача бўлган миқдорда жарима солади;
  • тўлов хизматларининг ва (ёки) операцияларнинг айрим турларини амалга оширишни 6 ойгача бўлган муддатга чеклайди;
  • лицензиянинг амал қилишини 10 иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туради.

Марказий банк йилда камида бир марта тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Мавзуга оид