Жаҳон | 21:01 / 26.05.2023
18796
2 дақиқада ўқилади

Хитой ЕИ мамлакатларига Украина ҳудудларини Россияга беришни таклиф қилди — ОАВ 

Хитой Европа Иттифоқини Россия томонидан аллақачон босиб олинган Украина ҳудудларини Россияга топширишга розилик бериш зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилган. 

Фото: Reuters

Хитойнинг махсус вакили Ли Хуэй бошчилигидаги делегация Европа етакчиларини Россиянинг Украинага қарши уруши масаласида бетарафликни сақлаш, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Россия томонидан аллақачон босиб олинган ҳудудларни топширишга розилик бериш зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қилди. Бу ҳақда Wall Street Journal хабар берди. 

Европа давлатлари расмийлари Хитойнинг тинчликпарварлик саъй-ҳаракатларини бутунлай рад этмоқчи эмас, бироқ улар Россия қўшинлари Украина ҳудудида қолса тинчлик ўрнатиб бўлмайди, деб ҳисобламоқда. 

Европалик дипломатлардан бирининг сўзларига кўра, Хитой делегациясига «можарони музлатиш халқаро ҳамжамият манфаатига тўғри келмайди» деган жавоб берилган. 

26 май куни Ли Хуэй музокаралар учун Москвага борди ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. У Хитойнинг Россия-Украина урушини тугатиш режасини муҳокама қилди. Бунгача у Украина, Полша, Франция, Германия ва Бельгияда бўлган эди. 

24 май куни Хитой етакчиси Си Жинпинг Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашиб, уни Россиянинг «асосий манфаатлари»ни қўллаб-қувватлашига ишонтирди. 

Шу билан бирга, апрель ойида Хитойнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Фу Конг Хитой Украинадаги урушни қўллаб-қувватламаслигини ҳамда Қрим ва Россия томонидан босиб олинган Украинанинг бошқа ҳудудларини Россияга тегишли деб тан олмаслигини таъкидлади. 

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин, Хитой унинг асосий савдо шеригига айланди. У Россия нефтини сотиб олишда давом этмоқда.

Мавзуга оид