Жаҳон | 21:32 / 01.06.2023
28892
7 дақиқада ўқилади

«Ўнлаб болалар тириклайин ёниб кетган» — советлар сир сақлаган фожиага 64 йил тўлди

СССРда йирик фожиалар одатда жуда қаттиқ сир сақланган. Халқ тинч ва осойишта турмуш кечираётгани иддао қилиниб, газеталар ва телевидение бу воқеалар ҳақида миқ этмасди. 1959 йил 2 июн куни Красноярск ўлкасининг Минино станцияси яқинида содир бўлган темирйўл ҳалокати ана шундай ҳодисалардан биридир.

Минино станцияси / Фото: Мария Ленц

Воқеада камида 65 нафар бола ҳалок бўлгани айтилади. Фожиа кўлами катта бўлса-да, на маҳаллий, на марказий газеталар бу ҳақида бир қатор гап ёзмаган.

2013 йилда «Аргументи и факти» нашри Красноярск ўлкаси тарихидаги йирик ҳалокат ҳақида мақола эълон қилди. Шундан сўнггина одамлар ярим аср аввалги ҳодиса ҳақида оммавий била бошладилар.

Ўша йили Минино станциясида ғалати оммавий қабрни топган эдилар. Унда бир неча ўнлаб нотўлиқ фамилиялар бор эди. Бу тепаликча ва қабристон – бундан 64 йил аввалги машъум ҳодисанинг тилсиз гувоҳларидан бири эди.

Машъум кун

1959 йил 2 июн куни Красноярск бекатидан чиққан, ичида кўп сонли совет пионер-болалари бўлган «Красноярск – Абакан» йўналишидаги поезд соат 19:30да Минино бекатида тўхтайди. У ерда поездларни тўхтатувчи қизил чироқ ёниб турарди. Яшил ёниб, вагонлар қўзғалгач, қўшни йўлда тўхтаб турган, нефт ортилган поездга бошқаси келиб кучли зарб билан урилади. Оқибатда болалар чиққан поездда икки вагон ажралиб кетади, бунинг устига ҳалокат натижасида нефт ёна бошлайди. Болалар олов ичида қолиб кетади.

Йўловчи поезди билан шу суратдагига ўхшаш типдаги поезд тўқнашган. / Фото: АиФ

Ҳодисага станциядаги светофор ишида носозлик келиб чиққани сабаб бўлган. Бу носозликка нима сабаб бўлгани ҳақида эса аниқ маълумот йўқ. Тахминлардан бирига кўра, темирйўл ёқасини дарахтлардан тозалаш пайтида қулаган дарахт сигнализация тармоғига зарар етказган бўлиши мумкин. Бошқа бир тахминга кўра, яшин уриши натижаси светофорнинг ўзида носозлик рўй берган.

Ўша пайтларда фойдаланилган темирйўл светофори / Фото: Надежда Ильченко

Минино станцияси яқинида яшовчи Виктор Индриков ўша пайтда 9 ёшда бўлган.

«Биз болалар билан клубдан соат саккизларда чиқиб, ҳалокат жойига бордик. У ерда ёнғин бўлаётганди. Етиб бормасимиздан, ёқилғи цистернаси портлаб кетди. Бу худди атом бомбасининг портлашига ўхшарди... Жуда қўрқинчли эди, одамлар қичқирарди, улар бомба портлади, уруш бошланди дея ўйладилар... – дея ҳикоя қилади Индриков. – Мен уйга югурдим. Отам йўқ эди, барча темирйўлчилар дарҳол сафарбар қилинганди. Эрталаб соат 4 ларда бувим воқеа содир бўлган жойга отланди, мен ундан мени ўзи билан олиб кетишни илтимос қилдим.

Манзара даҳшатли, ҳамма нарса ёнаётганди. Аскарлар – 300 киши, оловли дарё оқади. Икки вагон ағдарилган, жасадларнинг куйган ҳиди, яқин атрофда ҳарбий чодирлар ёйилган, аскарлар жасадларни жойлаштирган. Юк поезди машинистининг шок ҳолатида худди бир гапни такрорлагани хотирамда қаттиқ муҳрланиб қолди: “Бу менинг айбим эмас, мен яшил чизиқда кетаётган эдим!..”

Тўнтарилган вагонларнинг аксариятида болалар бўлган. Ёнғин ҳудудида оқ панама шляпалар ва қизил галстуклар сочилиб кетган. Шундан кейин менинг оилам бу бахтсиз ҳодиса ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилишди. Отам ўзидан ва ўртоқларидан ҳодисани ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олганликларини айтган...»

«Одамлар яқингача бу ҳақида гапиришга қўрқиб келди...»

Минино станцияси / Фото: АиФ на Енисее / Полина Ильина

Россиялик журналист Александр Шербаковнинг айтишича, оммавий қабр ва ёдгорлик топилгандан сўнг ҳам у дастлаб бу воқеага ишонмаган. Сўнгра, қариялар, танишлар, темирйўл ходимлари ишга солинди.

«Ҳодиса ҳақида таниш темирйўлчилардан эшитгандим. Мининога келдим, ёдгорликни кўрдим, ҳатто дастлаб ишонмадим ҳам. Суриштирдим. Натижада тирик гувоҳлар ҳануз кўп экани маълум бўлди. Баъзилар жон деб гап бошлади, кўнгилларини шу йўл билан бўшатиб олишга ҳаракат қилишарди. Айримлар эса ҳодисага ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам гапиришга ҳайиқарди», дейди Шербаков.

Нефт поездига бориб урилган юк поезди машинисти Федор Кирилловнинг қизи Галина Кирилловага кўра, бир кун аввал уларнинг оиласи 1 июн – болалар кунини нишонлашганди. Оила шаҳар айланиб келгач, темирйўлчи отага қўнғироқ бўлади ва ишга чақирилади.

«У кетиши керак эди, иш куни бўлмаса ҳам. Бошқа машинистнинг ўрнига ишлаши керак экан. Отам кетаётиб онамга: «Негадир кетгим келмаяпти» деди. Аммо кетди... Отамни бошқа кўрмадик», дейди Галина.

Дафн ва тобутлар

Минонода ҳалокат қурбонларига атаб қўйилган ёдгорлик / Фото: Мария Ленц

Гувоҳлар марҳумлар қандай дафн этилганини эслашади. Айтилишича, олов ўчирилгач, жасадлар йиғилиб, вагонларга ортилган ва Красноярскка, темирйўл маданият саройига олиб кетилган. У ерда тобутларга солинган ва Минино станциясига қайтарилган.

Сўнгра, қариндошлар чақирилди. Шахси аниқланганларни яқинлари уйларига олиб кетишди. Aммо кўпчилик ҳеч кимни топа олмади ва Мининодаги дафн маросимида қолишган. Қишлоқнинг ўртасига, қарағай ўрмонига 59 та тобут қўйилган, кўплаб шифокорлар, тез ёрдам машиналари, ҳатто оркестр ҳам бор эди. Қабристонда узун хандақ қазилди, зинапоялар қилишди ва тобутларни у ерга туширишди.

Фото: Мария Ленц

Курсант Александр Гокку 1959 йилда 21 ёшда эди. Унинг айтишича, 3 июн куни саҳар соат 4да тревога бўлган. Командир воқеа жойига етиб борган, сочилиб ётган инсон таналарини кўрсатган ва териб олиш ҳақида буйруқ берган.

«Бу жуда даҳшатли эди... Командир даҳшатни енгиш учун тарвуз йиққандай тасаввур қилишни буюрди», дейди собиқ курсант.

Воқеа жойидаги излар жуда тез тозаланган. Бир суткадан сўнг, яна поездлар қатнай бошлади. Вагонлар ёниб кетган дала булдозерлар билан тозаланиб, шудгор қилиниб, нўхат экилди. Фақат айрим жойларда йиллар давомида нефт қолдиқлари сақланиб қолган.

Афсуски, ҳануз масъул ташкилотлар, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари фожиа бўйича расмий хабар беришганича йўқ. 2 июнда юз берган машъум воқеа гувоҳлар, далиллар ва журналистик суриштирувлардан сўнг «тирилтирилмоқда». Ҳалигача юздан ортиқ бола ҳалок бўлганига оид даҳшат тафсилотлари беркитилганича қолмоқда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид