Сотилаётган АЁҚШлар, газ музокараси ва “Очиқ бюджет”га кўпроқ пул – иқтисодий таймлайн
Россиядан Ўзбекистонга газ узатиш бўйича музокаралар давом этяпти. “Ўзбекнефтгаз”нинг 80га яқин АЁҚШларини сотиш жараёни бошланди. Бензин ишлаб чиқариш ва импорт кескин ошган. Тижорат банклари устав капитали бўйича янги талаблардан огоҳлантирилди. Ортда қолаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари – иқтисодий таймлайнда.
Ўзбекистон ва Россия РФдан газ импорти масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистонга Россиядан газ импорт қилиш масаласи кун тартибида сақланиб турибди. Сешанба куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Газпром” раиси Алексей Миллер билан учрашди. Расмий хабарга кўра, учрашувда “ҳамкорликнинг бориши ва истиқболлари”, хусусан Россиядан Ўзбекистонга газ узатиш масаласи муҳокама қилинган.
Мирзамаҳмудов Energy Intelligence нашрига берган интервюсида Россиядан газ импорт қилиш бўйича техник ишлар ҳал қилинаётганини айтди. “Техник масалалар ҳал этилиши биланоқ, тижорий шартларни муҳокама қиламиз”, деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январ ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Келишувда “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали тескари тартибда Россиядан Ўзбекистонга бозор нархида газ етказиб беришни бошлаш учун зарур техник чоралар кўзда тутилган. Россия компанияси шунга ўхшаш шартномани деярли бир вақтда Қозоғистон билан ҳам имзолаган.
Ундан аввалроқ, 2022 йил ноябр ойида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан биргаликда уч томонлама газ иттифоқи тузишни таклиф қилганди. Лекин Ўзбекистон, Россиядан газ харид қилинадиган бўлса, бу иттифоқ тарзидаги келишув асосида эмас, олди-сотди шартномаси шаклида бўлишини билдирган.
Оммавий ахборот воситаларига сиздирилган маълумотга кўра, Россия томони газ иттифоқи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ узатиш тармоқлари эгалигини қўлга олмоқчи бўлган, лекин ҳар икки мамлакат буни рад этган.
Вазир АЭС ҳақида: “Ҳозир биринчи навбатда қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор қаратяпмиз”
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги биринчи АЭСни қуриш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. У АЭС қурилиши мамлакат учун жиддий масъулият экани, бунинг учун Ўзбекистон ҳар қандай рискларни бартараф этиши кераклигини таъкидлади.
Мирзамаҳмудов жараён кутилганидан секин кетаётганига изоҳ бериб, бунга ҳар бир детал текширилаётгани ва хавфсизлик чоралари кўрилаётганини сабаб қилиб кўрсатди.
“Атом электр станциясини қуриш давлатга ҳам молиявий, ҳам бошқа жиҳатларга кўра жуда жиддий мажбуриятлар юклайди. Шу сабабли ҳозир биз мавжуд энергия танқислигини бартараф этиш учун биринчи навбатда қайта тикланадиган энергия манбаларини жадал ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз”, деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
“Очиқ бюджет”га ажратиладиган пуллар оширилади
Келгуси йилда “Очиқ бюджет”га бериладиган маблағ 3 карра оширилиб, 24 триллион сўмга етказилади. Бу ҳақда президентликка номзод, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев сайловди кампаниясида маълум қилди.
Фуқаролар ташаббуслари асосида молиялаштириладиган лойиҳаларга ажратиладиган пуллар миқдори ҳар йили ошириб бориляпти. Бундай лойиҳаларга “Ташаббусли бюджет”, “Менинг йўлим”. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари киради.
2023 йилдан бошлаб бу лойиҳаларга маблағ миқдори 3,5 баробарга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилганди. Ҳозирча “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсуми ва “Менинг йўлим” лойиҳалари якунланди, ноябр ойида “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсуми бошланади.
Жорий йилдан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига нималарни киритишни ҳам фуқаролар ҳал қиладиган бўлди. Апрел ойида тасдиқланган низомга кўра, дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни – ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида (2023 йил учун, истисно тариқасида, 2023 йил май ойида) ўтказилади.
UNG Petro шохобчалари сотилади
Ўзбекистондаги энг йирик ёқилғи шохобчалари тармоғи бўлмиш UNG Petro'даги 100 фоиз давлат улушини сотишга тайёргарлик бошланди. Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусийлаштириш бўйича консалтинг компанияси излаётгани ҳақида эълон берди.
Талабгорлардан тижорат таклифларини 2023 йил 11 июнгача тақдим этиши сўралмоқда.
UNG Petro'ни хусусийлаштириш президентнинг 2023 йил 24 мартдаги қарорида кўзда тутилган. Қарорда корхона Ўзбекистон бўйлаб 78 та АЁҚШга эгалик қилиши кўрсатилган.
Бензин ишлаб чиқариш ва импорт сезиларли ошди
Ўзбекистон 2023 йилнинг дастлабки 4 ойида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 2 баробар кўп бензин импорт қилган. Тўрт ойда импорт қилинган 335 млн литр бензиннинг 98 фоизи Россиядан олиб келинган.
Нафақат импорт, балки бензин ишлаб чиқариш ҳам сезиларли кўпайган. Январ–апрел ойларида 500 минг тоннадан ортиқ автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 32 фоизга кўп.
Бензин истеъмолининг ортиши ўтган йили охирида метан-шохобчалар фаолиятига чеклов қўйилиши ортидан бошланган эди. 10 декабрдан АИ-80 маркази автобензин учун аксиз солиғи вақтинча бекор қилиниб, нарх арзонлаштирилди. Бензин импортининг сезиларли ошишига шу омил сабаб бўлган бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, АИ-80 бензинига солиқ имтиёзи 2023 йил 31 декабргача амал қилади.
Уруш эффекти: 60 минг норезидент ўзбек банкларида ҳисобварақ очган
Ўтган йили Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилиниши ортидан ўн минглаб россияликлар хорижга, хусусан Ўзбекистонга келиб жойлашган эди. Маълум бўлишича, 2022 йилда 60 мингдан ортиқ норезидентлар ўзбек банкларида ҳисобварақлар очган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Сенат ялпи мажлисида маълум қилди.
“Ҳақиқатан ўтган йили геосиёсий вазият туфайли ҳисобрақам очган норезидентлар сони 60 мингтадан ошди, яъни қарийб 892 млн долларга яқин эквивалентдаги маблағлар банкларга қўйилди”, – деди Нурмуродов.
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, норезидентлар томонидан ўзбек банкларига қўйилган қарийб 900 млн доллар маблағ банклардаги жами чакана депозитларнинг қарийб 15 фоизига тенг.
“Норезидентларнинг банк тизимидаги маблағларининг кескин ошиши аксар постсовет давлатлари банклари учун янги чақириқларни яратмоқда. Масалан, Грузия Марказий банки норезидентларнинг пул маблағлари жуда қисқа муддатларда ва тез чиқиб кетиши эҳтимолини ҳисобга олиб, грузин банкларига норезидентлар депозитларининг камида 80 фоизини ликвид активларда ушлаш талабини киритмоқда”, – дейди иқтисодчи.
Банкларнинг устав капитали оширилмоқда
Банкларга оид яна бир хабар билан таймлайнга якун ясаймиз. Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини ошириш ва ресурс базасини кўпайтириш мақсадида, апрел ойида уларнинг устав капитали миқдорига қўйиладиган талаблар оширилганди. Унга кўра, банкларнинг устав капитали 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 200 млрд сўмдан кам бўлмаслиги керак. Шунингдек, энг қуйи чегара 2024 йил 1 апрелдан бошлаб 350 млрд сўмга, 2025 йил 1 январдан эса 500 млрд сўмга кўтарилади.
200 млрд сўмлик дастлабки талаб кучга киришига 3 ойдан камроқ вақт қолди. Лекин, 1 май ҳолатига, камида 8 та банкнинг устав капитали 200 млрд сўмга етмайди. Улар орасида Пойтахтбанк, Равнақбанк ва яқинда хусусийлаштирилган Ўзагроэкспортбанк ҳам бор.
Марказий банкнинг маълум қилишича, устав капиталини белгиланган миқдорга етказиш бўйича банкларга ўз вақтида кўрсатмалар берилган. Регулятор устав капиталининг миқдори минимал талабга жавоб бермайдиган банкларга бошқа банкларга қўшилишни тавсия қилди. Акс ҳолда, улардан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинади, дейилади Марказий банк ахборотида.
Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
07:30 / 04.11.2024
Тошкентдаги яна учта АЁҚШда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
07:40 / 30.10.2024
Тошкент шаҳридаги айрим АЁҚШда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
13:23 / 15.10.2024
“Менинг боғчам” лойиҳасида овоз бериш жараёни бошланди
10:01 / 28.09.2024