Жаҳон | 21:16 / 04.06.2023
40735
20 дақиқада ўқилади

Девон раҳбаридан каттароқ. Ермак қандай қилиб Украинадаги иккинчи шахсга айланган?

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг расмий тадбирлардаги деярли барча суратларида унинг ёнида бўйи баланд одам эгилиброқ турганини кўриш мумкин. Бўйдаги фарқ ҳисобга олинса, бир лаҳза унинг салобати Зеленскийни ҳам босиб қўяётгандай кўринади.

Фото: BBC Russian

Украина президенти девони раҳбарларининг кўпчилиги ҳақида у ўз бошлиғидан ҳам кўпроқ ваколатга эга деб гапиришган. Аммо фақат ҳозирги девон раҳбарини «вице-президент» деб аташади. У ҳам аввалги ҳамкасблари каби катта лавозимга эга бўлгани учун кўплаб можароларга аралашишга улгурди. Бу салобатли инсон мисолида жуда зиддиятли шахс мужассам бўлган: бир қарашда у «кулранг кардинал»га ўхшаса, бошқа томондан, фронтдаги воқеаларга Telegram-каналида эмодзилар билан муносабат билдириб, вазиятга жуда енгил қараётгандек таассурот қолдиради.

Володимир Зеленский ўз девони раҳбари ҳақида гапирганда, уни «кучли менежер», «ҳақиқий ватанпарвар» деб атайди, аммо у ҳақда гапирганда жуда кўп «ишонаман» деган сўзни ишлатади. Хўш, Зеленский администрацияси раҳбари Андрей Ермак ким ўзи?

Кинодан сиёсатга

Андрей Ермак 51 ёшда. У ҳам худди Зеленский каби сиёсатга янги кириб келганлардан. «Ҳукуматга кўп марта депутат, вазир лавозимларида кириш имконига эга бўлиб, ҳар сафар рад этганман», деганди Ермак интервюларидан бирида.

Фото: OFFICE OF THE PRESIDENT OF UKRAINE

Киев халқаро алоқалар институти битирувчиси бўлмиш Ермак 2019 йилгача ҳуқуқий фаолият билан шуғулланган. У ишлаётган корхонанинг асосий мижозлари йирик телеканаллар ва халқаро компаниялар эди. Масалан, Disney, Pixar ва Universal каби. Сиёсатга ўтишидан аввал Ермак бир неча филмларга продюсерлик ҳам қилган.

Бу соҳадаги фаолияти унинг келажагига жиддий таъсир кўрсатди. Фаолияти давомида кўплаб америкалик актёрлар билан танишган Ермак бу алоқаларидан келажакда ҳам фойдаланди. Унинг ҳаётидаги муҳим ўзгаришлардан бири эса Украинадаги йирик телеканаллардан бири – «Интер» бош продюсери билан танишгани бўлди. Бу продюсер – Володимир Зеленский эди.

Уларнинг танишувидан анча вақт ўтгач Зеленский Ермак ҳақида эслар экан, у аввалига босиб олинган ҳудудлар масаласи бўйича бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаши керак бўлганини айтади. Яъни бу лавозимда у Россия билан асирлар алмашиш жараёнида музокарага киришиши кўзда тутилганди. Кейинчалик ҳукуматдаги лавозими Ермакка Россия билан алоқада бўлишни қийинлаштиради деган қарорга келишди ва у Зеленскийнинг ёрдамчиси лавозимини эгаллади.

Ермак бир қарашда кичик мансабда бўлган ўша вақтда ҳам мамлакат ташқи сиёсати борасидаги кўп ишларни бажарарди. Баъзан унинг ҳаракатлари самара бериб, «порошенкочи бўлган» бир неча элчини алмаштиришга эришади. Баъзан эса норасмий дипломатик фаолияти муваффақиятсизликка учрайди.

Ермакнинг фаолиятидаги энг шов-шувли ҳолат шубҳасиз АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп билан боғлиқ. Унинг Трамп атрофидаги одамлар, хусусан, АҚШ собиқ президентининг адвокати Руди Жулиани билан яқин муносабат ўрнатишга уриниши билан боғлиқ воқеалар ривожи охир-оқибат Трампга қарши импичмент даъвоси билан тугади. Ўша вақтда тарқалган маълумотларга кўра, Ермак Трампнинг адвокатига Украина ҳозирги президент Байденнинг ўғли Ҳантер Байденнинг мамлакатдаги фаолияти билан боғлиқ текширув бошлашга тайёрлигини айтган.

Бу мавзу кейинчалик Трамп ва Зеленскийнинг телефон суҳбати вақтида ҳам муҳокама қилинган. Уларнинг ўзаро учрашувида ҳам бу масала кўтарилгач, АҚШда Трамп бўлажак сайловдаги рақибини кучсизлантириш учун бошқа давлат раҳбарига босим ўтказмоқда деб ҳисоблашди ва унга қарши импичмент ҳаракати бошланиб кетади. Оқибатда Украина ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда совуқлик ҳукм сура бошлайди. Бир муддат АҚШда Украина билан муносабатларга «хушланмайдиган масала» деб ҳам қарашганди.

Андрей Ермак эса ўша вақтда ақлли ҳаракат қилиб, Украина ичкарисидаги вазиятни изига тушира олганди. У Зеленскийга босим қилиб бўлмаслиги, америкаликлар ички муаммосини ўзи ҳал қилиб олиши кераклигини одамларга тушунтиради.

Россия билан муносабатлардаги асосий одам

Ермак эътибор қаратиши керак бўлган асосий мавзу – Россия эди. Зеленский президентликка келганидан кейин айнан Ермак Россия билан мулоқотдаги норасмий вакил Виктор Медведчукнинг ўрнини эгаллайди. Ўз навбатида, Россияда ҳам Украина билан мулоқотдаги норасмий вакил ўзгаради: Владислав Сурков ўрнига Дмитрий Козак.

Фото: Getty Images

2019 йилда томонлар 35 нафардан асир алмашади. Буни Ермакнинг илк сиёсий ютуғи деб аташ мумкин. Украинага қайтарилганлар орасида кинорежиссёр Олег Сенцов ҳам бор эди. Айнан ўша асирлар алмашинувидан кейин украиналиклар Андрей Ермак ҳақида гапира бошлашди.

Кейинчалик Ермак манзилига жуда кўп танқидлар ёғдирилди. Хусусан, Донбасснинг босиб олинган ҳудудларида «Штайнмайер формуласи» бўйича сайлов ўтказиш алгоритми ишлаб чиқилганидан кейин. Киев марказида минглаб украиналиклар Зеленскийдан «қизиқ чизиқни босмасликни талаб қилиб» намойиш ўтказишди. Аммо айнан мана шу тажриба ортидан Ермак Украина, Россия, Франция ва Германия етакчиларини бир стол атрофига тўплай олди. Тўғри, бу учрашувда тинчлик келишувига эришилмади, аммо учрашув ўтказилгани ҳам катта гап эди. Айнан ўша учрашувдан кейин Андрей Ермак Россия ва Украина муносабатларидаги асосий мулоқотчига айланди.

«Вагнерчилар» можароси

Ермак Россия билан мулоқотда асосий фигурага айланган бир вақтда эса Украинада Зеленский президентлиги давридаги илк жиддий можаро юзага келди. Бу можарони ОАВда «вагнергейт» деб ҳам аташади (АҚШдаги «Уоттергейт можароси»га қиёсан). 2021 йил кузида суриштирувчи журналистлар Украина махсус хизматлари «Вагнер»нинг ўнлаб жангчиларини Россиядан чақириб олиб, Украина ҳудудида қўлга олиш бўйича махсус операцияси фош бўлганини ёзиб чиқишди.

Bellingcat нашрининг ёзишича, айнан Андрей Ермакнинг операцияни бир неча кунга кўчиришни сўрагани унинг барбод бўлишига олиб келган. Зеленскийнинг рақиблари Ермакни тўғридан тўғри Россияга ишлашда айблашди. Уни бу борада очилган иш доирасида икки марта сўроқ ҳам қилишган. Ҳукумат тарқатган турли маълумотлар эса бу борада миш-мишларни кўпайтиради: аввалига Зеленский ва Ермак операция ўйлаб топилган гаплигини айтишди, кейин эса улар бу операция чиндан бошқа давлат махсус хизматлари томонидан ўйлаб топилгани, Украинанинг унга алоқаси йўқлигини маълум қилишди. Охир-оқибат вазиятга Зеленскийнинг ўзи нуқта қўйиб, Ермакка ишониши, разведканинг унга ҳеч қандай гумони йўқлигини айтганди.

2021 йил баҳор ойида Россия Украина билан чегарада ўн минглаб аскарларни тўплай бошлади. Шундай кейин Зеленский Ермакка муҳим топшириқ берди: Путин билан юзма-юз учрашувни ташкил қилиш. Зеленский ўшанда Донбасснинг ҳар қандай нуқтасида учрашишга тайёрлигини айтди, Путин эса уни Москвага таклиф қилди. Ермак учрашувни томонларнинг иккисини ҳам қониқтирадиган форматда ташкил қилиши керак эди.

Бугун Путин ва Зеленскийнинг учрашуви ўтказилмаганини биламиз. Ермак эса Украина ҳукуматидаги жуда кўпчилик инсонлар каби Россиянинг Украинага тўлақонли бостириб кириш эҳтимолини жуда паст баҳолаганди. «Демак, гап бунақа: хавф жуда юқори, лекин умид қиламанки, бу содир бўлмайди», деганди Ермак 2021 йил декабрида берган интервюсида.

Фото: OFFICE OF THE PRESIDENT OF UKRAINE

Ермак ва Козак ўртасидаги охирги учрашув уруш бошланишидан икки ҳафта аввал, 2022 йил 10 феврал куни бўлиб ўтган. Ўша суҳбат якунига кўра, Ермак уч томонлама мулоқот фаолиятини тиклашга келишиб олганини айтганди. Кейинги сафар эса Ермак Козак билан 24 феврал куни тонгда телефонда гаплашади...

«Андрей Ермак жиринглаётган телефонига қаради. Бу Кремл эди... Ўзининг айтишича, ўша вақтда ўзини қўлга ола билмаган. Телефон бир марта жиринглади, кейин яна. У ниҳоят жавоб берди ва Дмитрий Козакнинг бўғиқ овозини эшитди. Козак Украина таслим бўлиши кераклигини айтди, Ермак эса сўкиниб телефонни ўчириб қўйди», деб ёзади ўша суҳбат ҳақида ўз репортажида Washington Post мухбири.

Уруш бошланиши билан Андрей Ермакнинг мамлакатдаги таъсири ошиб бораверди. Асосан ташқи сиёсат билан шуғулланган Ермак президент Зеленский стратегик шериклар билан музокаралардан боши чиқмай қолган бир вақтда мамлакат ички ишлари билан ҳам шуғулланишни бошлади.

«Президентнинг менежери»

«Мен бор эътиборимни президент қўйган вазифаларни бажаришга қаратаман. Мен – президентнинг менежериман. Вазифам топшириқларни кичик деталигача эътибор бериб бажариш, уларга муддат белгилаш ва ижросини назорат қилишдан иборат», дейди Ермак ўз вазифаси ҳақида гапирар экан.

Шон Пенн, Андрей Ермак ва Володимир Зеленский: Ҳолливуд актёри украинлар президентига ўзининг «Оскар» ҳайкалчасини олиб келганди. Фото: ANADOLU AGENCY

Уруш бошланиши билан Ермакнинг олдига қатор принципиал янги вазифалар қўйилади. НАТО собиқ бош котиби Андрес Фог Расмуссен билан «Киев хавфсизлик ҳужжати» деб номланувчи ички гуруҳ тузади – унинг вазифаси Украина уруш тугашигача қабул қилинишини хоҳловчи хавфсизлик кафолати лойиҳасини ишлаб чиқиш эди. АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол билан эса бошқа бир ишчи гуруҳ тузиб, Россиянинг Украинага босқинига алоқадор россияликларни аниқлаб, уларга қарши санкциялар қўллаш, урушни молиялаштираётган ташкилотларни аниқлаш билан шуғулланади.

Ермак Россия босқинида иштирок этганларга қарши халқаро трибунал ташкил қилиниши лойиҳасини ҳам шахсан назорат қилади. Айнан у «Катта еттилик» давлатларига Зеленский номидан тинчлик режаси тақдимотини ўтказганди. Айнан Ермак ўзининг эски танишларини ишга солган ҳолда дунё шоу бизнеси юлдузларини Украинага олиб келишда давом этмоқда. Бундан мақсад – кўпроқ одамлар эътиборини урушга қаратишдан иборат.

Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида одамлар Боно Киев метросида қўшиқ куйлагани, Анжелина Жюли ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога сиреналари остида Лвив темирйўл бекатидаги бомбапанага яширингани, Шон Пенн украинлар ғалабасига ишонгани боис ўзига тегишли «Оскар» ҳайкалчасини уруш охиригача сақлаш учун Украина президентига берганига гувоҳ бўлишди.

Ермакнинг жамоаси урушни ёритиш бўйича мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги ахборот майдонида жуда фаол бўлишди. Январ ойида ишдан кетган Олексий Арестович ва политтехнолог Михайло Подоляк бу борада айниқса фаол бўлишди. Ермакнинг ўзи ҳам урушни ёритишда фаол қатнашмоқда ва бу борада ўзига хос услуб ҳам ярата олди. У Telegram-каналида фронтдаги воқеаларни эмодзилар ёрдамида ифодалашни одат қилган. Масалан, Ермак каналида ребус шаклидаги эмодзи қўйса, бу Киев музокараларда ёки фронтда муваффақият қозонганидан далолат беради.

Ва бу ҳаммаси эмас. Ермак Зеленскийнинг барча хорижий ташрифларида ҳамроҳлик қилиб стратегик музокараларда қатнашмоқда. Украинани тиклаш ва асирлар алмашинуви бўйича музокараларни ҳам айнан Ермак олиб бормоқда. Бу орқали у ташқи ишлар вазири ёки бош вазирни сояда қолдира бошлади. Масалан, «Мотор Сич» заводи директори Вячеслав Богуслаев ўзини давлатга хиёнатда айбланганлар бўйича алмашув рўйхатига киритишни сўраб, президент Зеленский ёки асирлар алмашинуви бўйича расман масъул Кирилл Будановга эмас, айнан Андрей Ермак номига ариза ёзган.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Андрей Ермак билан яқиндан ҳамкорлик қилишини айтган
Фото: OFFICE OF THE PRESIDENT OF UKRAINE

BBC маълумотига кўра, Ермак Украина армияси бош қўмондони Валерий Залужний билан бирга америкалик ҳамкорлар билан ўта муҳим масалалар, хусусан, Украинанинг фронтдаги режалари борасида муҳокама ўтказади. «Президент девони раҳбари билан бир жамоа бўлиб ҳаракат қиламиз. Унинг музокаралардаги тажрибаси Украина армиясини хорижда қўллашлари учун жуда муҳим», деган у билан муносабати ҳақида бош қўмондон Залужний.

Қадрлар масаласи

Украина ички сиёсатида Ермак Зеленский президентлигининг илк кунларидан катта таъсирга эга бўлган. Масалан, у Зеленскийнинг «Слуга народа» партияси учун номзодлар таклиф қилган. У таклиф қилган одамлардан бири ҳозир Украина бош прокурори лавозимида ишлаётган Андрей Костин ҳисобланади.

Аммо Ермак учун ҳақиқий юлдузлик онлари 2020 йил февралда – Украина президент девони раҳбари бўлганида бошланади. Ермак бу лавозимда Андрей Богданнинг ўрнини эгаллаганди.

«Бу икки кишилик симбиоз (икки организмнинг бир танада яшаши) ва уни Зеленский бошқаради. Ҳар қандай бўлмағур гап бўлса ҳам у «Демак, гап бундай, ўртоқлар. Киринглар, президент зўр ғоя берди», дейди. Ермак унга ҳеч қачон йўқ демайди», деганди Богдан ўз истеъфосидан кейин Ермак унинг ўрнини эгаллагани ҳақида.

Ермак президент девони раҳбари лавозимини эгаллаганидан бир ҳафта ўтибоқ жиддий можарога аралашиб қолади. Унинг укасига ўхшаган шахс одамларни давлат органларига ишга жойлаб қўйишини айтиб, пул сўраётганини айтган видео тарқалади. Ермак буни президент девонига қаратилган ҳужум деб атаганди. Унинг ҳимоячилари бу видеодаги одамлардан бирортаси давлат лавозимида иш бошламаганини маълум қилган. Ермакни Зеленский ҳам ҳимоя қилиб чиққан ва ягона муаммо унинг укаси лақмалигида эканини айтганди.

2020 йил ёзида Виктор Янукович президентлиги даврида Украина ички ишлар вазирлигида юқори лавозимда ишлаган ва 2013-14 йиллардаги Евромайдан иштирокчиларини оммавий қўлга олишда айбланган Олег Татаров президент девонида Ермакнинг ўринбосари этиб тайинланади. Уни девонга Ермакнинг ўзи таклиф қилганди. Бу эса Украина президенти девони манзилига кескин танқидлар ёғилишига сабаб бўлади.

Расмий маълумотларга кўра, Татаров Украина президенти девони ва мамлакатдаги куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул бўлган. Норасмий равишда эса у Украинада форма кийган барчанинг устидан назоратга эгалиги айтилади.

Олег Татаров ва Андрей Ермак. Фото: Getty Images

Уруш бошлангач, Ермакнинг Украина ички сиёсатидаги роли ҳам ошиб борди. Bihus.info сайти журналистлари охирги вақтларда Андрей Ермакка яқин одамлар Украина мудофаа вазирлиги, Миллий банк, куч ишлатар тузилмалар ва давлат компанияларида юқори лавозимларга қабул қилинганини ёзишди. Киев областининг собиқ раҳбари, девоннинг ҳудудлар билан фаолиятини мувофиқлаштиришга жавобгар Андрей Кулеба эса унинг ишлари бошқарувчиси деб айтилади.

Шу ўринда Украина президент девонининг мамлакатдаги йирик шаҳарлар мэрлари билан муносабати мураккаблигини ҳам таъкидлаш керак. Бунга мисол сифатида, Черниҳив мэри Владислав Атрошенконинг суд орқали ишдан олинганини келтириш мумкин. Коррупцияда айбланган Атрошенко буни Зеленский администрациясининг ўзига қарши қасоси деб атаганди. Бу нарсалар ҳақида ҳудудларда гапиришга йўл қўйишмайди.

«Текширувлар уруш бошланган вақтдагидан ҳам кўпайиб кетди. Зеленский жамоаси гўёки урушни енгишди ва энди рақибларни парчалашга киришгандек», деган BBC билан суҳбатда Киев мэри Виталий Кличко жамоасининг юқори мансабли вакилларидан бири.

Зеленский офиси вакиллари эса бу айбловга жавобан ҳозир ички сиёсат билан шуғулланишмаётгани, бор эътибор урушга қаратилганини айтишган.

«Ҳозир тушунарли сабабга кўра, ички сиёсат деган нарса йўқ. Ҳозир ички сиёсат билан шуғулланаётганлар мамлакат фойдасига ишлаётган одамлар эмас», деганди декабр ойидаги интервюсида Андрей Ермак.

Конгрессдан айблов

Андрей Ермак манзилига фақат Украинадан эмас, ҳатто АҚШдан ҳам айбловлар ёғилган. Масалан, АҚШ Вакиллар палатасига республикачилардан сайланган, келиб чиқиши украиналик бўлган Виктория Спартц Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Россияга ишлашини иддао қилганди. Унинг сўзларига кўра, Ермак юқорида номи тилга олинган ёрдамчиси Олег Татаров ёрдамида мамлакатдаги коррупцияга қарши кураш ислоҳотларини ҳам тўхтатиб турибди.

«Бу одамнинг ваколати жуда кенгайиб кетган. Зеленский Ермакка жуда ишонади. У президентга маълумотларни фақат ўзи орқали ва ўзи хоҳлаган шаклда етказади», деган BBC билан суҳбатда Украина ҳукумати вакили исми сир қолиши шарти билан.

Ермакни яқингача ҳазил маъносида вице-президент деб атаб келишарди, аммо охирги вақтларда бу борада гаплар жиддий тус олмоқда.

«Бунақа гаплар бизнинг сиёсатимиз учун янгилик эмас. Жамоадаги жипслик кимгадир ёқмаса, дарров қандайдир иғво ташлашга ҳаракат қилишади. Ҳа, мен ташаббускор инсонман, керакли вақтда масъулиятни зиммамга олишдан ҳам қўрқмайман. Аммо бир гапни яна такрорлайман: мен шу президент билан келдим ва у билан кетаман. У бўлмаса, ҳеч қачон сиёсатга қадам босмаган бўлардим. Мен бу ерда айнан у учунман», деган Ермак ўзига нисбатан «вице-президент» ибораси ишлатилишига жавобан.

BBC билан суҳбатлашган сиёсатчи Володимир Фасенконинг айтишича, Украина президенти девони раҳбарлари катта ваколатга эгалиги ҳақида гаплар мамлакат сиёсати учун янгилик эмас: Леонид Кучма вақтида Виктор Медведчук ҳақида, Виктор Юшченко вақтида Виктор Балога ҳақида, Виктор Янукович вақтида Сергей Левочкин ҳақида шундай дейишган.

«Президент девони раҳбари лавозимига ўз статусини сақлай оладиган кучли одам келса, у шубҳасиз мамлакатнинг иккинчи ёки учинчи одамига айланади. Ермак ана шундай кучли инсон», дейди эксперт.

Бу борада яна бир мулоҳаза пайдо бўлади. Ҳозирги президент уруш ҳолатида мамлакатни бошқармоқда ва у сиёсатга янги кириб келган. Президент девони фаолияти эса конституция ёки бошқа ҳужжатларда белгилаб қўйилмаган. Шундай экан, BBC билан суҳбатда бўлган сиёсатчи Петро Бурковскийнинг айтишича, девон ҳар қандай ҳажмдаги бошқарув масъулиятини гарданига олиши мумкин.

Унинг фикрича, Украинада расман бош вазир президентдан кўпроқ ваколатга эга, чунки айнан у ҳукумат бошқарувчиси ҳисобланади. Аммо бугунги Украина президент девонида бу кучга параллел бўлган бошқа кучли тизим шаклланган. «Бу одам (Ермак) нималарни назорат қила олиши унчалик муҳим эмас, масала бу одамнинг ваколатини ҳатто конституция қандайдир шаклда чекламаганида», дейди сиёсатчи Бурковский.

Ермак Украинада бунчалик катта ваколатларга эга экани бу нарсага Зеленский қарши эмаслигидан далолат беради. Лекин Ермак ўз ваколатидан нима мақсадда фойдаланмоқда? Унинг қилаётган ҳамма ишларидан Зеленскийнинг хабари борми? Бурковскийнинг фикрича, бу борадаги барча масъулият тўлалигича Володимир Зеленскийнинг гарданида бўлади.

BBC мақолада келтирилган гаплар юзасидан Андрей Ермакдан изоҳ сўраб мурожаат қилган, аммо ҳозирча тегишли жавоб олгани йўқ.

Мавзуга оид