Давлат хизматлари бўйича тушумларнинг 1 млрд сўмдан ортиғи ўзлаштирилгани маълум бўлди
Собиқ Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга қайтариши лозим бўлган 1,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштириб юборилган. Адлия вазирлиги бу пуллар аҳолига тўлиқ қайтарилгани, 7 нафар ходим лавозимидан озод қилиниб, иш прокуратурага юборилганини маълум қилди.
Адлия вазирлиги ички аудит хизмати 2019-2022 йилларда давлат хизматлари кўрсатишда нотўғри тўланган ёки хизматдан фойдаланилмаган маблағларни юридик ва жисмоний шахсларга қайтаришда белгиланган тартибга риоя этилиши ҳолатини ўрганган.
Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ўрганишда cобиқ Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасида 864 млн сўм ва Самарқанд вилоят бошқармасида 394 млн сўм жисмоний ва юридик шахсларга қайтарилиши лозим бўлган маблағлар айрим бухгалтерия ва давлат хизмати маркази ходимлари томонидан ўзлаштирилгани аниқланган.
“Кўрилган чоралар натижасида ўзлаштирилган маблағлар тўлиқ қайтарилиши таъминланган. Айбдор 7 нафар ходим лавозимидан озод этилган ҳамда жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун тўпланган материаллар шу йил феврал ойида прокуратура органларига юборилган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, давлат хизматлари марказлари аҳолига йилига 11,5 млндан ортиқ хизмат кўрсатади ва бу хизматлар учун 1,1 трлн сўм тўловлар ундирилади, хато ўтказилган ёки хизматдан фойдаланмаган 4 мингга яқин шахсга тўланган маблағлар қайтарилади. Барча жараён махсус электрон дастурда амалга ошади ва ходимлар суиистеъмол қилиши ҳолатини аниқлаш ва олдини олиш чоралари кўриб борилади”, –дейилади вазирлик ахборотида.
Вазирлик тизимида фаолият юритаётган ходимлар вазифасини ҳалол ва виждонан бажармаган тақдирда уларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Аввалроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкент шаҳар адлия бошқармаси собиқ мансабдор шахслари давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча тўланган маблағларни талон-торож қилгани, ҳолат бўйича прокуратура Жиноят кодексининг 167 ҳамда 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилган эди.
“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати органлари билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишда айрим давлат хизматларидан келиб тушган маблағларнинг бюджетга ва бошқа вазирлик, идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига нотўғри тақсимланганлиги аниқланди”, – дейилади агентлик хабарида.
Агентлик ўрганиши якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар жиноят ишига қўшиб ҳал қилиш учун прокуратура органларига юборилган.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024
Қозоғистонда 10 миллион долларлик «тушунарсиз бойлик» давлатга қайтарилди
09:46 / 23.08.2024