Жамият | 19:41 / 26.06.2023
41123
4 дақиқада ўқилади

Ёз мавсумида қон қуюқлашиши оқибатлари маълум қилинди 

Ёз иссиғида қон қуюқлашиб кетиши, бу саломатлик учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. 

Фото: Shutterstock

Жазирама иқлим шароитида қоннинг қуюқлашиб кетиши кўп учрайди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолатга эътиборсиз бўлиш керак эмас. Аксинча, қон таҳлиллари орқали унинг қуюқлашиб кетгани аниқ бўлгач, вақтида даволаниш зарур. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берди. 

«Қон – инсон тана аъзо ва тўқималарини кислород ҳамда зарур озуқа моддалари билан таъминловчи муҳим суюқлик, — деди Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Орифжон Арипов. — У инфекцияларга қарши курашиб, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади». 

Қайд қилинишича, қон қуюқлашиши организмдаги ана шу жараёнларнинг бузилишига олиб келади. Оқибатда яширин касалликлар юзага чиқиши ёки янгилари пайдо бўлиши мумкин. 

Айрим ҳолларда хасталик ёки ташқи омиллар сабаб қон таркиби бузилади ва унинг керагидан ортиқ қуюқлашиб кетиши ёки, аксинча, суюқлашиши кузатилади. Унинг қуюқлашиши томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, инсульт ва инфарктга чалиниш эҳтимолини орттиради. Қон таркибининг суюқлашиши эса қон кетиши, бемор танасида кўкариш ва қон талашлар пайдо бўлишига олиб келади. 

Икки ҳолатда ҳам тезда тиббий эҳтиёт чораларини кўриш зарур, деб таъкидлади шифокор. 

Қон қуюқлашишига кўпинча қаттиқ асабийлашиш, қандли диабет, шунингдек ширинликлар, картошка, банан, тухум, газли ичимликлар, фаст-фуд ва турли қовурма таомлар сабаб бўлади. Қолаверса, бу ҳолат кам суюқлик ичиш, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ёки кескин пасайиши ва организмдаги айрим ўзгаришлар туфайли ҳам юзага келади. 

Иссиқ кунда қон қуюқлашиши тананинг сувсизланишига боғлиқ. Иссиқ ҳавода организмдаги сув тер билан буғланиб кетади. Бу қоннинг қуюқлашиши, унинг айланма ҳаракати қийинлашиши ва тромб ҳосил бўлиш хавфи ортишига олиб келади. 

Натижада инсонда бош оғриғи, жиззакилик, тушкунлик, хотира пасайиши, ҳолсизлик, уйқучанлик, қўл ва оёқлар совқотиши, оғиз қуриши кузатилади. 

Юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши ва тирноқ шакли ўзгариши мумкин. Ҳатто мияга қон яхши етиб бормаса, бош айланиши, ҳушдан кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд. 

Бу салбий ҳолатлар эса томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлганидан дарак беради. Оқибатда инсульт ва инфаркт хавфи ортади. 

Шифокор тавсиясига кўра, иссиқ ҳавода қон қуюқлашишига йўл қўймаслик учун етарли миқдорда суюқлик ичиш зарур. Айнан сув энг яхшиси, газланган ичимликлар эмас. Шу билан бир қаторда, салқин ва аччиқ бўлмаган чойни ҳам ичса бўлади. 

Қон ҳолатини текшириш учун шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Агар тиббий текширувлардан сўнг унинг қуюқлиги меъёрдан ортиқ экани маълум бўлса, зарур муолажалар тайинланади. 

Шифокорнинг огоҳлантиришича, қонни суюлтирувчи дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас. Сабаби унинг ҳаддан ортиқ суюқлашиши жароҳатларда қоннинг тўхтамай оқишига олиб келади. 

Мавзуга оид