Иқтисодиёт | 21:37 / 04.07.2023
53613
9 дақиқада ўқилади

ТМЗ банкротлик ёқасида. Офшордаги компаниялар лойиҳани тарк этди

Тошкент металлургия заводи 2017-2022 йилларда тахминан 79,5 млн доллар зарар кўрган. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 334,5 млн еврони ташкил этиб, шундан 179,6 млн евроси ташқи кредитлар эди. Кипрда рўйхатдан ўтган таъсисчи офшор компаниялар лойиҳадан чиқиб кетди, банкротлик хавфи остидаги завод ва унинг қарзлари давлат жамғармасининг зиммасида қолди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жорий йилнинг 22 июн куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Тошкент металлургия заводи таъсисчилигига оид суд иши кўриб чиқилган.

Заводнинг 49,9 фоизлик улушга эга таъсисчиси – Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси судга мурожаат қилиб, корхонанинг қолган икки таъсисчиси – Кипрнинг Metalloinvest Holding (41,87 фоиз) ва Miramonte Investments (8,23 фоиз) офшор компанияларига қарши даъво аризаси киритган.

ТМЗ 2017 йил 26 январда МЧЖ сифатида рўйхатдан ўтказилган. Кейинчалик, жамият уставининг янги таҳрири тасдиқланади ва у қўшма корхона сифатида қайтадан ташкил этилади.

Gazeta.uz'нинг эътибор қаратишича, судга даъво киритган Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси комбинатда бугунги кунда молиявий қийинчилик юзага келгани, 2022 йил якунлари бўйича соф зарар 316,8 млрд сўмни, 2017-2022 йилларда тўпланган зарар эса 916,92 млрд сўм (тахминан 79,5 млн доллар)ни ташкил этганини кўрсатиб, корхонанинг молиявий ҳолатини яхшилаш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурлигини таъкидлайди. Жумладан, қўшма корхона таъсисчилари 2023 йилга мўлжалланган бизнес-режани тасдиқлаши, илгари жалб қилинган, муддати ўтиб кетган кредитларни қайтариш муддатларини узайтириши керак бўлган.

Шунингдек, қарзлар ва бошқа турдаги кредитлар беришга ихтисослашган, устав капитали 10 минг рубл (тахминан 111 доллар) бўлган Россиянинг “Халқаро молия технологиялари XXI” компаниясидан қўшимча маблағ жалб этиш кераклиги айтилган. Бу корхонадан Россия Марказий банкининг асосий ставкасига (7,5 фоиз) тенг бўлган фоиз ставкаси билан 24 ой муддатга 1,5 миллиард рубл (16,7 миллион доллар) жалб қилиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, 2018 йил 24 октябрдаги синдикатлаштирилган кредит шартномаси шартларига мувофиқ завод мулкини гаровга қўйиш ва бошқа масалаларни ҳал этиш кўзда тутилган.

19 апрел куни ТМЗ барча таъсисчиларга, шу жумладан жавобгар томон – Metalloinvest Holding ва Miramonte Investments'га қарор қабул қилиш муҳим бўлган масалалар рўйхати билан иштирокчиларнинг навбатдаги умумий йиғилишини чақириш тўғрисида билдиришнома юборган. 2 ва 5 май кунлари корпоратив почта орқали мазкур корхоналар раҳбарларига (жавобгар томонларга) такрорий билдиришномалар юборилган.

Кипрда рўйхатдан ўтказилган Metalloinvest Holding'нинг 100 фоиз акцияларига эгалик қилувчи “Оскол электрометаллургия комбинати” АЖ ўзининг 5 майдаги мактубида жавобгар томон қўшма корхона фаолиятида, шу жумладан жамият аъзоларининг умумий йиғилишларида қатнашишдан бош тортишини маълум қилган.

Суд қарорида келтирилишича, “Оскол электрометаллургия комбинати” ўзининг жамият таъсисчилари рўйхатидан чиқариб юборилишига қаршилик билдирмаган.

“Оскол электрометаллургия комбинати” АЖ – Metalloinvest тузилмаси бўлиб, USM ҳолдингига тегишли. Ҳолдинг эгаларидан бири – миллиардер Алишер Усмонов.

Иккинчи жавобгар томон Miramonte Investments ҳам, АҚШ Молия вазирлиги маълумотига кўра, Алишер Усмоновга алоқадор. Бу компания 2022 йил мартидан бери ТМЗ фаолиятида, шу жумладан компания иштирокчиларининг умумий йиғилишларида қатнашмаган ва жамият мурожаатларини жавобсиз қолдирган.

“Жавобгар томонларнинг ҳаракатсизлиги жамиятни молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун энг муҳим қарорларни қабул қилишни имконсиз қилиб қўймоқда, бу эса, ўз навбатида, компаниянинг кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажаришга имкон бермайди ва компанияни банкротлик хавфи остига қолдиради”, дейилган Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даъвосида.

12 июн куни Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати даъвони қаноатлантиради ва Кипр компаниялари завод таъсисчилари рўйхатидан чиқарилади. Шунингдек, жавобгар томондан 3,3 миллион сўм суд харажатлари ундирилиши белгиланади.

Жамғарма суд қарори устидан апелляция шикоятини беради ва суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги қарорни ўзгартиришни, харажатларни ТМЗдан ундиришни сўрайди. Апелляцияга сабаб қилиб жавобгар томон Кипр резидентлари экани, Ўзбекистоннинг бу давлат билан ўзаро ҳуқуқий ёрдам бўйича икки томонлама келишувига эга эмаслиги, шу сабабли суд харажатларини жавобгарлардан ундириш имконсиз экани кўрсатилади.

Бироқ апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг важлари Иқтисодий процессуал кодекснинг 118-моддаси бўйича суд харажатларини қўшма корхонага юклаш учун асос бўла олмайди, деб ҳисоблаб, суднинг 22 июн кунги қарорини ўзгаришсиз қолдиради.

Тошкент металлургия заводи ҳақида

Фото: Президент матбуот хизмати

2017 йил 7 апрелда Ўзбекистон президентининг “Тошкент металлургия заводи қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинади. Дастлаб, лойиҳанинг умумий қиймати 278,2 миллион еврога баҳоланган бўлса, кейинчалик бу миқдор 334,47 млн еврогача оширилади.

Шундан 164,5 миллион евро Россия экспорт-импорт банкининг 10 йилга берилган кредити, 154,7 миллион евро Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, 15,1 миллион евро эса Асакабанк кредити ҳисобланади. Лойиҳанинг ўзини қоплаш муддати 9,3 йил деб кўрсатилади.

Заводни 49,7 гектар майдонда қуриш лойиҳаси Россиянинг “Метпром” гуруҳи томонидан тайёр ҳолатда топшириш шарти асосида амалга оширилди, яъни гуруҳ ҳам лойиҳачи, ҳам бош пудратчи бўлган. Завод Италиянинг Danieli компанияси технологияси ва автоматлаштирилган ускуналари билан жиҳозланган.

Лойиҳани амалга оширишни SFI Management Group хорижий компанияси бошқариб, қурилиш ва фойдаланишга топширишнинг барча босқичларини, жумладан, лойиҳани ишлаб чиқиш, барча манфаатдор томонлар билан музокаралар олиб бориш, инвестициялар, кредитлар жалб қилиш ва хорижий мутахассисларни жалб этишни тўлиқ назорат қилган.

Gazeta.uz'нинг қайд этишича, президент Шавкат Мирзиёев завод ишга туширилиши билан Ўзбекистонда металлургия маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжири шакллантирилиши, маҳаллий корхоналарда локализация даражаси сезиларли даражада ошишини таъкидлаган. Завод ишга туширилиши билан биринчи босқичда йилига 400 миллион доллар чет эл валютасининг мамлакатдан чиқиб кетишининг олди олиниши кутилган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 2,09 миллиард долларлик чўян ва пўлат, 577,7 миллион долларлик металл буюмлар импорт қилган. 2022 йил охирида бу кўрсаткичлар мос равишда 2,5 миллиард ва 730,8 миллион долларга ошган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 30 июнига қадар кенглиги 600 мм ва ундан ортиқ (ТН ТИФ кодлари 7210 49 000 0 ва 7210 70 800 0) прокат ёки қотишмаган пўлат импорти учун божхона тўловлари ундирилмаган. Кейин эса товар божхона қийматининг 10 фоизи миқдорида бож жорий этилди. Ҳозир бож ставкаси 10 фоиз, лекин 1 кг учун 0,25 доллардан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади.

Таъкидлаш лозим, ТМЗ лойиҳасини амалга ошириш баробарида, «Ўзметкомбинат» АЖ қошида литий-прокат мажмуасини қуриш ҳам бошланган (нархи – 800 миллион доллар). Унинг фойдаланишга топширилиши билан ТМЗ билан биргаликда «металлургия кластери»ни яратиш режалаштирилган эди.

Таъсисчилар

Фото: Президент матбуот хизмати

Дастлаб устав капитали 197,8 миллион евро (ҳозир 154,8 млн доллар) бўлган ТМЗнинг таъсисчилари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (49,9 фоиз ёки 98,7 миллион евро) ва Нидерландиянинг Metallurgical Technology and Engineering B.V. компанияси (50,1 фоиз, 99,1 млн евро) бўлган.

Лойиҳани бошқарган SFI Management Group лойиҳа улушдорлари қаторида бўлишни истаган. Натижада таъсисчиларнинг рўйхатида ўзгариш бўлган ва Metallurgical Technology and Engineering B.V.нинг улуши 41,9 фоизгача камайиб, SFI Management Group 8,2 фоиз улушни қўлга киритади.

Бироз муддат ўтганидан кейин, Metalloinvest Holding (Кипр) компанияси Metallurgical Technology and Engineering B.V. ўрнини эгаллаб, 41,8 фоиз, Miramonte Investments эса SFI ўрнини олиб, 8,2 фоиз улуш эгасига айланади.

2022 йил апрелида Тошкентда бўлиб ўтган саноат кўргазмасида “Металлоинвест” бош директори Назим Эфендиев компания “инвестиция киритиб, ТМЗ капиталига киргани”ни маълум қилган. Шу тариқа, Metalloinvest Holding (Cyprus) Limited компанияси Metallurgical Technology and Engineering B.V.нинг ўрнини эгаллаб 41,8 фоиз, Miramonte Investments Limited эса SFIнинг ўрнини олиб 8,2 фоиз улуш эгаси бўлган.

Шавкат Мирзиёев ва Қобил Шодиев (ўнгда) Тошкент металлургия заводида. 2020 йил 4 декабр / Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, SFI гуруҳи, Алишер Усмонов Forbes нашрига берган интервьюсида айтиши бўйича, миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобил Шодиевнинг оиласига тегишли. Қобил Шодиев Тошкент металлургия заводига президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи вақтида президентга завод ҳақида тақдимот қилган.

Алишер Усмонов ва унга алоқадор компаниялар қаторида, “Металлоинвест” ва Miramonte Investments компаниялари 2023 йил апрел ойида АҚШ санкциялари рўйхатига тушди.

Мавзуга оид