Ўзбекистон | 14:36 / 19.07.2023
17008
5 дақиқада ўқилади

“Бутунлай ёпилиш остонасидамиз” — “Sof.uz” раҳбари “Anorbank” билан давом этаётган суд жараёни ҳақида

«Anorbank» 2022 йил ноябрида «ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилгани учун» Sof.uz нашри устидан судга даъво киритган эди. Шу кунга қадар иш доирасида бир неча бор суд жараёни бўлиб ўтган. Ҳозирга қадар ўтган ишларда суд Sof.uz нашридан банк фойдасига 3,7 млрд сўм миқдорида зарар тўлаш бўйича қарорини ўзгаришсиз қолдирмоқда.

Kun.uz мухбири сайтнинг суд жараёнлари бошланган вақтдаги бош муҳаррири ва нашр мансуб “Комил унсур” МЧЖ директори Муслим Мирзажоновга суд жараёнларига оид бир неча савол билан мурожаат қилди.

— Сиз бош муҳаррири бўлган Sof.uz сайти ва «Anorbank» ўртасида келишмовчилик, суд жараёни давом этмоқда. Бунга қадар бир неча суд мажлиси ўтди ва сайтга тайинланган жарима ўз кучида қолмоқда. Хўш, ҳозир иш қайси жараёнда?

— Ҳозир Sof.uz сайтида бош муҳаррир бошқа одам бўлган. “Комил унсур” МЧЖ фирмасининг таъсисчиси бўлганим учун судларда иштирок этяпман. “Анорбанк” билан боғлиқ материални тайёрлаганлар ҳам бошқа журналистлар.

Келишув масаласи кўтарилганда, йўқ демаганман. Лекин улар қўяётган талабларга рози бўлмаганмиз, чунки ўзимизни айбдор деб эълон қилишимизни сўрашган. У материал мурожаатчи берган маълумотларга асосланган эди. Биринчи суд мажлиси фуқаролик судида кўрилиши керак эди, лекин иқтисодий судга оширишди. “Анорбанк” томони қарор юзасидан апелляция берди. Ва у ерда 3 млрд 700 млн сўмдан кўпроқ жарима тўлашимиз белгиланди. Биз бу суд қарори юзасидан Олий судга апелляция берган эдик, лекин улар ҳам жаримани ўзгартиришмади. Такрорий шикоят берганмиз ҳозир.

— Айтилган суммани тўлашга сайтнинг имконияти борми ёки суд қарори ўзгармаса, биз яна битта ОАВ билан хайрлашамизми?

— Sof.uz янги сайт. Ҳали кўп ходимлар ҳам ишламасди, молиявий имкониятлари юқори эмас. Вазиятда суднинг қарори ҳам кулгили. Уларнинг даъвосига кўра, тўкилган обрўни тиклаш учун бир нечта сайт билан шартнома имзолашган ва айтилаётган сумма шунга асосланган. Савол туғилади: демак, банк Sof.uz'да материал чиқишидан олдин реклама учун пул ажратмаганми? Нега ўз рекламаси учун берилган маблағни сайт ҳисобидан ундирмоқчи? Ўзи етказилган зарар реклама пули билан ҳисобланиши — хато. Вазият кулгили ва аянчли. Мижозлар, активлар камайгани билан ҳисобланиши керак эди.

Охирги суд жараёнида адвокатимиз касал эканини, Олий судга берилган мурожаат жавоби чиқмаганини айтиб, судни бошқа кунга қолдиришни сўраб илтимоснома киритдим. Аммо инобатга олишмади, жараён билан танишишмади ҳам. Шунчаки пулни елкамизга илишди.

— “Анорбанк” фаолияти танқид қилинган ўша видеоматериал Kompromat uzb” фаолияти билан боғлиқ эдими?

— Ундай эмас. “Анорбанк” билан бўлган ишнинг Хуршид Далиевга алоқаси йўқ. Ўша материал чиқишида муҳаррир менга ҳам кўрсатган эди, мен ўз маслаҳатимни берганман. Бундай материаллар олдин ҳам чиққан эди. Хуршид Далиевга боғлашга уринишяпти лекин. Балки суд қарорига таъсир қилаётгандир бу ишлар ҳам. Табиий равишда Хуршид Далиев билан ҳамкор эдик.

— “Анорбанк” билан келишиш тарафдори бўлганингизни айтдингиз. Лекин банк раҳбарияти ҳам иш бошида сизлар келишиш тарафдори бўлганини айтганди. Энди бундан кейин келишув имконияти қанчалик?

— Таъкидлаганимдек, судда ҳам, бошқа вазиятда ҳам келишув тарафдори бўлганман. Раддия беришса, чиқариб беришимизни ҳам айтганман. Лекин судда улар раддияга боғлиқ маънавий зарардан кечамиз, фақат иқтисодий зарарни ундирамиз, дейишган. Тўғри, улар ҳам келишув таклиф қилди, лекин бизга қўйган талаблари тўғри келмади, юқорида айтганимдек. Биз ҳеч қандай ёлғон ахборот бермаганмиз.

— Сўнгги вақтларда журналистларни давлат идоралари, мансабдор шахслар томонидан судга бериш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Сизнингча, бу вазият нимани билдиради?

— Ачинарли ҳолат бу. Сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин. Халқаро тажрибада принцип нуқтаи назаридан жуда кам маблағ белгиланади судларда, яъни ҳақликни исботлашга қаратилади асосий мақсад. Бизда эса журналистни синдириб, таҳририятни буткул ёпишга ҳаракат қилишади. Журналист сифатида шундай деб биламан.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид