Спорт | 16:07 / 21.07.2023
23055
2 дақиқада ўқилади

Доннаруммани ўз уйида калтаклаб, тунаб кетишди

Босқинчилар Жанлуиджи Доннарумманинг уйига бостириб кириб, уни ва турмуш ўртоғини боғлаб қўйишган, калтаклаб, 500 минг евро миқдоридаги буюмларини олиб кетишган.

Фото: Claudio Villa / Getty Images

«Пари Сен-Жермен» клуби ва Италия миллий жамоаси дарвозабони Жанлуиджи Доннарумма Париждаги уйида талончилик қурбонига айланди. Бу ҳақда Actu17 ва RMC Sport нашрлари хабар берган.

Қайд этилишича, бу ҳодиса 21 июлга ўтар кечаси содир бўлган. Талончилар футболчининг уйига бостириб кириб, уни ва севгилисини боғлаб қўйишган ҳамда уларни калтаклашган. Якунда жиноятчилар жами 500 минг евро қийматдаги турли қимматбаҳо буюмларни олган ҳолда қочиб кетишган.

Тонгга яқин Доннарумма ва севгилиси арқондан қутулиб, яқин атрофдаги меҳмонхонага бориб яширинган. Меҳмонхона ходимлари полицияга чақирилган, жуфтлик шифохонага ётқизилган.

Май ойида клубнинг бошқа бир дарвозабони Серхио Рико Испанияда отдан йиқилиб, ҳушидан кетганди. Кейинроқ ушбу 29 ёшли футболчи бошидан оғир жароҳатлангани ва футболга қайтиши катта сўроқ остида экани маълум бўлди. У шифохонадалиги вақтида 20 кг вазн ташлаган.

Доннарумма 2021 йил ёзидан буён «ПСЖ» сафида тўп суриб келмоқда. У жамоаси билан икки бор Франция чемпионатида ғолиб чиқиб, бир бор Суперкубокни қўлга киритган. Италия миллий жамоаси сафида Доннарумма Евро-2020 ғолиби бўлган, шунингдек Миллатлар Лигасида икки бор (2021, 2023) бронза медалларни қўлга киритган.

Мавзуга оид