Мбаппе учун айёрона схема ва Месси учун тузилаётган жамоа. Сўнгги трансфер хабарлари
Ёзги трансферлар давом этмоқда, навбатдаги кунда ҳам қатор футболчиларнинг янги клублари номи маълум бўлди. Қуйида сўнгги куннинг энг қизиқарли трансфер хабарлари дайжести.
Мбаппе Саудияга борадими?
Килиан Мбаппе «ПСЖ»нинг Японияга турнесидан тушириб қолдирилиши ва у трансферга қўйилиши билан боғлиқ тарих давом этади. Le Parisien нашри тасдиқлашича, парижликлар юлдуз футболчисини агар шартномасини 2025 йилга қадар узайтирмаса ёки шу ёзда бошқа клубга ўтмаса, бир йил мобайнида ўйин амалиётисиз қолиши мумкинлигидан хабардор қилган. Бунгача фақат шундай ишоралар бор эди, аммо бу сафарги манба — жуда жиддий, гап Франция чемпиони ичидаги манба ҳақида кетмоқда.
Аммо томонлар ҳозирча боши берк кўчада, Мбаппе кетишни истамаяпти ва клубда қолиб «содиқлик» кўрсатиши учун йирик миқдордаги бонусдан ҳам умид қилмоқда. Ўз навбатида, «ПСЖ» ушбу форвардни сотқин деб ҳисоблайди, чунки у клубдан текинга кетмаслик тўғрисидаги ваъдасини бузиш билан чекланмасдан, парижликлар раҳбарияти версиясига кўра, кейинги йилда эркин агент бўлиб бориш бўйича «Реал» билан дастлабки келишувга ҳам эришган. Мадридликлар Париж клубининг ҳозирги молиявий талабларини қондиришга тайёр эмас.
Бу инқироздан қандай чиқиш мумкин? Агар журналист Бен Жейкобснинг маълумотига ишонилса, ақлли ечим Саудия Арабистонидан келган. Манба Мбаппе билан бир мавсум учун шартнома имзоламоқчи бўлаётган клуб номини айтмаган, аммо бу ҳолатда «ПСЖ» пул ишлаб олади, 2024 йил ёзида эса француз форварди барибир эркин агент сифатида Мадридга йўл олади. Катта эҳтимол билан, гап Саудиянинг энг совриндор жамоаси «Ал-Ҳилол» ҳақида бормоқда, бу клуб Лионел Мессини сафига қўшиб олиш учун бесамар уринганди ва ҳозирда Ҳарри Кейн билан ҳам музокаралар ўтказмоқда. Аммо «Бавария»ни орзу қилаётган англиялик ҳужумчини «ПСЖ» таклифи ўзига жалб қилмаса, саудияликларда имкон йўқлиги аниқ. Албатта, Мбаппе ҳам ўйин амалиёти ва ҳатто катта пул эвазига бўлса ҳам Осиёга келиши эҳтимоли жуда кам.
«Марсел» «Челси»га керак бўлмаган топ-форвардни қўлга киритди
«Челси» ёзда футболчиларини ёппасига сотмоқда. Клубни аллақачон 10 дан ортиқ футболчи тарк этди. Навбатдагиси эса Пьер-Эмерик Обамеянг бўлди. Маурисио Почеттинонинг режаларидан ўрин олмаган габонлик футболчи Франция чемпионатига қайтди ва «Марсел» билан шартнома имзолади. Келишув 2025 йил ёзига қадар мўлжалланган, унда келишувни яна бир йилга узайтириш бўйича банд бор. Обамеянг «Марсел» сафига эркин агент сифатида келиб қўшилди. Провансалликлар учун аъло даражадаги трансфер.
Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, «Марсел» Англиядан яна бир футболчини Францияга қайтармоқда. «Уотфорд» яримҳимоячиси Исмаила Сарр 20 млн еврога трансфер қилинади ва у билан беш йиллик шартнома имзоланади.
«Ювентус» Артурни яна ижарага берди
Ушбу бразилиялик яримҳимоячи ўтган мавсумни «Ливерпул»да ўтказди, аммо жамоа таркибига кира олмади. Артур Рамос амалда ҳамиша жароҳатда бўлди ва Юрген Клопп жамоасига мутлақо ёрдам бера олмади.
У энди яна ижарага берилди. 26 ёшда бўлган Артур «Фиорентина»га қўшилди, бу жамоа «Юве»га бир йиллик ижара учун 2+2 млн евро ўтказиб беради. Келишувда мавсум якунида 20 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисида банд ҳам мавжуд. Турин клуби футболчининг бир йиллик маошининг ярмини тўлаб бериши керак — бу эса 5,5 млн евро дегани.
Умтити «Лилл»га ўтди
Бир неча йил муқаддам Самуэл Европанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири саналарди. Энди ушбу француз 29 ёшга чиқди, Transfermarkt унинг трансфер қийматини 4 млн еврога баҳолаган, «Барселона» билан шартномаси эса бекор қилинди. Футболчи эркин агентга айланди ва «Лилл»га ўтди. Шартнома 2025 йилга қадар мўлжалланган.
«Милан» «РБ Лейпциг» ҳужумчисини сотиб олди
Италян клуби таркибини Ноа Окафор билан кучайтириб олди. Швейцария миллий жамоасининг 23 ёшли форварди трансфери «Милан»га 14 млн еврога тушди. Футболчи билан беш йиллик шартнома имзоланган, унга кўра йилига бонуслардан ташқари 2 млн евро миқдорида маош тўланади. Окафор янги жамоасида 17-рақамли футболкада тўп суради.
Окафор залцбургликлар сафида 110 ўйин ўтказиб, 34 та гол муаллифига айланган.
Жанлука Ди Марцио миланликлар «Вилярреал»дан Самуэл Чуквезени ҳам сотиб олишини хабар қилди. Келишув ҳақида тез орада эълон қилиши, «россонерилар» бу трансфер учун 25 млн евро тўлаши айтилмоқда. Чуквезе «Милан» билан шахсий шартнома бўйича келишиб олган, унга кўра йилига 4 млн евро маош олади ва «Сан-Сиро»да беш йил ўйнайди.
Арно Данжума АПЛда қолди
«Вилярреал» форварди Арно Данжума фаолиятини АПЛда давом эттиради. «Эвертон» клуби асли нигериялик ҳужумчини бир мавсумга ижарага олди. Арно 10-рақам остида тўп суради.
Нидерландия миллий жамоаси аъзоси ўтган мавсум «Тоттенҳэм»га ижарага берилган ва у АПЛда 9 ўйинда атиги битта гол урди.
Мусса Диаби «Астон Вилла»да
«Астон Вилла» «Байер» вингерини ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди. Трансфер учун бирмингҳемликлар Леверкузен клубига 50+10 миллион евро тўлайди. Франциялик футболчи билан 5 йиллик шартнома имзоланди.
24 ёшли футболчи ўтган мавсум «Байер» сафида Бундеслигада 33 ўйинда майдонга тушиб, 9 гол ва 8 ассист қайд этган.
Алекс Теллес ҳам Саудияда
«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Алекс Теллес фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиради. «Ан-Наср» клуби 30 ёшли бразилиялик ҳимоячи билан 2025 йилгача шартнома имзоланганини эълон қилди. Араб клуби «МЮ»га трансфер учун 10 миллион еврога яқин маблағ тўлайди. Футболчининг Ар-Риёд клубидаги йиллик маоши 7 млн еврони ташкил этади.
Теллес ўтган мавсум «Севилья» сафида ижарада тўп суриб, Европа лигаси ғолибига айланганди.
Месси ва дўстлари
Лионел Месси «Интер Майами»да ўзини уйидагидек ҳис қила бошлади. Шу кунларда аргентиналик футболчи Мексиканинг «Крус Асул» клуби дарвозасига жаримадан ғалаба голини урди ва майдонда эски дўсти Серхио Бускетс билан аввалгидек бир-бирини яхши тушуниб ўйнашини намойиш этди. Яқин вақтлар ичида Америка жамоасида унинг Каталониядаги дўстларидан яна бири — Жорди Алба дебют қилади. Навбатда эса — Луис Суарес. Аввалроқ уругвайлик футболчи яна Месси билан бирга тўп суриш учун «Гремио» билан шартномасини бир томонлама бекор қилишга тайёрлиги хабар қилинганди, бу эса унга 10 миллион еврога тушади. Аммо, вазият силлиқ кечиши ҳам мумкин. Журналист Гастон Эдулнинг маълумотига кўра, Суарес билан шахсий шартнома борасида келишувга эришилган, энди эса «Интер Майами» ва «Гремио» ўртасида музокаралар бошланиши керак. Бу музокара муваффақиятли чиқиши эҳтимоли юқори.
Андрес Иниеста ҳам МЛС чемпионатига йўл олиши мумкин. Offsider хабарига кўра, 39 ёшли испаниялик «Интер Майами» билан шартнома борасида келишиб олган. Ушбу футболчи 2018 йилдан буён Япониянинг «Виссел Кобе» клубида ўйнаб келаётганди. 2023 йил ёзида шартнома муддати якунланди. Энди Иниеста эркин агент мақомида. Шундай экан, хотиржамлик билан эски дўстлари олдига бориши мумкин. Бу афсонавий «Барса»нинг АҚШда тикланиши бўлади.
Ҳойлунд ўрнига Коло-Муани
«МЮ» «Аталанта»дан Расмус Ҳойлундни трансфер қилишда муаммога учради. L’Equipe хабарига кўра, ушбу даниялик ёш форвардга «ПСЖ» асосий даъвогарга айланган. Парижликлар клуби спорт директори Луиш Кампуш бир неча ҳафтадан буён ушбу 20 ёшли футболчининг атрофидагилар билан музокаралар олиб бормоқда.
Расмус ўтган мавсумда «Аталанта» сафида 34 ўйинда қатнашди ва 10 гол уриб, икки голга узатма берди. Transfermarkt портали унинг трансферини 45 млн еврога баҳолаган.
«Қизил иблислар» эса энди муқобил вариантларни ўрганмоқда ва Рандал Коло-Муани трансферини ўйлаб кўрмоқда. Бунгача франциялик ҳужумчи учун қўйилган нарх «Бавария»ни ортга қайтарганди, аммо «Айнтрахт» ён бермаяпти ва бундеслигада атиги бир мавсум ўйнаган футболчи учун «МЮ»дан 80 миллион фунт сўрамоқчи.
«Челси» Франциядаги истиқболли форвардга қизиқмоқда
«Челси» ёш иқтидорларни коллекция қилишда давом этади. The Athletic хабарига кўра, «Челси» «Монпеле» форварди Эле Ваҳи учун курашда асосий фаворит ҳисобланади. Айни вақтда 20 ёшли француз учун бир неча клуб даъвогарлик қилмоқда, аммо айнан «аристократлар» ёш ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишга яқин. Романо ҳам томонлар фаол музокара олиб бораётгани ва келишувга яқин қолганини тасдиқлаган.
Ваи 2022/2023 йиллар мавсумида «Монпеле» сафида 33 ўйинда майдонга тушиб, 19 гол урган ва беш голга узатма берган. Футболчининг клуб билан шартномаси 2025 ёзига қадар тузилган. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 35 млн евро этиб белгилаган.
The Athletic нашри лондонликлар «Аякс»нинг ёш яримҳимоячиси Муҳаммад Қуддус билан қизиқаётганини хабар қилди. Лондонликлар ганалик 22 ёшли футболчи билан шахсий шартнома бандларини келишиб олган ва «Арсенал» ҳамда «Брайтон» билан рақобатга киришишга тайёр.
Мавзуга оид
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
13:55 / 23.10.2024
«Реал»да яна камбэк, «ПСЖ» оғир вазиятда. Кун ўйинлари
14:26 / 17.10.2024
Мбаппе жинсий зўравонликда гумонланмоқда
23:12 / 30.09.2024