Тошкент аэропортида ягона такси хизматининг бўлиши ноқонуний деб топилди
Рақобат қўмитаси аэропортдан барча такси хизматларининг терминал яқинига боришига имкон бериш ва автотураргоҳлардаги нархларни қайта кўриб чиқишни талаб қилган. Uzbekistan Airports бу талабни рад этган, лекин иккита суд қўмита талабларини ўз кучида қолдирган.
Рақобат қўмитаси Тошкент халқаро аэропорти яқинидаги автотураргоҳлар учун тўловнинг оширилгани, учиб келиш терминали ёнидаги махсус йўлга эса танлаб олинган битта компаниядан бошқа такси хизматларининг киришига йўл қўйилмаётгани масаласини ўрганди.
Қўмитага кўра, бу ҳолат –“Табиий монополиялар тўғрисида” ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга зид.
Хусусан, табиий монополия субъектларига табиий монополия соҳасига киритилмаган товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги рақобатни чеклаш учун табиий монополия ҳолатидан фойдаланиш ман этилган. Қолаверса, муайян ҳолатларда юридик ва жисмоний шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириши тақиқланган.
Маълум қилинишича, рақобат органи 2022 йил 23 декабрда “Uzbekistan Airports” АЖ қонунчилик талабларини бузган деб топган ва компанияга мажбурий кўрсатмалар берган. Аэропортдан қуйидагилар талаб қилинган:
- тегишли талабларга мос келувчи ва белгиланган тартибда лицензияга эга такси хизматини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар автомобилларининг киритилишига тенг шарт-шароит яратиб бериш;
- йўловчилар ва багаж ташувчи такси хизматини ташкил этиш учун “техник топшириқ”дан, унга тегишли жойни ижарага бериш шартномасидан йўловчиларни ташиш учун қатъий белгиланган тарифлар қўлланиши ҳамда тарифлардаги ҳар қандай ўзгаришлар “Uzbekistan Airports” АЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши бандларини чиқариб ташлаш;
- истеъмолчилар учиб келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг 1-қаторида такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳам борлиги тўғрисида хабардор қилинишини таъминлаш;
- аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорини қайта кўриб чиқиш.
“Uzbekistan Airports” АЖ қўмитанинг қарор ва кўрсатмасидан норози бўлиб, Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Суднинг 2023 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарори билан, “Uzbekistan Airports” АЖ шикояти рад этилиб, қўмитанинг қарор ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилган.
Шунингдек, мазкур иш “Uzbekistan Airports” АЖнинг апелляция шикояти асосида Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан ҳам кўриб чиқилиб, 2023 йил 12 июнда апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган.
“Рақобат қўмитаси барча инстанцияси судларида соҳада рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан курашишга доимо тайёр”, – дейилади қўмита баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бу борада “Инсофсиз таксичилар билан курашаётган аэропортнинг ўзи инсофлими?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилган, унда Тошкент аэропорти томонидан танлов асосида танлаб олинган такси компанияси таклиф этаётган нархлар бозордаги бошқа таклифлардан каррасига қимматлигига эътибор қаратган эди.
Мавзуга оид
08:10 / 11.12.2024
Айрим таксичилар йўлкирани асоссиз равишда оширгани аниқланди
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
12:02 / 02.11.2024